АЙЮБ, ЮНУС, ИЛЁС, АЛ-ЯСАЪ ВА ЗУЛКИФЛ АЛАЙҲИМУССАЛОМ ҚИССАСИ
Қуръони каримда Нуҳ, Иброҳим ва Мусо алайҳимуссалом қиссалари мукаммал тарзда баён этилган. Илёс, Идрис, Ал-Ясаъ алайҳиссаломлар ҳақида эса қисқа маълумотлар келтирилган. Бунинг сабаби ва ҳикмати Аллоҳ таологагина аён. У Зот бизга манфаатли бўлган қиссаларни баён қилган. Бизнинг вазифамиз эса уларни ўқиб, ибрат олишдир.
Аллоҳ таоло хабар беришича, У Зот одамларни тўғри йўлга бошлаш учун жуда кўп пайғамбарларни ер юзига юборган. Улар ичидан баъзиларининг хабарини бизга маълум қилган. Баъзи пайғамбарлар ҳақида эса хабар бермаган.
Аввал Айюб алайҳиссалом қиссаси кўриб чиқамиз. Сод сурасида мазкур пайғамбар ҳаётининг бир жиҳати ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ таоло айтади:
“(Эй Муҳаммад,) бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади”, деган пайтини эсланг! (Шунда унга айтилди:) “Оёғинг билан (остингдаги ерни) тепгин!” Мана шу чўмиладиган жой ва муздек сувдир. Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик. (Яна Биз Айюбга айтдик:) “Қўлингга бир боғ (навдани) олиб, у билан (хотинингни) ур – қасамингни бузма”. Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир” (Сод сураси, 41-44-оятлар).
Айюб алайҳиссалом, бу Ибн Амвас ибн Барзоҳдир. Унинг насл-насаби Исҳоқ ибн Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади. Рожиҳ (энг афзал, энг тўғри) қавлга кўра, Айюб алайҳиссалом Мусо ва Юсуф алайҳимуссалом орасида пайғамбар қилиб юборилган.
Айюбнинг молу дунёси жуда кўп, ўзи эса серфарзанд киши бўлган. Аллоҳ таоло уни моли, фарзандлари ва танасида имтиҳон қилди. Айюб бу синовларга жуда чиройли сабр қилди. Аллоҳ унинг сабри эвазига Айюбни мукофотлади. Унинг дуосини қабул қилди ва аввалгидек молу давлат ва фарзандлар ато этди.
“(Эй Муҳаммад,) бандамиз Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “Дарҳақиқат, мени шайтон бало ва азоб билан ушлади”, деган пайтини эсланг!”
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, биродарингиз Айюб алайҳиссалом Парвардигори таолога дуо қилиб:
– Ё Раббим! Сенга маълумки, шайтон мени қаттиқ ғам-қайғу ва тинимсиз оғриқлар билан ушлади. Бунинг оқибатида танам касалликка чалинди, дармонсизланди! – деб тазарру қилган вақтини эсланг.
Айюб алайҳиссалом бу ерда бало ва азобни шайтонга нисбат бермоқда. Бу билан ёмонликларни Парвардигорига хосламасдан, барча яхшиликлар Аллоҳ таолодан эканига ишора қилмоқда.
Мана шу дуода жуда юксак одоб намунаси бор. Зеро, Айюб алайҳиссалом ҳолини биргина сўз билан баён қилмоқда. Бошқа нарсаларни айтиб шикоят қилмаяпти. Шу билан бирга Аллоҳ таолодан муайян бир нарсани талаб қилаётгани ҳам йўқ. Фақатгина ўзининг ҳолатини маълум қилмоқда, холос. Айюб алайҳиссалом шундай йўл тутмоқдаки, уни эшитганда Айюбга раҳм қилинади. Мана шу маънода бошқа оятда шундай дейилган: “Айюбнинг Парвардигорига нидо қилиб: “(Парвардигорим,) мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғисан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг!)” (Анбиё сураси, 83-оят).
Баъзи муфассирлар зикр қилишича, Айюб алайҳиссалом узоқ вақт касал бўлиб ётади. Бутун танасини қуртлар илма-тешик қилиб ташлайди. Танасида биронта ҳам соғ жой қолмайди.
Лекин бу маълумотлар ҳақиқатдан йироқдир. Ҳаммаси беҳуда гаплар. Чунки Аллоҳ таоло пайғамбарларни одамлар жирканадиган касалликлардан пок қилган. Бу танадаги ё руҳий касалликлар бўлишининг фарқи йўқ. Анбиёлар бундай камчиликлардан саломатдирлар.
