Мураббо йўналишида ёрқин дизайн ила Нурли брендига асос солинди.
Серқуёш Ўзбекистон мевалари билан дунёга машхурдир.
Бу ўлканинг нозу-неъматлари қуёшнинг тафтидан баҳра олиб, шираси тилни ёрадиган даражада маззали бўлиб етилади. Бу лаззатни йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъий назар сақлаб қолиш мақсадида тадбиркоримиз мевали мураббо ва жемларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйдилар. Янги бизнес бренди учун ном, логотип ва қадоқ дизайнини ишлаб чиқиш бўйича ишларни Minim жамоасига ишониб топширдилар.
Аввало, биз бренд учун ном изладик ва “Noorly” сўзида тўхталдик. Бу шунчаки эшитилиши жарангли бўлган тасодифий сўз эмас. У ўзбекча "нурли" сўзига асосланган бўлиб, "нурга тўла"деган маънони англатади. Шунингдек, бу ном маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар учун жуда қулай, мазмунли ва эшитилиши ёқимлидир. "Нур ила етилган" слогани орқали логотипга таъриф бериб кетдик.
Кейинги босқичда бренд учун логотип ишлаб чиқдик. Уни ноодатий шрифтда юқорига интилган ҳолда тасвирлашга қарор қилдик. Бу рамзий маънода брендни одамлар орасида кенг ёйилиб, юқорига чўққиларга эришишга интилишини ифодаламоқчи бўлдик. Шунингдек, бренд номнинг маъносидан келиб чиқиб, Noorly сўзининг орқа фонида ёришаётган қуёшни тасвирладик. Бу ҳам ўз навбатида логотипимизни ўзгача кўринишда бўлишига ёрдам берди.
Қадоқ дизайнига келганда, биз йил бўйи қуёш нурига тўлиб-тошган Ўзбекистоннинг қуёшли табиатини акс эттиришга ҳаракат қилдик. Маҳсулотнинг табиий келиб чиқишига урғу бериш мақсадида эса мураббо ва жемларга мос меваларнинг ҳамда водий ландшафтининг иллюстрация вариантларидан фойдаландик. Натижада истеъмолчиларга тушунарли бўлган, кўзни қувонтирадиган даражада ранг-баранг бўлган дизайн вужудга келди.
Ушбу дизайн Буюк Британиянинг World Brand Design ва дунё бўйлаб энг қизиқарли ва креатив ишларни йиғиб борадиган Packaging of the World ҳамжамияти томонидан мувофаққиятли деб тан олинди ва ўша куни эълон қилинган дизайнлар орасида энг кўп кўрилган ва ижобий овоз олгани бўлди.
Баҳо беринг, зеро сизнинг реакциянгиз бизга илхом бағишлайди, мотивация беради!