Камбағалликни қисқартириш учун яна бир муҳим қадам

Дунёда глобал муаммолар қалашиб ётибди. Урушлар, террорчилик ҳаракатлари, экологик инқироз, очарчилик, қашшоқлик, аҳоли сони ўсиши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика тақчиллиги, ОИТС, онкология ва бугунги кунда бутун инсоният соғлиғига рахна солаётган коронавирус каби офатлар... Уларнинг ҳар бири инсоният бошига минг бир синову кулфатлар солиши мумкин, соляпти ҳам. Глобал муаммолардан яна бири, бу — камбағаллик ҳисобланади.

Шу боис жорий йилнинг 26 март куни Президентимизнинг «Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Хўш, ушбу фармон билан иқтисодда қандай ўзгаришлар юз бериши мумкин? Шу хусусда мутахассисларга юзландик.

Вазирлик қайта ташкил этилади

— Фармоннинг қабул қилиниши бугунги кунда айни муддао бўлди, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Сурайё Ғаффорова. — Фармонга мувофиқ, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги дея қайта ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди. Жумладан, вазирлик иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этади, камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиб, уларни амалга оширади ва мувофиқлаштиради. Президентимизнинг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида: «...Бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш, бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўляпти, деган савол ҳар куни қийнайди...» дея таъкидлаб ўтганди.

Дарҳақиқат, ўрганишлар натижасига кўра, ҳозирги кунда ҳудудларимизда, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сингари бизда ҳам камбағал қатлам мавжуд. Улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этиши ҳам рост. Бу 4-5 миллион нафарга тенг аҳоли дегани. Ана шу юртдошларимизнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмайди.

Ўзбекистонда камбағалликнинг мавсумий қисми мавжуд

— Олимлар камбағалликни бартараф этишнинг тўғри ва энг самарали усули аҳоли бандлиги даражасини ошириш, деб ҳисоблашади, — дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг илмий-инновацион тадқиқотлар маркази директори Шерзод Мустафоқулов. — Одамлар учун муносиб ва даромади юқори иш ўринларини яратиш мақсад сари дадил қадамдир. Бунинг учун қишлоқ жойларда тадбиркорлик учун шарт-шароитлар, бизнес учун қулай муҳит яратиш керак.

Статистик таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда кейинги икки йил ичида ижтимоий нафақа олувчилар сони 1,3 баробар кўпайган, нафақалар миқдори эса 2 баробар ошган. Бу, албатта, таҳсинга сазовор иш. Лекин ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш билан муаммо тўлиқ ечимини топмаслиги кундай равшан.

Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури мутахассисларининг фикрича, Ўзбекистонда камбағалликнинг кучли мавсумий таркибий қисми мавжуд. Яъни иш билан банд бўлганларнинг тахминан 27 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатади. Шу сабабли фаровонлик ва истеъмол даражаси ҳар фаслда ҳар хил.

Масалан, ҳосил йиғим-терими пайтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчилар ва сотадиганлар учун кўпроқ ишлаш имкониятлари юзага келади. Бошқа даврларда эса даромад камаяди. Озиқ-овқат ҳам кўпинча захиралардан сарфланади ёки сотиб олинади. Уй хўжаликлари истеъмол харажатларининг деярли учдан икки қисми ҳали-ҳануз озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келишини ҳисобга олсак, бу қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, озиқ-овқат хавфсизлигининг мавжуд эмаслиги ва қашшоқлик ўртасидаги муҳим боғлиқликларни намоён қилади. Мавсумийлик ички иқтисодий фаолиятнинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам мавжуд.

Ўзбекистонда кейинги 10 йилда меҳнат ва кичик бизнес даромадларининг ўсиши камбағалликнинг қисқаришига олиб келганини инкор қилмаймиз. Иш ҳақи ва бизнесдан келадиган даромад манбалари аҳамияти тобора ортиши билан нафақалар, ижтимоий ёрдам дастурлари ва бошқа даромад турларининг роли камайгани ҳам рост. Бироқ Ўзбекистоннинг меҳнат бозорида сезиларли заифликлар мавжуд. Халқаро валюта фондининг мамлакатлар бўйича сўнгги ҳисоботида, меҳнат захирасига ҳар йили 500 минг нафар янги ишчи қўшилишига қарамасдан, иш билан бандликнинг қайд этилган ўсиши ва киши бошига тўғри келадиган ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати ўртасида номутаносибликлар сақланиб қолмоқда. Ушбу мулоҳазани янада ривожлантирадиган бўлсак, иқтисодиётда банд аҳоли сонига тўғри келадиган товар ва хизматлар ҳажми, яъни меҳнат унумдорлиги даражаси бошқа ривожланган ҳамда ривожланаётган давлатлар билан солиштирганда унчалик ҳам юқори бўлмаётир.

Умумий расмий маълумотларга кўра, мамлакатимизда меҳнат қиладиган аҳолининг 38 фоизи норасмий иш билан банд (43 фоизи ёшлар). Бу ишчи кучининг катта қисми расмий ижтимоий суғурта дастурларидан фойдаланмаётганини англатади.

Хулоса ўрнида

Фармонга мувофиқ, тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича барча ўрта ва узоқ муддатли концепциялар, стратегиялар ва дастурлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади. Қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ва қарорлар вазирлик томонидан камбағаллик даражасига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказилади. Рақобат ва монополияга қарши курашиш, техник регламентларни ўрганиш, ер муносабатларини тартибга солиш, геология ишлари, давлат активларини бошқариш, давлат-хусусий шериклик механизмини такомиллаштириш бўйича чоралар ва сиёсатларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашда вазирлик иштирок этади.

Фармон билан, шунингдек, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги этиб қайта ташкил этилди. Вазирлик ҳузуридаги Урбанизация агентлиги тугатилиб, унинг функция ва вазифалари вазирликка ўтказилди.

Бундан ташқари, Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиаллари вазирликка ўтказилиб, уларнинг негизида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ташкил этилади.

Буларнинг барчаси юртимиздаги камбағаллик даражасини пасайтириш билан бирга, одамларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардир.

 Нилуфар ЮНУСОВА

«Mahalla»