Биз шундай эътиқодда бўламиз, Аллоҳ таоло пайғамбари Айюб алайҳиссаломни баъзи касалликлар билан синаган. Аммо бу одамлар нафратланадиган дард бўлмаган. Бундай иллатлар пайғамбарлик мақомига умуман тўғри келмайди. Айюб алайҳиссалом Аллоҳнинг синовларига мардонавор сабр қилган ва сабр бобида зарбулмасал бўлган. Ирода кўрсатгани боис Аллоҳ пайғамбаридан балоларни кўтариб, унга яна аввалги мол-дунё ва фарзандларни ато этди. Сабр қилишнинг мукофоти мана шундай бўлади.
“(Шунда унга айтилди:) “Оёғинг билан (остингдаги ерни) тепгин! Мана шу чўмиладиган жой ва муздек сувдир”.
Айюб алайҳиссалом бошига мусибат тушганида, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, раҳмат ва шифо сўради. Шунда Парвардигори унинг дуосини қабул қилди ва шифо бўладиган нарсага йўлланди:
– Оёғинг билан ерни тепгин! – дедик.
Айюб шундай қилган эди, оёғлари остидан чашма отилиб чиқди. Шунда Аллоҳ таоло унга:
– Мана шу булоқ сувида чўмилсанг ва сувидан ичсанг, дарддан фориғ бўласан, – деди.
Айюб Парвардигори амрини бажо қилганида барча иллатлардан саломат бўлди.
Аллоҳ таоло пайғамбарига кўрсатган марҳамати фақат унинг дардига даво бериш эмас, балки Аллоҳ унга аҳли оиласини ҳам ато этди:
“Ва Биз Ўз томонимиздан меҳрибонлик кўрсатиб ҳамда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бўлсин деб, (Айюбга) аҳли оиласини ва улар билан қўшиб, яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ҳадя этдик”.
Айюб оёғи остидан отилиб чиққан булоқ сувида чўмилгач соғайиб кетди. Кейин Аллоҳ унга аввалгидек фарзандлар ато этди. Балки уларнинг сони олдингисидан ҳам кўпайиб кетди.
Бу Аллоҳнинг марҳаматидир. Бунда ақл эгалари учун ибрат бор. Улар мусибат чоғида Айюбга каби сабр қилсалар, Аллоҳга дуою илтижолар қилсалар, У Зотнинг раҳматига, улуғ мукофотларга ноил бўладилар.
Жумҳур уламоларга кўра, Аллоҳ таоло Айюб оиласидан вафот этганларни тирилтириб, касалларига шифо берган. Тарқалиб кетган бошқа фарзандларини жам қилган. Бу мукофотлар Айюб алайҳиссаломга мана шу дунёда берилган [1].
(Яна Биз Айюбга айтдик:) “Қўлингга бир боғ (навдани) олиб, у билан (хотинингни) ур – қасамингни бузма”.
Бу ҳақда кўп ривоятлар зикр қилинган. Улардан бирида айтилишича, Айюб алайҳиссалом хотинини юмуш билан бир жойга юборган. Хотини вақтида келмаган, анча кеч қолган. Шунда Айюб алайҳиссалом дарддан соғайиб кетса, хотинини юз дарра уришга қасам ичган. Айюб алайҳиссалом касалликдан фориғ бўлгач, Аллоҳ таоло унга юзта навдадан иборат бир қамчи олиб, хотинини бир марта енгил уришга рухсат берган. Шу билан Айюб ичган қасамига вафо қилган, касаллик чоғида қошида парвонадек хизмат қилган хотинига ҳам шафқат қилинган.
Уламолар бу рухсат ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилар: “Агар бир киши фалончини юз марта ураман, деб қасам ичса, оятда айтилганидек йўл тутса бўлади. Сабаби бизлардан олдингилар шариати бизлар учун ҳам шариатдир”, дейишган. Қолганлар: “Бу рухсат фақат Айюб алайҳиссаломга тегишли. Бошқаларга унинг дахли йўқ. Сабаби бу ерда фақат Айюбга хитоб қилинмоқда. Аллоҳ бу оятда қандай қасам ичишни, кимни калтаклашни баён қилмаган”, деб айтишган[2].
