September 14, 2020

Шароит бўлмаган жойда тараққиёт, ривожланиш бўлмайди

Фарғона вилоятидаги 54 та маҳалла фуқаро­лар йиғинида давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқ­да. Иккита маҳалла фуқаролар йиғини маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қуриляпти. Ўз биносига эга бўлмаган 141 та маҳал­ла фуқаролар йиғинининг 119 тасини бино билан таъминлаш учун шаҳар ва туман ҳокимларининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Бир қараганда, ҳамма иш рисо­ладагидек. Лекин ҳануз эътибор­дан четда, кўздан йироқ маҳалла фуқаролар йиғинлари борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Биргина Фар­ғона туманида ўз биносига эга бўлмаган 19 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Уларнинг 10 таси кор­хона ва ташкилот ҳамда хусусий тадбиркорлар биносида жойлаш­ган бўлса, 6 та маҳалла фуқаролар йиғини қўшни маҳалла бинолари­да фаолият юритиб келяпти. 3 та фуқаролар йиғини эса таълим ва тиббиёт муассасаларига жойлаш­тирилган.

Тумандаги «Мозортаги» маҳал­ла фуқаролар йиғинидаги бугунги ҳолат кишини таажжубга солади, ҳайратини оширади. Йиғиндаги ҳақиқий манзара билан яқиндан танишиш мақсадида мазкур ҳу­дудда бўлдик.

Каталакдек бир хонада ижарада «жон» сақлаётган маҳалла фуқа­ролар йиғинида оёқ қўйгани жой топилмайди. Битта фуқаро келса, бошқа бири эшик олдида навбат кутиб туришга мажбур. Тор хона, тўртта штат бирлиги ишлаётган масъуллар учун иккита стол-стул, 1 та компьютердан бошқа ҳеч нарса йўқ.

– Маҳалламиздаги мавжуд ҳолатдан тумандаги масъуллар хабардор, – дейди «Мозорта­ги» маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик ма­салалари бўйича ўринбосари Малоҳат Мелибоева. – Масала­нинг амалий ечимлари хусусида мутасаддиларга кўп бор мурожаат қилганмиз. Улар йиғин биносини қуриш учун жой йўқлигини важ қилишади, холос. Раисимиз кў­чадан келмайди, профилактика нозири қўшни «Аввал» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтиради. Кейинги йилларда ҳудудимизда жиноятчилик билан боғлиқ ҳолат­лар 3 тага ошди. Чунки маҳаллада ёшлар, ота-оналар билан учрашиб суҳбат ўтказиш, тарғибот ишлари­ни олиб бориш учун имконияти­миз йўқ. Бирон-бир тадбир ўтка­зишдан олдин жой ҳозирлиги учун елиб-югурамиз, ундан-бундан илтимос қиламиз.

Уч минг нафарга яқин аҳоли яшаётган кўҳна маҳаллага янги фуқаролар йиғини раиси ва оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маъна­вий масалалар бўйича ўринбосари сайланганига уч кун бўлганидан хабар топдик. Энди «улоқ» янги раисга ўтибди. У ҳам қаер­дан, қандай қилиб қулай ва муқим жой ҳозирлигини кўриш билан андармон.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади? Қулай иш ша­роити, моддий-техника базасига эга бўлмаган маҳалла фаолларидан нима талаб қилиш мум­кин? Ахир, шароит бўл­маган жойда тараққиёт, ривожланиш бўлмайди.

«Жон ҳовучлаб ўтирибмиз»

«Барқарор–ҳамжиҳат­лик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуддаги собиқ машина трактор паркидаги икки хонали, таъмирталаб бинода жойлашган. Қулай шарт-шароит­ларга эга бўлмаган йиғин биноси тадбиркор ихтиёрида. Шу боис бинони бўшатиб беришни қону­ний тарзда талаб қилмоқда. Ма­ҳалланинг борарга жойи йўқ.

– Тадбиркорнинг қош-қовоғига қараб, жон ҳовучлаб ўтирамиз, – дейди фуқаролар йиғини раиси Маъмуржон Ҳожиматов. – Энди бу ердан кўчишимизни талаб қилмоқда, бироқ қаерга боришни билмаймиз. Моддий-техника таъ­минотини гапирмасак ҳам бўлади. Таъмирталаб хоналар, эски стол-стулларда ишлаб кун ўтказяпмиз. Маҳалламизда давлат-ху­сусий шерикчилик асо­сида бино қуриш истаги­да бўлган тадбиркорлар бор. Аммо қурилиш учун жой йўқ. Шу боис 2010 йилда фуқаро Суҳроб Су­лаймонов номига берил­ган ер майдони ҳақидаги ҳоким қарорини бекор қилиш ва ташаббускор тадбиркор ихтиёрига қайта расмийлаштириш хусусида туман ҳокимига муро­жаат қилганмиз. Лекин масалага қонуний ечим топилмаяпти. Ер эгаси мана, ўн йилдан буён ҳеч қандай қурилиш, ободончилик ишларини амалга оширгани йўқ.

Маҳалла марказидаги ҳайхотдек ер майдони бир неча йилдирки, қаровсиз. Атрофини бегона ўт- ўлан қоплаган, шағал ва чиқинди­лар уюми дилни хуфтон қилади.

Муаммолар ечими эътиборда...(ми?)

– Туман ҳудудидаги маҳал­ла фуқаролар йиғинларига бўш турган биноларни бириктириб бериш ҳамда туман захирасидан ер майдонлари ажратиш хусусида ҳоким қарори қабул қилинган, – дейди Фарғона тумани маҳалла ва оилаларни қўллаб-қувватлаш бўлими етакчи мутахассиси Ҳо­жиакбар Уланбоев. – Айни кунда «Обод», «Қора янтоқ», «Қўрғонте­па», «Майдон» маҳалла фуқаролар йиғинлари жойлашган давлат мулк объектлари бўлган бинолар маҳалла ихтиёрига ўтказиб берил­ди. «Оқ олтин», «Тинчлик», «Ўрта шўра» «Тошқўрғоназиз», «Гул­пиён» маҳалла фуқаролар йиғин­лари учун ҳудуддаги бўш турган бинолар ажратилди. Шунингдек, «Хонқиз», «Хуршиди тобон» ма­ҳалла фуқаролар йиғинларида дав­лат-хусусий шерикчилик асосида замонавий бинолар қурилиши якунланмоқда.

Бошпанасиз маҳалла фуқаролар йиғинларини бино билан таъмин­лаш борасида бошланган амалий ишлар мавжуд муаммолар ечи­мида қўл келаётганидан кўпчилик хурсанд. Лекин бошланган ишлар ҳали поёнига етгани йўқ. Хусусан, тумандаги 76 та маҳалла фуқаро­лар йиғинининг деярли ярмида ер-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи­ни берувчи кадастр ҳужжатлари йўқ. Аксарият маҳалла фуқаролар йиғинлари интернет тармоғига уланмаган. «Вазиё», «Юксалиш», «Чекшўра», «Қўриқ», «Хуроба», «Фарғона» маҳалла фуқаролар йиғинларида оддий компьютерлар ҳам етишмайди.

Сирасини айтганда, йиллар да­вомида эътибордан четда қолган маҳалла ҳаёти учун муҳим бўлган масалалар ечими ижроси доира­сида амалга оширилган ютуқлар соясида қолаётган маҳаллалар борлигини унутмаслигимиз керак.

Расул КАМОЛ , «Маhаllа»

@mahalladosh_uz