June 5, 2020

Ижтимоий ёрдам аниқ ва адолатли етказилади

Ягона ижтимоий реестр учун ҳам катта замин бўлиши кутилаётган мазкур тизимни йил охиригача вазирлик — вилоят — туман — маҳалла кесимида тўлиқ жорий этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди.

Президентимиз раислигида 3 июнь куни камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида туман (шаҳар) сектор раҳбарларига қийналган ва муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни камбағалликдан халос этиш бўйича зарур чоралар кўриш, вилоят ҳокимларининг иқтисодиёт ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари шу ишга доир барча масалаларни мувофиқлаштириб, ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга масъул экани таъкидланди.

Ягона ижтимоий реестр учун ҳам катта замин бўлиши кутилаётган мазкур тизимни йил охиригача вазирлик — вилоят — туман — маҳалла кесимида тўлиқ жорий этиш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берилди.

Камбағалликни аниқлаш ва камайтириш, иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ишларни намунали ташкил этиш мақсадида чегарадош ҳудудларга алоҳида ёндашиш, бунинг учун Бош вазир ўринбосарлари мазкур ҳудудлар раҳбарлари билан биргаликда аҳоли бандлигини ошириш ва яшаш шароитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган алоҳида дастурлар ишлаб чиқиш зарурлиги билдирилди.

Йиғилишда юртимизда ҳозирги вақтда боқувчисини йўқотган оилалар сони 155 минг, 5 нафардан ортиқ фарзанди бор кам таъминланган оилалар сони 81 минг, ёлғиз яшовчи кексалар 16 минг нафарни ташкил этгани ҳолда, мазкур эҳтиёжманд қатлам вакилларига ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар тўлиқ етиб бормаётгани алоҳида алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Мазкур ҳолатни тўла бартараф этиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча тарзда ажратилган 992 миллиард, шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармасида мавжуд 70 миллиард сўм қолдиқ маблағни муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказиш бўйича қатъий топшириқ берилди. Шу билан бирга, йил якунига қадар қўшимча 235 мингдан зиёд ­оилага моддий ёрдам ажратилиши қайд этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, зарур иш ўринлари яратиб бериш борасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бир қатор ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳалла фуқаролар йиғинлари ташаббуси билан 114 минг нафардан зиёд аҳоли бандлиги таъминланди. Жумладан, бу жараёнда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги борларни қўллаб-қувватлашга алоҳида ­эътибор қаратилди.

Давлатимизнинг бевосита кўмаги натижасида бугунги кунда оилавий аҳволи яхшиланиб бораётган мингга яқин оила камбағалликдан чиқарилди. Бундан ташқари, ўз-ўзини банд қилган 28 817 нафар фуқарога вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари расмийлаштирилди ҳамда уларнинг келгусида пенсия олиш ­ҳуқуқи таъминланди.

Маҳаллалардаги оғир шароитда яшовчи қирқ минг нафардан кўпроқ хотин-қиз доимий, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига, ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, томорқа ва бошқа йўналишлардаги тадбиркорлик ишларига жалб этилди.

Бундай натижалар билан чекланмай, белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш зиммамизга катта масъулият юкламоқда. Шу мақсадда вазирлигимиз тизимида тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, унда белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш йўлида бор имкониятларни сафарбар этмоқдамиз. Жумладан, хорижий мамлакатлардан махсус авиақатновлар орқали олиб келинган 50 мингга яқин фуқаромизни иш билан таъминлаш, уларнинг оилаларини ижтимоий етишмовчиликдан асраб қолиш бўйича ишларни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича ишлар давом эттирилади. Хусусан, хотин-қизларнинг тадбиркорлик ҳамда АКТ соҳасидаги молиявий саводхонлигини ошириш бўйича махсус тарғибот-ташвиқот ойлиги, кўргазма ва компаниялар ташкил этилади.

Хотин-қизлар ўртасида “Энг илғор бизнес лойиҳа” танлови ташкил этилиб, тадбиркор аёлларнинг касбий маҳорати, молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, аёллар тадбиркорлиги билан боғлиқ илғор тажрибаларни оммалаштириш, грантлар бериш, кредит ажратиш ишларини йўлга қўйиш ниятидамиз.

Тошкент вилоятида 130 та маҳаллада кам таъминланган оилаларнинг хотин-қизларига ­ҳудуддаги ўқув марказларида касбга бепул ўқитиш ва сертификатлар топшириш режалаштирилмоқда. Камбағалликни қисқартириш юзасидан устувор вазифалар белгилаб олинди. Унга мувофиқ, ишсизликни камайтириш ва камбағалликка барҳам бериш бўйича хориж тажрибасини ўрганиш ва жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш, бунда идоралараро ҳамкорликка алоҳида урғу бериш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш каби ишлар “маҳаллабай” ва манзилли тартибда олиб ­борилади.

Бундан ташқари, ижтимоий ёрдам ва бошқа хизматларни аҳолига етказишда оптималлаштирилган дастурлардан, яъни бир вақтнинг ўзида фуқаро ва вазирликнинг хабардорлигини таъминловчи тизимлардан фойдаланиш чоралари кўриляпти. Муҳтож оилалар билан ишларни ташкил этишда “темир дафтар” тизимига қатъий амал қилинади. Ҳар бир маҳалланинг иқтисодий имкониятларига тўғри баҳо бериш мезонлари ишлаб чиқилади.

Хуллас, ҳар бир чора-тадбирни амалга ошириш жараёнида ижтимоий-иқтисодий ёрдамни аниқ ва манзилли ташкил этиш, бугунги кунда яратиб берилаётган имкониятлардан халқимизни тўла баҳраманд этишга устувор аҳамият ­қаратилади.

Глобал пандемиянинг салбий оқибатларига қарши курашиш борасида кўрилаётган бундай муҳим чоралар жамиятимизда камбағаллик муаммосига ижобий ечим топиш ва халқимизни ижтимоий ҳимоялаш, оилаларнинг даромадини ошириш орқали жамиятимизда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Раҳмат МАМАТОВ,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири


Телеграм: @mahalladosh_uz