Шундан сўнг Айюб алайҳиссалом сабр қилгани учун унга йўл очилгани, Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажаргани туфайли нажот берилгани айтилади:
“Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир. Ҳақиқатан, у (Аллоҳ рози бўладиган йўлга) қайтувчидир”.
Яъни, Биз Айюб алайҳиссалом бошига тушган балоларни сабрли эканини кўрдик. У қандай ҳам яхши банда! Айюб ҳар қандай ҳолатда Бизга дуо-илтижо қилувчидир!
Анбиё сурасида Айюб алайҳиссалом ҳақида бошқа маълумотлар келтирилган. Аллоҳ таоло айтади:
“Айюбнинг[3] Парвардигорига нидо қилиб: “(Парвардигорим,) мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғисан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб ва барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича (бола-чақа) ато этдик” (Анбиё сураси, 83-84-оятлар).
Аллома Ибн Касир бундай дейди: “Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссалом бошига тушган мусибатлар, унинг моли, фарзандлари ва танасига етган шикастларни зикр қилмоқда. Айюб алайҳиссаломнинг жуда кўп чорвалари, мол-ҳоллари, деҳқончилик қиладиган ерлари бор эди. Фарзандлари ҳам кўп эди. Аллоҳ уни буларнинг барчасида синади. Биронта ҳам молу мулки қолмади. Кейин Айюбнинг танасига ҳам мусибат юборди. Унинг хотинидан бошқа меҳрибон инсони қолмади. Аллоҳнинг пайғамбари Айюб сабр бобиди ибратдир. Унинг бардоши зарбулмасал бўлган[4]”.
Алусийнинг айтишича, Айюб, бу Ибн Амвас ибн Барзоҳ ибн Ийс ибн Исҳоқ алайҳиссаломдир. Ибн Асокир ҳикоя қилишича, унинг онаси Лутнинг қизи бўлган. Отаси эса Иброҳим алайҳиссаломга имон келтирганлардан эди. Шундан маълум бўладики, Айюб Мусо ва Ҳорун алайҳимуссаломдан олдин пайғамбар қилиб юборилган[5].
Юқоридаги оятларда айтилишича, Айюб алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб, танасига етган озорлардан шикоят қилган ва Аллоҳнинг раҳматидан умид қилган.
Кўриниб турибдики, Айюб алайҳиссалом “(Парвардигорим,) мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғисан”, дейишдан нарига ўтмаган ва Аллоҳни энг улуғ сифатлар билан васф қилган. Бу унинг одоби ва ихлосидан дарак беради.
Аллоҳ таоло пайғамбари Айюбнинг ихлос билан қилинган дуосини ижобат этди ва унинг танасидаги балоларни даф қилди. Айюб аввалгидек соғ-саломат ҳолига қайтди.
Устига-устак Аллоҳ унга аввалгидек молу давлат ва фарзандлар ҳам ато қилди. Айюб сабр қилгани учун Аллоҳ уни мукофотлади.
Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан нақл қилишича, Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга хотинини қайтариб берди, хотини янада ёшариб кетди. Ҳатто унга йигирма олти нафар ўғли фарзанд туғиб берди.
Қатодадан ривоят қилинишича, Аллоҳ Айюбнинг мусибат чоғида ҳалок бўлган болаларини тирилтириб, дунёда уларнинг сонича яна фарзанд ато этган[6].
“Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб ва барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб...”
Яъни, Биз Айюбнинг дуосини қабул қилдик, унга кўп яхшиликлар ато этдик. Бу Бизнинг раҳматимиздир. Бунда ибодат қилувчи мўминлар учун ибратлар бордир. Улар ҳам мусибатларга Айюб сингари бардошли бўлсинлар, яхши ва ёмон кунларда Бизга шукр қилсинлар!
Аллоҳ таоло ибодат қилувчиларни хослаб зикр қилишига сабаб, одамлар ичида ибодатли мўминлар бошқалардан кўра синовларга кўпроқ учрайдилар. Ҳадиси шарифда айтилганидек: “Энг қаттиқ балога учрайдиганлар пайғамбарлар, кейин солиҳлар, ундан кейин шунга ўхшаш, шунга ўхшаш (кишилардир)”.
Юнус алайҳиссалом қиссаси турли оятларда келтирилган. Жумладан, Соффот сурасида шундай дейилади:
“Юнус ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардан эди. Эсланг, у тўла бўлган кемага қараб қочган эди. Бас, у (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар). Бас, уни маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунгача қолиб кетган бўлар эди. Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик. Ва унинг устида қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик. Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик. Бас, улар (Юнусга) имон келтирдилар. Сўнг Биз уларни бир муддатгача баҳраманд этдик” (Соффот сураси, 139-148-оятлар).
