Ҳокимлик ер ажратишга нега панжа орасидан қараган?
Мамлакатимиз географик жиҳатдан шундай минтақада жойлашганки, бу ўлка табиатнинг бирор-бир инжиқлигидан тўлиғича ҳимояланган, дея олмаймиз. Зилзила, сел ва тошқинлар, қор кўчкилари шулар жумласидан. Айниқса, кейинги пайтларда юртимизнинг турли ҳудудларида сел ва тошқинлар тез-тез рўй бермоқда.
Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида жорий йил 13 май куни рўй берган табиий офат айни синовли даврда яна бир ташвиш бўлди. Сел келиши оқибатида шаҳарнинг «Янги Зарафшон» маҳалласи ҳудудидаги «Чорбоғ Зарафшон» дала ҳовлилари ҳамда «Даугистау» маҳалла фуқаролар йиғинидаги юзлаб хонадонларга жиддий зарар етди. 300 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.
— Айни пайтда селдан зарар кўрган хонадонларда таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда, — дейди Зарафшон шаҳар ҳокимлиги масъул ходими Умид Худойқулов. — Шаҳар ҳокими ва сектор раҳбарлари табиий офатдан зиён кўрган фуқаролар билан тез-тез учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилмоқда. Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларидан Зарафшонга инсонпарварлик ёрдами, яъни озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда қурилиш материаллари етказиб бериляпи. Тез орада бу оилалар ўзларининг таъмирланган уй-жойларига кўчиб ўтадилар.
Ҳудуд аҳоли истиқомат қилишига мослашмаган
Табиий офатлар кутилмаганда рўй беради. Уни тўхтатишга инсон ожизлик қилади. Хатирчи туманидаги Шайхлар, Хўжа, Мингқамиш, Ғалча, Чоштепа, Бахрин, Кўклам ва Қарғатепа қишлоқлари «Кўксарой» сел сув омборининг пастки қисмида жойлашган бўлиб, бу ер сув тошқини хавфи юқори бўлган ҳудудлар сирасига киради. Шунга қарамай, ҳудудда қарийб 15 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.
— Ушбу ҳудуд аҳоли истиқомат қилишига мослашмаган, — дейди Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бўлим бошлиғи Зафар Қудратов. — Афсуски, йил сайин бу ерда тураржойлар кўпаймоқда. Одамлар сел йўлларида уй-жой қуришяпти. Бу жойларда деҳқончилик қилиш, дарахт экиш мумкин, аммо доимий тураржой қуриб, яшаш хавфли. Хатирчи тумани ҳокимлиги масалага жиддий қараши, сел келиш хавфи мавжуд ҳудудларда аҳолига уй-жой учун ер ажратишда эътиборли бўлиши лозим эди. Аммо бир неча йил аввал ҳудуднинг бу хусусиятлари ҳисобга олинмай, уй-жой қуриш учун ер ажратиб берилган. Бундан ташқари, аҳоли ҳеч бир рухсатномасиз ҳам сел йўлларида қурилиш ишларини амалга оширган.
— 80-йилларда қишлоғимизда бор-йўғи 9 та хўжалик истиқомат қиларди, ҳозир уларнинг сони 100 тадан ошган, — дейди Шайхлар қишлоғида яшовчи Исомиддин Рўзиев. — Ҳудудга одамлар ўзбошимчалик билан кўчиб келмаган, бу ерлар ҳокимлик томонидан тураржой сифатида ажратилган. Аммо аҳолининг ўз иншоотларини кўпайтириб бориши вазиятни янада оғирлаштирган. Энди бу хўжаликларни бошқа жойга кўчириш ҳокимлик учун ҳам катта муаммога айланган. Ачинарлиси, «Кўксарой» сел сув омборининг дамбалари ўпирилган. Кучлироқ ёмғир ёғиб, сув кўпайса, қирғоғидан тошяпти. Биз эса юрак ҳовучлаб яшаяпмиз.
Иншоот дамбаси илмий-техник талабларга жавоб бермайди
Дарҳақиқат, «Кўксарой» сел сув омборига олиб борадиган йўл бўйлаб кетар эканмиз, эшитганларимиз ростлигига гувоҳ бўлдик. Ўзбошимчалик билан сел йўлида уй-жой, молхонаю товуқхона қурилган. Бундан ташқари, сув иншоотининг ҳам аҳволи ачинарли.
— Ўтган йилги ёғингарчилик иншоотимизга сезиларли зарар етказди, — дейди «Кўксарой» сел сув омбори бошлиғи Мақсуд Омонов. — Айни пайтда дамбадаги сув ҳаракатини назорат қилувчи 11 дона махсус ускунанинг 3 таси ишдан чиққан. Тўғоннинг олд қисми ўнг томонидаги бетон қиялик деформацияга учраган. Кузатув камераларимиз ҳам яроқсиз ҳолатда. Эксплутацион галерея секциялари том ва ён қисмида секундига 2,5-3,5 литр атрофида сув оқадиган ёриқлар бор. Бу чиндан ҳам, хавфли ҳолат бўлиб, айни пайтда омборда таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Имкон қадар барча камчиликлар бартараф этилади.
Вилоятдаги «Кўксарой», «Тўдакўл», «Қуйимозор» ҳамда «Сентоб» сув иншоотларида ҳам қатор муаммолар мавжуд. Айримларининг дамбаси илмий-техник талабларга жавоб бермайди. Баъзиларида эса барча техник қурилмалар маънан эскирган. Масъулларнинг айтишича, мазкур сув омборларида ёғингарчилик мавсуми тошқинларни талафотсиз ўтказиш бўйича барча чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда.
Нодон ўзининг, оқил ўзгалар хатосидан сабоқ олади, дейишади. Навоий вилояти мутасаддилари ҳам масалага панжа орасидан қарашни тўхтатиб, ҳудудда бирор фалокат рўй бермасидан аввал вазиятга жиддий ёндашишлари зарур.
Биз мавзуга яна қайтамиз.
Холбиби САФАРОВА
Телеграм: @mahalladosh_uz