February 10, 2020

ЭНГ ЭЪТИБОРЛИ ВА ТАЪСИР КУЧИ ЮҚОРИ БЎЛГАН КИШИЛАР

10-ўрин. Альберт Эйнштейн (1879-1955)

Келиб чиқиши яҳудий бўлган Альберт Эйнштейн 1905 йилда махсус нисбийлик назариясига, 1916 йилда эса умумий нисбийлик назариясига асос солган. Натижада Эйнштейн атом технологиясини ривожлантиришнинг назарий асосларини қўйди. Алал оқибат, Иккинчи жаҳон уруши даврида атом, кейинроқ эса водород бомбалари яратилди.

Эйнштейн фотон фаразини таклиф қилган ҳамда фотоелектр таъсирини муваффақиятли тушунтириб берган ва натижада буюк олим 1921 йилда Физика бўйича Нобел мукофоти билан тақдирланган.

1999 йил Альберт Эйнштейн “Time” журнали томонидан “ХХ асрнинг буюк одами” деб эътироф этилган.

9-ўрин. Христофор Колумб (1451-1506)

Колумбнинг ер юзини қандай ўзгартиргани ҳақида ортқича изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Агар Тосканелли ер юзи харитасини чизишда адашмаганида ҳамда Колумб янги қитъани кашф қилмаганида Америка қитъаси кейинроқ бўлса ҳам “топиларди”. Аммо хариташунос Тосканелли хатоси XV асрдаёқ “буюк кашфиёт”нинг рўй беришига олиб келди.

8-ўрин. Иогани Гутенберг (1397-1468)

Айримлар ушбу номни эшитмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин айтиш керакки, Гуттенберг ихтироси бўлмаганида биз “Отелло”ни ҳам, “Ўткан кунлар”ни ҳам, “Алкимёгар”ни ҳам ҳозиргидек китоб шаклида ўқимаслигимиз мумкин эди. Нимага дейсизми? Чунки немис ихтирочиси ХV аср ўрталарида дастлабки китоб босиш дастгоҳини яратган эди.

7-ўрин. Цай Лунь (50-121)

Цай Лунь жаноблари ўз ихтироси билан инсониятни катта оворагарчиликдан ҳоли қилиш билан бирга, кейинчалик Гуттенбергнинг китоб босиш дастгоҳини яратишига замин ҳозирлаган эди. Нега деганда, Цай Лунь дунё тарихида биринчи қоғозни яратди. Шундай қилиб, инсоният тош, папирус, бамбук, шойи, лой тахтача кабиларга ёзишдан “қутулди”.

6-ўрин. Павел (5-64)

Пайғамбар даврида яшаган Павелнинг христаинлик динининг ҳозирги ҳолатга келишидаги ўрни беқиёс ҳисобланади. Павел мазкур дин ривожи, унинг одамлари орасида тарқалишида муҳим ўринга эга бўлган. У Петров билан биргаликда Исо пайғамбарнинг энг етакчи ҳаворийларидан ҳисобланган. Христианлар учун авлиё Павел Исодан кейинги энг муҳим инсон, десак муболаға бўлмайди.

5-ўрин. Конфуций (551-479)

Хитой тарихидаги энг буюк инсон ҳисобланадиган Кун Цюни Конфуций сифатида яхши биласиз. Кун Цю “Баҳс ва таҳлил” (айрим манбаларда “Суҳбатлар ва мунозаралар”) китоби орқали конфуцийлик динига асос солган. Аслида Қадимги Хитой файласуфи ва педагоги ҳисобланувчи Конфуцийнинг ҳаёт ва фалсафий йўли нафақат бу дин вакиллари, балки бошқалар учун ҳам талайгина ҳикматларга эга.

4-ўрин. Сиддхартха Гаутама (мил.ав. 563-483)

Будда номи билан бутун дунёга танилган Сиддхартха Гаутама аслида қирол хонадонига мансуб шаҳзода эди. Лекин дафн маросими ва қариб қолган йигитни кўрган Сиддхартха фаровон ҳаётдан воз кечиб, маърифат излашга тушади. Маърифат йўлида эса у ўз қарашлари ва ақидаларини яратади. Шунинг учун унга Будда (“маърифатланган”) номи берилган. Ҳиндистон, Хитой ва Жануби-шарқий Осиёда буддавийлик дини кенг ёйилган бўлиб, бу дин вакиллари Буддани мазкур диннинг ҳам пайғамбари, ҳам худоси деб ҳисоблашади.

3-ўрин. Исо пайғамбар (1-29)

Христианлик дини асосчиси ва унинг пайғамбари бўлган Исонинг ер юзидаги таъсири қандай эканлигини яхши биласиз. Ҳозирги кунда христианлик дунё бўйича энг кенг тарқалган дин бўлиб, дунё аҳолиснинг 31 фоизидан кўпроғи, яъни 2,5 миллиардга яқин киши бу динга эътиқод қилади.

2-ўрин. Исаак Ньютон (1642-1727)

Бутун олам тортишиш қонуни-ю, бу қонуннинг кашф этилишига тасодифан дарахтдан узилган олма сабаб бўлганлиги сизга маълум. Бу олма эса ёшгина Исаак бошига тушган эди. У ёшлик йилларидаёқ бу масала устида ўйлай бошлаган, лекин унинг жавобини йигирма йилдан кейингина эълон қилган. Бу олим буюк инглиз физиги ва математиги, классик механика асосчиси Исаак Ньютон эди. Таъкидлаш жоизки, аниқ фанлар борасида Ньютондек муҳим ишларни амалга оширган олим бўлмаса керак. Зеро унинг ишлари кейинроқ янги-янги илмлар ҳамда кашфиёт ва ихтироларнинг юзага келишига сабабчи бўлди.

1- ўрин. Муҳаммад алайҳиссалом (570-632)

Рейтингнинг биринчи поғонасидан ислом динининг муқаддас пайғамбари, бутун инсоният учун намуна бўла оладиган инсон Муҳаммад алайҳиссалом ўрин олган. Ҳозирги кунда 2 миллиардга яқин киши ислом динига эътиқод қилади. Айтиш мумкинки, сўнгги йилларда бошқа диндан ислом динига ўтиш ўзига хос тенденцияга айланиб улгурди.


Изоҳ: рейтинг америкалик астрофизик Майкл Харт томонидан тузиб чиқилган маълумотларга асосланган ҳолда тақдим этилди.

Раҳимов Дилмурод

Сиёсатшунос, ҳуқуқшунос