Юнус ибн Матто алайҳиссалом ҳақида “Саҳиҳайн”да шундай ҳадис келган: “Бирон банда: “Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман”, дейиши тўғри эмас”.
Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни тахминан милоддан аввалги 8 асрда Ироқдаги Найнаво аҳлига пайғамбар қилиб юборган. Юнус қавмини Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга чақирган. Аммо улар пайғамбар гапига қулоқ солишмаган, унга осий бўлишган. Бундан Юнус алайҳиссалом жуда сиқилган ва қавмининг бошига уч кун ичида азоб ёғилишини хабар қилган. Учинчи кун келганда Юнус алайҳиссалом қишлоғидан бош олиб чиқиб кетган. Аллоҳ ҳали унга чиқишга рухсат бермаганди. Қавми унинг йўқолиб қолганини кўргач, тавба қилиб, имонга келишган. Шундан кейин Аллоҳ таолога илтижолар қилиб тушиши айтилган азобни даф қилишини сўрашган.
Юнус қавми бошига бирон кулфат ёғилмаганини кўриб, уларнинг олдига боришдан истиҳола қилди. Ўзига-ўзи: “Қавмимнинг олдига ёлғончи деган ном билан бораманми?!” деди. Кейин боши оққан тарафга қараб кетди. Бас, бир кемага минди. Бироқ кема ўрнидан қимирламай тураверди. Шунда кема эгаси: “Ораларингизда бир шумқадам одам бор. Шунинг учун жойимиздан қўзғалолмаяпмиз!” деди. Бас, улар қуръа ташлашиб, қуръа кимга тушса, уни денгизга улоқтирмоқчи бўлишди. Қуръа Юнусга тушди. Қайтадан ташлашди. Яна Юнусга тушди. Буни кўриб турган Юнус ўзини денгизга отди. Кейин уни катта бир балиқ ютиб юборди[7].
Юқори келтирилган оятлар маъноси қуйидагича: албатта Юнус алайҳиссалом Бизнинг пайғамбарларимиздан эди. Биз уни рисолатимизни одамларга етказиш учун танлаб олганмиз.
Юнус алайҳиссалом Парвардигори изнисиз қавмидан қочиб кетди ва одамлар билан лиқ тўла бир кемага чиқди. Кемадагилар қуръа ташладилар. Қуръа айнан Юнусга тушди. Буни кўрган Юнус ўзини сувга отди. Наҳанг балиқ Юнусни ютиб юборди. Балиқ ютаётган пайтда Юнус маломатга лойиқ эди. Чунки у Аллоҳнинг рухсатисиз қавмини ташлаб кетганди.
“Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунгача қолиб кетган бўлар эди”.
Агар Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб тасбеҳ айтмаганида, Аллоҳ таолони мудом зикр қилмаганида, қиёмат кунигача ўша ерга қолиб кетарди.
Мана шу оят ғам-ташвиш кўпайган вақтда Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш муаммолар ечимига, қийинчиликлар аришига сабаб эканига далолат қилади. Бу, албатта, Аллоҳнинг изни ва раҳмати билан бўлади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Фаровонлик пайтида Аллоҳни эсла, шунда қийинчилик вақтида Аллоҳ сени эслайди”.
Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ: “Аллоҳ азза ва жалла Юнус тасбеҳ айтувчилардан бўлган, унинг тасбеҳи нажот топишига сабаб бўлганини хабар қилмоқда. Шу сабаб айтиладики, солиҳ амал соҳиби қоқилганида уни юксалтиради.
Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Сизлардан ким солиҳ амални заҳира қилиб қўйишга имкони бўлса, шундай қилсин!” дейилган. Бас, банда жудду жаҳд қилиб эзгу ишларни амалга ошириши керак. Парвардигорига ихлос билан ибодат қилсин. Муҳтож кунлари учун солиҳ амални заҳира қилиб қўйсин. Қилган амалини одамлардан яширсин, риё қилмасин. Куни келиб банда муҳтож ҳолга тушганида ана ўша қилган яхши амаллари унга асқотади[8]”.
“Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик”.
