December 28, 2019

Салтанатни ўз тасарруфимда сақлаш учун амал қилган тузуким

Ушбу ўн икки тузукни ўзимга шиор қилиб олганимдан кейин катта ишончу салобат билан салтанат тахтига ўтирдим. Ўз тажрибамдан синаб билдимки, агар қай бир подшоҳ шу ўн икки нарсага эга бўлмас экан, салтанатдан бебаҳра қолур.

Биринчидан. Подшоҳ ўз сўзига эга бўлсин, ишини ўзи билиб қилсин, яъни сипоҳ ва раият подшонинг айтган сўзини, қилган ишини ўзи айтади, ўзи қилади, ҳеч кимнинг бунга дахли йўқ, деб билсин. Шундай бўлгач, подшоҳ бирор кимсанинг салтанат мартабасига шерик бўлгудек қилиб айттан гапига ва қилган ишига эргашмасин. Гарчи яхши сўзни ҳаммадан ҳам эшитиш зарур бўлсада, лекин бошқалар сўзда ва салтанат ишларида подшоҳга шерик ёхуд ундан устун бўлмасликлари шарт.

Иккинчидан. Султон ҳар нарсада адолатпарвар бўлсин, қошида инсофли, адолатли вазирлар тутсин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Аммо агар вазир золим бўлса, кўп вақт ўтмай салтанат уйи қулайди. Чунончи, амир Ҳусайннинг золим бир вазири бор эди. У сипоҳу раиятга ноҳақ жарималар солар эди. Орадан кўп вақт ўтмай ўша ноинсоф вазирнинг шумлигидан амир Ҳусайннинг салтанат уйи хароб бўлди.

Учинчидан. Бутун мамлакатда буйруқ ва тақиқлашлар подшоҳнинг ўз ихтиёрида бўлиши лозим. Подшоҳ ҳар ишда ўзи ҳукм чиқарсин, токи ҳеч ким унинг ҳукмига аралашиб, ўзгартира олмасин.

Тўртинчидан. Подшоҳ ўз қарорида қатъий бўлсин, яъни ҳар қандай ишни қилишга қасд қилар экан, уни бекор этмасин ва то битирмагунича ундан қўл тортмасин.

Бешинчидан. Подшоҳ ҳукми жорий этилиши зарур, яъни қандай ҳукм чиқаришидан қатъи назар, амалга оширилиши керак. Бирон кимса гарчи ҳукмни зарарли деб билган бўлса ҳам, унга монелик қилолмасин. Чунончи, эшитганманки, султон Маҳмуд Ғазнавий[1] Ғазна[2] шаҳри майдонига катта тошни келтириб қўйишни буюрган экан. Ундан ўткинчи-кеткинчиларнинг от-уловлари ҳуркиб ўта олмай қолибди. Шунда одамлар тош йўл бўйидан олиб ташланса, деб султон ҳузурига қанчалик арз-шикоят қилиб боришмасин, султон: «Чиқарган ҳукмимдан қайтмайман, унга хилоф бирон иш ҳам қилмайман», –деган экан.

Олтинчидан. Подшоҳлик ишларини тамоман бошқага топшириб, эркни унга бериб қўймасинким, дунё бевафо хотин каби, унинг хуштори кўпдир. Агар шундай қилар экан, ўзганинг нафси тез орада подшоҳ бўлишни тилаб, салтанат тахтини ўзи эгаллашга киришади. Чунончи, султон Маҳмудга хоинлик қилган вазирлар уни салтанат тахтидан тушириб, тахтни ўзлари эгалладилар[3]. Шундай бўлгач, салтанат ишларини ишончли ва мўътабар бир неча кишига бўлиб бериш лозим. Шунда ҳар бири ўз ишига боғланиб, салтанат тахтига кўз олайтира олмайди.

Еттинчидан. Салтанат ишларида ҳар кимнинг сўзини эшитсин, ҳар кимдан фикр олсин. (Лекин) қайси бири фойдалироқ бўлса, уни кўнгил хазинасида сақлаб, вақтида ишлатсин.

Саккизинчидан. Салтанат ишларида, сипоҳу раиятга боғлиқ масалаларда бошқаларнинг сўз ва феълига қараб иш тутмасин. Вазирлар, амирлар бирон кимса ҳақида яхши-ёмон сўз айтар эканлар, эшитсин.

Лекин амал қилишда бутун ҳақиқат аён бўлмагунча шошмай, мулоҳаза билан иш тутсин.

Тўққизинчидан. Подшоҳ ҳайбати сипоҳу раият кўнглида шундай ўрнашган бўлиши керакки, унинг амр-фармонига ҳеч ким қаршилик қилишга журъат этолмасин; итоат ва тобеълик қилсин, исён кўтармасин.

Ўнинчидан. (Подшоҳ) нима қилса, ўз эркича қилсин, нима деса ўз сўзида қатъий турсин, чунки подшоҳларнинг ҳукм ҳурматидан бошқа баҳрамандликлари йўкдир. Хазина, лашкар, раият, салтанат–буларнинг бариси унинг ҳукми биландир.

Ўн биринчидан. Салтанат ишларида, ҳукм юргизишда подшоҳ ўзини ягона билиб, ҳеч кимни ўзига салтанат шериги қилмасин.

Ўн иккинчидан. (Подшоҳ) мажлис аҳлидан огоҳ ва ҳушёр бўлсинким, улар кўпинча айб ахтариб, гапни ташқарига ташийдилар, подшоҳнинг сўзидан, ишидан вазирларга, амирларга хабар бериб турадилар. Масалан, шунга ўхшаш бир воқеа менинг ўзим билан (ҳам) рўй берганди. Ўзимнинг хос мажлисимдаги бир қанча суҳбатдошларим вазирлар ва амирларимнинг жосуслари бўлиб чиққанди.

1] Маҳмуд Ғазнавий (998–1030)–Хуросон, ҳозирги Афғонистон ҳудуди ва Шимолий Ҳиндистонни 977–1186 йиллар идора қилган Ғазнавийлар сулоласи вакили, машҳур фотиҳ, илм-фан ва адабиёт ҳомийси.

[2] Ғазна (Ғазни)–Кобулнинг жанубида, қандаҳорга олиб борадиган йўл устида жойлашган пойтахт шаҳар.

[3] Бу ўринда ҳам хаттот ёки форс таржимони эътиборсизлиги сабабли йўл қўйилган хатога дуч келамиз: «Маҳмуд» ўрнига «Масъуд» ўқилиши керак, чунки вазирларнинг хоинлиги Масъуд Ғазнавий даврида бўлган.