June 26, 2020

Дори нархидаги тафовут қачон барҳам топади?

Бизнесда рақобатчилар қанчалик кўп бўлса, юқори сифатли маҳсулотни арзон нархда сотиб олиш имконияти шунчалик кенгаяди. Буни барча иқтисодчилар «ўзгармас олтин қоида» деб билади. Аммо мана шу ўзгармас мезон негадир дори воситалари савдосига келганда сира таъсирини кўрсата олмаяпти. Яъни юртимизда дорихоналар сони кўпайгани сари дорилар нархи ҳам ошиб боряпти.

Қизиғи, дорихоналардаги нарх-наволарда ҳам турли тафовутни кўриш мумкин. Яъни бир турдаги дори битта маҳалладаги иккита дорихонада турлича нархда сотилади. Хўш, бундай ҳолат қачонгача давом этади? Дорихоначилар ўз билганича нарх қўйишда давом этаверадими? Кимдир буни назорат қиладими? Айни саволларга жавоб топиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат ИБРАГИМОВАга юзландик.

— Тан олиш керак, дори воситалари нархидаги тафовутни доимий равишда мониторинг қилиб бориш мураккаблиги боис бир турдаги дори турли қийматда сотилиш ҳолатлари кузатилмоқда, — дейди М.Ибрагимова. — Шунинг учун 1 июлдан бошлаб соҳада «Сирли харидор» институти жорий этилмоқда. Бу институт нарх-навони назорат қилиш, фармацевтика хизматини холис баҳолаш учун хизмат қилади. Шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ҳукумат томонидан «Референт нарх шакллантириш тизими доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди. Мазкур тизим дори воситаларига референт нархни белгилашни назарда тутади. Унга асосан, дори воситалари белгиланган нархлардан юқори бўлмаган қийматда мамлакатга олиб кирилади ва ёки реализация қилинади. Яъни очиқ платформа шаклидаги электрон тизимга маълумотлар киритилган бўлади. Бу маълумотлар барчага очиқ бўлиб, ҳар бир шахс ундаги дори воситаларининг нархини кузатиши мумкин.

Референт нарх нима? У қандай белгиланади?

Нархлар инсон омили иштирок этмайдиган автоматик режимда белгиланади. Яъни ишлаб чиқарувчи тизимда рўйхатдан ўтгач, ўзи ишлаб чиқармоқчи бўлган дори воситаси ҳақидаги маълумотларни — дори шакли, қадоқдаги дорилар сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқлаш хусусиятларини унга киритади.

Импорт дори воситаси учун тизимга уч хил нарх — олиб келинаётган мамлакатдаги баҳоси, унинг референт давлатларга қанчадан берилиши ва ушбу дори воситасининг мамлакатимиздаги нархи киритилади. Тизим автоматик равишда нархни таҳлил қилади ва битта дори учун икки хил қиймат, яъни унинг хориждаги ва ўзимиздаги ўртача баҳосини чиқариб беради. Ушбу баҳонинг энг арзони олиниб, ишлаб чиқарувчига тақдим этилади. Агар ишлаб чиқарувчи ушбу нархга рози бўлса, реестрга киритилади.

Бир дори воситасининг нархини белгилаш учун унинг 10 та референт мамлакатдаги сотиш нархи аҳоли жон бошига нисбатан даромадлар даражасидан юқори, ўртачароқ юқори ва ўртачадан пастлиги ҳисобга олинади. Ушбу тизимда нархларнинг барча учун очиқлиги ва юқорида таъкидланганидек, етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъий назар, ортиқча устама қўйилмаслиги дори воситаларининг барча дорихоналарда бирдек баҳода сотилишини таъминлайди.

Янги тизим барча муаммога ечим бўладими?

Айтиш керакки, ушбу тизим жорий этилгач ҳам маълум вақтларда нархлардаги тафовут кўриниши мумкин. Яъни Низомга кўра, белгиланган нарх уч ой давомида ўз кучини сақлаб туради. Уч ойдан сўнг иқтисодий ҳолатдан келиб чиқиб, нархлар қайта кўриб чиқилади. Ана шундай вазиятда эски ва янги нархда сотиб олинган дори воситаларини сотишда фарқ кузатилиши мумкин.

Қолаверса, ишлаб чиқарувчи уч ойгача бўлган вақтда бозордаги кескин ўзгаришлар, жумладан, давлат томонидан форс-мажор тақдим этилган ёки валютанинг сўмга нисбатан кескин ошиб кетиши каби ҳолатларда нархни қайта белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Платформанинг очиқлиги ана шундай вазиятларда соҳада ноқонуний йўл тутилмаслигига хизмат қилади. Шунингдек, тизим тўла ишга тушгач, дори воситалари референт нархда сотилиши таъминланади. Бунда эса жамоатчилик назоратининг ўрни жуда муҳим.

Яна бир жиҳатни таъкидлаш керак. Референт нархларнинг белгиланиши дори воситаларининг бозорини, демакки, унинг келгуси тақдирини белгилаб берадиган муҳим жиҳат ҳисобланади. Хусусан, маълум бир дори воситасига арзон референт нарх белгиланса, бу шу турдаги дорини ишлаб чиқаришнинг камайишига сабаб бўлиши мумкин. Бу оддий бозор қонунияти, яъни ишлаб чиқарувчи фойда келтирмайдиган маҳсулотдан воз кечади. Оқибатда қайсидир турдаги дориларга кучли эҳтиёж пайдо бўлиши эҳтимоли бор.

Аксинча референт нарх қиммат баҳода белгиланса ҳам истеъмолчи, ҳам давлат бюджетига зарар келтириши мумкин. Шунинг учун бу жараёнда бирон хато қилишга йўл қўйиб бўлмайди. Мана шундай хатарнинг олдини олиш учун уч юздан зиёд хорижий ва ўзимиздаги дори воситаларини ишлаб чиқарувчи ассоциациялар ҳамда фармацевтика корхоналари билан ҳамкорликда юқоридаги Низомни муҳокама қилдик. Бу эса ҳужжатнинг пухта бўлишига хизмат қилди. Ўйлайманки, ушбу тизим амалиётга тўла жорий этилгач, дори воситаларининг нарх-навоси билан боғлиқ салбий жиҳатлар барҳам топади. Дори воситаларини юртимизда ҳам ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилаётгани ушбу ишончимизни мустаҳкамлайди.

* * *

Дарҳақиқат, кейинги йилларда фармацевтика соҳасида ислоҳотлар олиб борилмоқда. Аммо аксарият юртдошларимиз бу ўзгаришларни ўз ҳаётларида ҳис этмаганини таъкидлашади. Бунинг сабаби — муаммонинг ечими осон эмаслигини кўрсатади. Умид қиламизки, соҳадаги ислоҳотлар изчил давом этиб, муаммолар бирма-бир бартараф этилади.

«Mahalla» мухбири

Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ ёзиб олди.


Телеграм: @mahalladosh_uz