Юнус алайҳиссаломни балиқ ютиб юборганидан кейин Аллоҳ таолога кўп тасбеҳлар айтди, У Зотга дуою илтижолар қилди. Унинг дуоси бесамар кетмади: Аллоҳ таоло балиққа уни қуруқликка чиқариб ташлашни амр қилди. Юнус ўша вақтда бетоб ва жуда хорғин эди.
“Ва унинг устида қовоқ дарахтини ўстириб қўйдик”.
Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломга соя солиши ва уни иссиқдан сақлаши учун бир қовоқ дарахтини ўстирди.
“Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик. Бас, улар (Юнусга) имон келтирдилар. Сўнг Биз уларни бир муддатгача баҳраманд этдик”.
Яъни, Биз Юнусни балиқ қорнидан чиқарганимиздан кейин уни Ўз ҳимоямизга олдик ва Юнусни юз минг ёки ундан ҳам кўпроқ одамга пайғамбар қилдик. Уларнинг барчаси унга имон келтирдилар. Биз маълум муддатгача ҳаётда ҳузурланишларига имкон бердик.
Ибн Касирга кўра, Юнусга имон келтирганлар аввалги уммати бўлиши мумкин. Бағавийнинг нақл қилишича, балиқ қорнидан чиқарилган Юнус алайҳиссалом бошқа умматга пайғамбар қилиб юборилган. Улар юз минг нафар ё ундан ҳам кўпроқ эди[9].
Демак, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир. Агар банда ҳақиқий тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул этади. Тасбеҳ айтиш, Аллоҳни зикр қилиш ғам-ташвиш ва бошга тушган қийинчиликнинг аришига сабаб бўлади.
Анбиё сурасида Юнус алайҳиссалом ҳаётининг бошқа жиҳатлари ҳақида сўз юритилган. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Зуннун (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматларда туриб: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ўзинг борсан. Эй Пок Парвардигор! Албатта мен (ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз” (Анбиё сураси, 87-88-оятлар).
“Зуннун”дан мурод Юнус ибн Матто алайҳиссаломдир. “Нун” наҳанг – катта балиқ маъносини билдиради. Юнус балиқ томонидан ютиб юборилгани учун “Зуннун”, яъни, “балиқ эгаси”, дейилади.
Яъни, эй банда, ўзингга панд-насиҳат олишинг учун Юнус алайҳиссалом қавмидан ғазабланган ҳолида уларни ташлаб чиқиб кетган вақтини эсла! Сабаби, қавми унинг даъватига ижобат қилмаганди.
“Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини...”
Бу ерда Юнус қавмидан дарғазаб ҳолида чиқиб кетаётганида нима ҳақида ўйлагани айтилмоқда.
Яъни, қавми ижобат қилмаганидан қаттиқ ғазабланган Юнус уларни тарк этди ва бу иши учун “Аллоҳ мени жазоламайди”, деб ўйлади.
“Сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматларда туриб: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ўзинг борсан. Эй Пок Парвардигор! Албатта мен (ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилди!”
Бу ердаги “зулматлар”дан мурод денгиз зулмати, балиқ қорни ва тун қоронғисидир.
Юнус алайҳиссалом Аллоҳнинг рухсатисиз қавмини ташлаб чиқиб кетганидан кейин уни балиқ ютиб юборди ва қоронғиликда туриб:
– Ё Аллоҳ! Сендан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Сен Ёлғизсан! Менинг Парвардигоримсан! Ибодат қилишга фақат Сен муносибан. Сенга тасбеҳлар айтаман, нуқсонлардан поклигингни тасдиқлайман. Рухсатингсиз қавмимни ташлаб чиқиб ўзимга зулм қилдим. Хатойимни тан оламан. Ё Парвардигор! Тавбамни қабул эт! Гуноҳимни кечир! – деб Аллоҳга тавба-тазарру қилди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У билан дуо қилинса, ижобат этиладиган, у билан сўралса, бериладиган Аллоҳниг исми (аъзами) Юнус ибн Маттонинг дуосидир”, деб айтганларини эшитдим ва: “Эй Расулуллоҳ, бу фақат Юнусга хосми ёки мусулмонлар жамоасига ҳам тегишлими?” деб сўрадим. Расули акрам: “У Юнусга ва (ўша калималар) билан дуо қилсалар, (қолган) мўминларга ҳам хосдир. Сен Аллоҳнинг “Худди шунингдек мўминларга ҳам нажот берамиз”, деганини эшитмаганмисан?” Бу Аллоҳга дуо қилганлар учун У Зот (тарафи)дан шартдир”, дедилар[10]”.
