June 20, 2020

Ўзини-ўзи банд қилиш камбағалликка ечим бўла оладими?

Президентимиз Парламентга йўллаган Мурожаатномасида Ўзбекистоннинг яқин тарихида илк бор мамлакатда камбағал қатлам борлиги ҳақида сўз очиб, ушбу масалани ижобий ҳал этиш бўйича зарур таклифларни ўртага ташлаган эди.

Барчага маълумки, авваллари мамлакатимизда камбағалликнинг борлиги ҳақида бирор сўз айтилмасди. Унинг ўрнига «кам таъминланган», «эҳтиёжманд оила» каби атамаларини ишлатиб, муаммоларимизни яшириб, хаспўшлаб келдик. Ҳолбуки, бугун Қашқадарё вилоятида 52 минг 248 та оила камбағалликда ҳаёт кечирмоқда.

Тадбиркорлик иштиёқи бор жойда камбағаллик бўлмайди

Вилоятнинг томорқачилик салоҳиятидан унумли фойдаланиб камбағаллик даражасини камайтириш мумкин. Бунга ўз меҳнати билан оиласи рўзғорига барака киритаётган юртдошларимиз мисолида гувоҳ бўляпмиз.

Чунончи, Косон туманининг Мудин қишлоғида яшовчи Мавжуда опа нафақахўр. У оила аъзолари билан томорқасига озиқ-овқат маҳсулотлари эккан.

— Томорқада асосан келинларим меҳнат қилади, — дейди Мавжуда Жумаева. — Бугун уйда ўтириб, ўзини ўзи банд қилган аҳолига имтиёзлар бериляпти. Бундан мен ҳам, оилаларим ҳам хурсанд. Боиси икки келиним уй бекаси, бола тарбияси билан машғул, иш стажига эга эмас. Шу кунга қадар уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмаган. Бу эса пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарарди. Шукрки, энди бу ҳақда ташвишга тушишга ҳожат йўқ. Уларга ўзини ўзи банд қилганлиги учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилди.

Вилоятда ўзига қулай иш тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий меҳнат билан ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида»ги қарорига асосан, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилиши ва гувоҳномалар уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини бериши кўпчиликнинг қалбига қувонч олиб кирди.

27 минг 83 нафар ишсиз хотин-қиз бандлиги таъминланди

Дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган ишсизлик муаммоси вилоятда қандай ҳал этилмоқда?

Масъулларнинг маълум қилишича, 2020 йил вилоятдаги 29 мингдан зиёд ишсиз хотин-қиз бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирга қадар бандлиги таъминланган аёллар сони 27 минг 83 нафарга етди.

— Уларнинг 4027 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинган бўлса, 349 миллион 731 минг сўм маблағ миқдорида субсидия ажратиш орқали 256 нафарининг бандлиги таъминланди, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Комила Каромова. — Бундан ташқари, 1089 нафар ўзини ўзи банд қилган фуқарога вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари расмийлаштирилди. Натижада оилавий аҳволи яхшиланиб бораётган оилалар камбағалликдан чиқарилмоқда. Кам таъминланган аҳоли даромадларини ошириш лойиҳаси доирасида эса вилоятда 23 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилиб, 1224 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Шунингдек, вилоят Бандлик бош бошқармаси билан аҳолини тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ёлғиз ва кўп болали аёллар, ишсиз фуқаролар ҳамда ёшлар учун «Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш» дастури ишлаб чиқилди. Мазкур ташаббусда қатнашиш истагини билдирган 21 минг 837 нафар талабгор рўйхати шакллантирилди.

«Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили»

Кейинги йилларда вилоятда боғдорчилик, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш, томчилатиб суғориш асосида сабзавот ва полиз экинларини парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги мавжуд 771 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 254 таси ҳудудларининг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, «Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили» асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилди. Бу орқали аҳоли хонадонларида бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш бўйича тажриба ва кўникмага эга бўлдилар. Уларда тўлиқ экин экиш ва йил давомида 2-3 марта ҳосил олиш тартиби йўлга қўйилди.

— Экин ерларидан самарали фойдаланиш, тажриба алмашиш мақсадида бир гуруҳ деҳқонлар билан Сурхондарё вилоятининг Ангор, Жарқўрғон ва Денов туманларида бўлдик, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасининг ободонлаштириш, томорқа ва экология масалалари бўйича бўлим бошлиғи Ҳасан Тўхтаев. — У ерда сабзавотчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди, деҳқонлардан зарур тавсия ва кўрсатмалар олинди. Жорий йилда бу борадаги ишларни давом эттирган ҳолда яна 85 та маҳалла фуқаролар йиғини «Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили» асосида маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади.

Афсуски, бугун аҳолининг аксарият қисмида боқимандалик кайфияти ҳукм сурмоқда. Шундай оилалар борки, томорқаси мавжуд бўла туриб, ундан унумли фойдаланмайди. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борил­япти.

Сирасини айтганда, фаровон турмуш тарзига осонгина эришиб бўлмайди. Бунинг учун ҳар бир шахс ҳалол меҳнат қилиши, жамиятда эса унинг фаолияти учун етарлича имконият яратилган бўлиши зарур. Ишонамизки, Президент ташаббуси билан бошланган бу каби хайрли ишлар қисқа фурсатда вилоятда ўз самарасини кўрсатади.

Шоҳиста БОЗОРОВА