July 10, 2020

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш нега оқсамоқда?

Экспертларнинг фикрича, келгуси 3 йилда иқтисодиётни рақамлаштириш орқали дунёдаги 22 фоиз иш ўринлари интернет технологиялари ёрдамида яратилади. Бун­дан кўринадики, қайсики мамлакат тараққиётдан ортда қолишни истамаса, аввало, ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, бу йўналишда етук ва малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратади.

Рақамли технологиялар пандемия даврида асқатмоқда

Шу нуқтаи назардан, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш кун тартибидаги муҳим масалага айланди. Айниқса, рақамли тех­нологияларнинг нақадар муҳим эканлиги бугунги пандемия шароитида янада ойдинлашди. Таълим, давлат хизматлари, давлат бошқаруви тизими, савдо ва хиз­мат кўрсатиш каби муҳим соҳалар рақамли иқтисодиёт билан боғ­лиқлиги яққол кўриниб қолди.

Хабарингиз бўлса, шу йил 28 апрелда давлатимиз раҳбарининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Таъкидлаш лозимки, мазкур қарор «Электрон ҳукумат» дастурини комплекс ривожлантириш, бу орқали аҳоли ва давлат органларининг вақт ва пул сарфланишини камайтиришга ёрдам бериш, энг муҳими, аҳоли учун сифатли давлат хизматла­ри кўрсатиш ва фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилиши билан муҳим аҳа­миятга эга.

Дастурнинг энг устувор йўна­лишларидан бири соғлиқни сақлаш соҳаси ҳисобланиб, унда «Ягона электрон тиббий карта», «Электрон рецепт», «Электрон поликли­ника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимларини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республи­каси фуқаролари тўғрисида ягона тиббий маълумотлар базасини шакллантиришга, аҳолининг сало­матлиги мониторингини ўтказиш кўзда тутилган.

Яқинда Олий Мажлис Қонун­чилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масала­лари қўмитаси томонидан «Электрон соғлиқни сақлаш тизими – тиббиёт келажаги» мавзусида ўтказилган видеоконференцалоқа тарзидаги давра суҳбати­да ушбу масалалар атрофлича муҳокама этилиб, муаммоларни ҳал этиш юзасидан депутатлар ўзаро фикр алмашди.

Коронавирусдан касалланганларнинг ягона базаси яратилди

Давра суҳбатида «Электрон поликлиника» ахборот тизими ишлаб чиқилиб, Тошкент шаҳри­нинг 62 та оилавий поликлиника­сига жорий этилгани ва бугунги кунда мазкур ахборот тизими йўлга қўйилган ҳудудлардаги аҳоли бу хизматдан фойдаланаёт­гани таъкидланди. Шунингдек, замонавий АКТ ва тиббий асбоб- ускуналар билан жиҳозланган 150 та реанимобил етказиб берилгани, Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг «CАLL» маркази таъмирланиб, замонавий ускуна­лар билан таъминлангани айтиб ўтилди. Қолаверса, «Электрон шифохо­на» намунавий ахборот тизимини ишга тушириш, «Ягона тез тиббий ёрдам» ахборот тизимини «Электрон соғлиқни сақлаш» тизимига интеграция қилиш, «Электрон рецепт» ахборот тизимини жорий этиш ва бошқалар юзасидан қи­линаётган ишлар ҳақида маълум қилинди. Айниқса, коронавирус инфекцияси билан касалланган ҳамда улар билан алоқада бўл­ган шахсларни рўйхатга олиш ва мониторинг қилиш бўйича ягона ахборот тизими яратилгани ва жорий этилгани алоҳида эътироф этилди.

Жойларда АКТ мутахассислари етишмайди

Бироқ шунга қарамай, бугун мазкур тизимдаги ишларни қо­ниқарли деб бўлмайди. Соҳани ривожлантиришга тўсиқ бўлаёт­ган муаммолар, камчиликлар эса талайгина.

— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимига замо­навий ахборот телеком­муникация воситаларини кенг жорий этишга алоҳи­да эътибор қаратилмоқда, бироқ соҳани янада ри­вожлантиришга тўсиқ бў­лаётган омиллар йўқ эмас, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Шара­футдинов. — Энг асосий муаммо соғлиқни сақлаш тизимининг қуйи бўғинларида АКТ мутахассислари етишмаслигидир. Ҳатто, шаҳар- туманлардаги тиббий муассасалар таркибий тузилмаларида бундай мутахассислар учун штатнинг ўзи йўқ. Бу эса ўз-ўзидан соҳадаги ислоҳотларни тўла-тўкис амал­га ошириш, тизимдаги ишларни сифатли йўлга қўйишга жиддий тўсқинлик қилади. Чунки мута­хассис бўлмас экан, ҳар қандай замонавий қурилма ўз аҳамияти­ни йўқотади.

Интернет сифати соҳа ривожига тўсиқ бўлмоқда

Шунингдек, бугунги кунда олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги оилавий поликли­ника ва шифохоналарда интер­нет тармоғи ва унинг сифатини талаб даражасида деб бўлмайди. Очиғини айтиш керак, бу масала неча йилдан буён кенг жамоатчи­лик томонидан муаммо сифатида тилга олинади. Бироқ, ҳануз бу соҳада айтарли натижаларга эри­шилгани йўқ. Ваҳоланки, интернет сифати яхшиланмас экан, «Ягона электрон тиббий карта», «Элект­рон рецепт», Электрон поликли­ника» ва «Электрон шифохона» ахборот тизимларини жорий этиш каби ахборот тизимларини тўлиқ ишга тушириб бўлмайди.

Эътибор берсак, бугун ҳудуд­ларда Президент қарорларида белгиланган электрон соғлиқни сақлаш амалиётига доир ахборот тизимларига тегишли лойиҳалар­нинг ўз муддатида бажарилиши учун ҳам молиявий, ҳам моддий, ҳам малакавий тайёргарлик суст тарзда олиб борилмоқда. Жой­ларда ахборот технологияларини ривожлантиришга оид масъуллар­нинг бу борада амалга ошираёт­ган ишлари етарли эмас. Шу боис мавжуд муаммоларни рўй-рост муҳокама қилиш, уларни бартараф этиш учун биргаликда ҳаракат қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Ўйлаймизки, соғлиқни сақлаш тизимига «Электрон ҳукумат» дастурининг тўлиқ жорий этили­ши фуқароларимизнинг турмуш даражасини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада такомил­лаштиришга хизмат қилади.

Саъдулло ТУРСУНОВ


Телеграм: @mahalladosh_uz