Яна Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Қайси бир мусулмон киши Зуннун[11] наҳанг қорнида туриб, “Лаа иллааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн”, деб қилган дуоси билан илтижо қилса, Аллоҳ унга ижобат этади”, дедилар[12]”.
Ривоят қилинишича, Расули акрам шундай марҳамат қилганлар: “Мен сизларни Аллоҳнинг исми аъзамига далолат қилайми? Бу Юнуснинг “Лаа иллааҳа иллаа анта субҳаанака инний кунту миназ золимийн”, деб қилган дуосидир. Қайси бир мусулмон (банда) ўша (дуо) билан касаллиги вақтида қирқ кун Парвардигорига дуо қилса, унга шаҳидлик ажри берилади. Агар тузалиб кетса, гуноҳлари мағфират қилинган ҳолида соғаяди[13]”.
Шундан кейин Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссалом дуосини ижобат қилгани айтилада:
“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик”.
Аллоҳ Юнуснинг илтижоларини қабул қилиб, уни ғам-ғуссадан қутқарди.
Бошқа оятда айтилишича, агар Юнус алайҳиссалом кўп тасбеҳ айтмаганида, балиқ қорнида қиёмат кунигача қолиб кетган бўларди.
“Биз мўминларга мана шундай нажот берамиз”.
Хулуси ниятда, чин дилдан тавба қилиш ва хушу билан дуо қилишда Юнус алайҳиссаломга эргашадиган мўмин бандалар учун башорат берилмоқда бу оятда.
Юнус сурасида айтилишича, Юнус алайҳиссалом қавмининг тавбаси Аллоҳ томонидан қабул қилинган:
“Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) имон келтирсалар эди, албатта имонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эдилар. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Имон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни, ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик” (Юнус сураси, 98-оят).
Имом Қуртубий айтишича, Юнус алайҳиссалом қавми Ироқнинг Найнаво деган жойида яшарди. Улар бут-санамларга сиғинарди. Бас, Аллоҳ уларга Юнус алайҳиссаломни юбориб, Ўзигагина ихлос билан ибодат қилишга чақирди. Аммо улар пайғамбар сўзини инобатга олишмади, ўз ишларида давом этишди. Айтилишича, Юнус қавмини тўққиз йил даъват қилган. Кейин уларнинг имон келтиришидан умидини узган. Шунда унга: “Қавмингга хабар қил, яқин уч кун ичида бошларига азоб тушади”, дейилди. Юнус уларни азоб ҳақида огоҳлантирди. Қавми: “Юнус алдоқчи эмас. Уни кузатинглар!” дейишди. Агар у ораларингизда яшаб турса, ҳечқиси йўқ. Агар бу ердан бош олиб кетса, демак, азоб тушишига шубҳа йўқ”, дейишди.
Кеч кирганида Юнус сафар учун керакли нарсаларни ҳозирлаб, қишлоғидан чиқиб кетди. Тонг отганда қавм Юнусни топа олмадилар. Шундан кейин унинг пайғамбар эканига имон келтириб, қилмишларига пушаймон бўлишди ва тавбага юзланишди. Улар Аллоҳга дуо-илтижолар қилишди. Жундан тикилган либос кийиб, одамлардан аёллар ва болалар ҳамда ҳайвонлар орасини ажратиб, зулмни қайтардилар.
Зажжожга кўра, Юнус алайҳиссалом қавми азобни эмас, унинг аломатини кўрган. Агар азобни кўрганида, имон келтирганлари фойда бермасди[14].
“Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) имон келтирсалар эди, албатта имонлари фойда қилган (яъни, ҳалок бўлмаган) бўлар эдилар”.
Яъни, манави ёлғончилар пайғамбарлари олиб келган нарсани тасдиқлаб, ҳақиқатни қабул қилганларида, Аллоҳга имон келтирганларида, аламли азобдан қутулиб қолган бўлардилар. Худди Юнус алайҳиссалом қавми каби нажот топган бўлардилар. Юнус қавми пайғамбар уларни огоҳлантиргач, азоб келишининг аломатларини кўриб, тавба қилди ва имон келтирди. Шунда Аллоҳ улар бошига тушай деб турган азобни даф қилди ва ажаллари етгунича фурсат берди.
Бу оятда айтилишича, Юнус алайҳиссалом қавмидан бошқа барча қавмлар пайғамбарларини ёлғончига чиқаришган ва оқибатда бошларига турфа балолар ёғилган.
Саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: “Менга пайғамбарлар кўрсатилди. Бир пайғамбар жуда кам сонли одамлар билан ўтиб борарди. Яна бир пайғамбар бир киши билан, яна бири икки киши билан, бошқа пайғамбар эса ёлғиз ўзи ўтиб борарди[15]”.
Бу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли берилмоқда. Чунки у зотнинг қавми ҳам Ҳақ таоло таълимотидан юз ўгиргандан ғам-ғуссага ботиб қолардилар. Бу билан Макка аҳли имонга чақирилиб, куфр ва нонкўрлик оқибати кўрсатилмоқда. Уларни худди Юнус алайҳиссалом қавмига ўхшашга даъват этилмоқда.
Илёс алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримнинг Соффот сурасида келган. Аллоҳ таоло айтади:
“Илёс ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигорини – энг гўзал-афзал Яратувчи Аллоҳни тарк қиласизларми?!” Бас, (қавми Илёсни) ёлғончи қилди. Энди, албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилинувчидирлар. Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар). Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Илёсга салом бўлгай! Албатта Биз чиройли амал қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Дарҳақиқат, у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир” (Соффот сураси, 123-132-оятлар).
Илёс, бу Ибн Фанҳос ибн Ийзор ибн Ҳорун алайҳиссаломдир. Илёснинг ҳам насл-насаби Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади.
Илёс алайҳиссалом исми исроилликлар китобида “Иля” шаклида келган. Аллоҳ таоло бу пайғамбарни “Баъл” номли бутга сиғинадиган қавмга юборган эди.
Айтилишича, Илёс алайҳиссалом пайғамбарлиги милоддан аввалги 10 асрларда ўтган Бани Исроил подшоҳларидан бир Охобнинг даврига тўғри келади.
“Илёс ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир. Эсланг, у ўз қавмига деган эди: “(Аллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Сизлар Баъл (номли олтиндан ясалган бут)га сиғиниб, сизларнинг ҳам, аввалги ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигорини – энг гўзал-афзал Яратувчи Аллоҳни тарк қиласизларми?!”
Яъни, Илёс ҳам Биз одамларни куфр зулматидан имон нурига чиқариш учун юборган пайғамбарлардан бири эди. Бас, у қавмига насиҳат қилиб:
– Аллоҳдан қўрқмайсизларми?! У Зотнинг азоби ва ғазабидан хавфда эмасмизмизлар?! – деди.
Кейин уларни ширкдан қайтариб:
– Эй, сизлар! Зарар ҳам, фойда ҳам келтиролмайдиган мана шу жонсиз “Баъл” номли бутга топинасизларми?! Буни ўз қўлларингиз билан ясаб олган бўлсангиз. Илоҳликка энг муносиб Зот – Аллоҳга ибодат қилишни мана шу бут сабабидан тарк қиласизми?! Ваҳоланки, сизларни яратиб, ризқу рўз берадиган Зот Аллоҳ-ку! Аллоҳ нафақат сизларнинг, балки аввал ўтган ота-боболарингизнинг ҳам Парвардигоридир! – деди.
“Баъл” улар сиғинадиган бутнинг номидир. Айтилишича, мана шу бут номидан Шомдаги Баълабакка шаҳри номи келиб чиққан. Илёс алайҳиссалом қавми ўша шаҳарда яшарди. Бошқа қавлга кўра, “баъл” яманликлар тилида “Парвардигор” маъносини англатади.
“Бас, (қавми Илёсни) ёлғончи қилди. Энди, албатта улар (дўзах азобига) ҳозир қилинувчидирлар”.
Илёс алайҳиссалом жон куйдириб қавмини Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, бут-санамларга топинишдан воз кечишга чақирди. Аммо қавм ўз йўлини маъқул билди. Илёсни ёлғончига чиқариб, унинг даъватидан юз ўгирди. Уларнинг мана шу қилмиши сабабли вақти келиб улар жаҳаннам оловига улоқтириладилар.
“Магар Аллоҳнинг покиза бандаларигина (азобга дучор бўлмаслар)”.
Аллоҳнинг холис мўмин бандалари жаҳаннамдан узоқлаштирилади. Улар қиёмат куни жаннатга киритилиб, у еда иззат-ҳурмат топадилар.
“Биз кейинги (авлод)лар орасида (Илёс) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Илёсга салом бўлгай!”
Яъни, Биз Илёс алайҳиссалом учун кейинги умматлар орасида омонлик ва салом қолдирдик.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом, бу Ибн Шофотдир. Айтилишича, Илёс уни ўзидан кейин Бани Исроил қавмига ўринбосар қилиб қолдирган. Кейин Аллоҳ унга пайғамбарлик берган. Унинг вафоти тахминан милоддан аввалги 840 йилга тўғри келади. Ал-Ясаъ алайҳиссалом Сомирада дафн этилган.
“Ал-Ясаъ” исми Қуръони каримда икки марта келган. Аллоҳ таоло айтади: “Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам Биз ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ пайғамбарлардир. Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни (ҳам Биз ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик” (Анъом сураси, 85-86-оятлар).
Аллоҳ таоло Сод сурасида шундай деган: “Яна Исмоил, ал-Ясаъ ва Зул-кифлни эсланг! Барчалари яхши кишилардандир” (Сод сураси, 48-оят).
Зулкифл ҳақида эса, “У Айюб алайҳиссаломнинг ўғлидир. Аллоҳ уни отасидан кейин пайғамбар қилган. У Шомда истиқомат қиларди”, дейилган. Жумҳур уламоларга кўра, Зулкифл пайғамбардир. Аллоҳ уни пайғамбарлар қаторида зикр қилган.
Зулкифлнинг исми ҳам Қуръони каримда икки марта келган. Биринчиси Анбиё сурасининг 85-оятида, иккинчиси Сод сурасининг 48-оятида.
Аллоҳ таоло бизларни солиҳ бандалар қаторида қилишини сўраймиз!
[1] “Тафсирул алусий”, 2-жуз, 207-бет.
[2] “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 212-бет.
[3] Айюб алайҳиссалом асли Рум мамлакатидан бўлиб, серфарзанд ва бой-бадавлат киши эди. Сўнгра бошига оғир кунлар тушиб, мол-дунёсидан ажралди, лекин қаноат қилди; болалари бирин-кетин ҳалок бўлишиб, улардан ҳам жудо бўлди, сабр қилди; саломатлигидан ажраб, оғир хасталикларга дучор бўлди, шикоят қилмади. Айрим кимсалар: “Бу энг ёмон гуноҳларни қилганки, Худо унга шундай балоларни юборган”, деганларини эшитгандан кейингина сабр косаси тўлиб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, ўз ҳолидан шикоят қилган ва Ҳақ таолога пайғамбарининг дуоларини ижобат қилиб, саломатлигини ҳам, мол-давлатини ҳам қайтариб берган. Ҳалок бўлган етти ўғил, етти қизларини ҳам ато этиб, яна етти ўғил ва етти қиз кўрган.
Мазкур оятдаги “барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин”, деб деган сўзларнинг маъноси шуки, бошларига бирон бало тушган кишилар Айюб алайҳиссалом каби сабр-қаноат қилсалар, албатта Аллоҳ таоло уларнинг балоларини кетказиб, аввалгидан ҳам зиёда неъматлар ато этади (Шайх Алоуддин Мансур, “Қуръони каримнинг ўзбекча изоҳли таржимаси”).
[4] “Тафсиру ибни касир”, 5-жуз, 354-бет.
[5] Айтилишича, Шуайбдан кейин, бошқа ривоятда, Сулаймондан кейин пайғамбар қилиб юборилган дейилган (“Тафсирул алусий”, 17-жуз, 80-бет).
[6] “Тафсирул алусий”, 17-жуз, 81-бет.
[7] Қаранг: “Тафсирул алусий”, 23-жуз, 143-бет.
[8] “Тафсирул қуртубий”, 15-жуз, 127-бет.
[9] “Тафсиру ибни касир”, 7-жуз, 35-бет.
[10] Ибн Жарир ривоят қилган.
[11] (“Нун” сўзи “балиқ” маъносини англатади. “Зуннун” исми “балиқ эгаси” маъносидадир. Бу Юнус алайҳиссаломнинг исми. Бир гуруҳ пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) икки хил исми бор. Масалан, Исо ва Масиҳ, Иброҳим ва Халил, Муҳаммад ва Аҳмад. – таржимон)
[12] Термизий, Аҳмад, Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади саҳиҳ.
[13] Ҳоким ривоят қилган.
[14] “Тафсирул қуртубий”, 8-жуз, 387-бет.
[15] “Тафсирул қосимий”, 6-жуз, 3400-бет.