Аҳоли узлуксиз газ билан таъминланадими?
Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи Ўзбекистонда яшайди. Шу боис ички газ истеъмоли бизда қўшни давлатларга қараганда бир неча баробарга катта. Бироқ шу пайтгача, асосан, шаҳарларимиз табиий газга мослаштирилгани, қишлоқларда газ қувурлари кесиб ташланиб, қиш мавсуми одамлар учун кўп қийинчиликлар туғдиргани сир эмас.
Аммо ўтган икки йил мобайнида аҳолини узлуксиз газ билан таъминлаш борасида бир қанча ишлар амалга оширилди. Соҳага қатор янгиликлар киритилди. Ҳатто, ўтган йилнинг 9 июлида Президентимиз томонидан «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинганди.
Хўш, бугунги кунда газ таъминоти бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу хусусда мутахассисларга юзландик.
Табиий газ етказиб бериш вазифаси юклатилган
— Бугунги кунда «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан 13,0 минг км.дан ортиқ магистрал газ қувурлари ва 24 та компрессор станцияларида 200 дан ортиқ газ ҳайдаш агрегатларидан фойдаланилмоқда, — дейди «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамияти Бошқаруви раиси Улуғбек Сайидов. — Таъкидлаш жоизки, магистрал газ қувурларининг аксарияти, аниқроғи, 75 фоизининг фойдаланиш муддати 20 йилдан ортиқни ташкил этиб, мазкур қувурларнинг асосий қисми шўрланиш даражаси кучли ҳамда нам тупроқли ҳудудлардан ўтган. Бундан ташқари, газ ҳайдаш агрегатларининг ҳам аҳволи аянчли. Хусусан, агрегатларнинг 54 фоизи моторесурсларини аллақачон ўтаб бўлгани тизимни модернизациялаш вақти келганини англатади. «Ўзтрансгаз» АЖ газ транспорт тизимига илғор технологияларни жорий этиш орқали унинг самарадорлигини ошириш — мамлакат иқтисодиёти ривожида муҳим ўринга эга. Шу боис жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, мамлакатимизда газ транспорт тизимини модернизациялашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. «Ўзтрансгаз» АЖ зиммасига ягона оператор сифатида табиий газни етказиб бериш ҳамда экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ҳамда қайта ишловчи ташкилотлардан харид қилиш вазифаси юклатилган. Ташкилотимиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида магистрал газ қувурига уланган истеъмолчиларга ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖ билан комиссия шартномалари асосида газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчиларга табиий газни сотади.
Янги газ ҳисоблагичнинг афзаллиги қандай?
— Ўтган йили «Ҳудудгазтаъминот» АЖ тузилиб, табиий газни истеъмолчиларга етказишда йўқотишларни камайтириш бўйича бир қатор вазифалар белгиланган эди, — дейди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир Эшмуродов. — Жумладан, фаолият кўрсатаётган газ тақсимлаш пунктлари ва тармоқлари модернизация қилинади. 2022 йилга қадар табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этилади. Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини бажариш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторлар бошқарувига босқичма-босқич берилади. Акциядорлик жамиятимиз истеъмолчини ортиқча овора қилмай, газ ҳисоблагични ўрнатиб беришни йўлга қўйишни мақсад қилган. Ҳозир кўпчиликни қийнаётган масала газ ҳисоблагичдаги кўрсаткич туман газ таъминоти бўлимидаги рақамга тўғри келмайди. Мажбурий ижро бюроси рўйхатида эса фуқаро томонидан сарфланган газ учун умуман бошқа ҳисоб мавжуд. Бунинг орқасидан оддий газ ҳисоблагичнинг носозлиги, уни қайта таъмирлаш, текшириш каби оворагарчиликлар пайдо бўляпти. Яшнобод туманидаги Технопарк ҳудудида ишга туширилган электрон газ ҳисоблагичлар корхонасида ишлаб чиқарилаётган электрон газ ҳисоблагичлар бундай салбий ҳолатлардан умуман йироқ бўлиб, ортиқча вақт ва харажатларни тежайди.
Табиий савол туғилади: истеъмолчи ортиқча газ ишлатаётганини қандай аниқлаши мумкин? Масалан, оддий хонадонда 1 та газ плитаси, 1 та иситиш қозони учун электрон газ ҳисоблагич ўрнатилган. Агар хонадон эгаси қўшимча тарзда ноқонуний мослама ўрнатадиган бўлса, газ ҳисоблагич белгиланган меъёрдан ортиқчасини аниқлаган заҳоти хонадонни тармоқдан ўчириб қўяди. Бу, аввало, газдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга ёрдам беради.
Дунёда илк бор Ўзбекистонда онлайн газ етказиб берилади
Жорий йил ҳудудларда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан 3 миллион 480 минг донадан зиёд электрон газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳудудларда 15 сервис хизмати кўрсатувчи филиаллар ўз фаолиятини бошлади. Унда 150 нафар мутахассис ишлайди. Хусусан, битта ишчи бир кунда 30 та газ ҳисоблагични тўғри ўрнатилганини текшириб, кафолат муддатини беради. Электрон газ ҳисоблагичларга махсус сим-карта ўрнатилган. Бу кун давомида қанча газ сарфланаётгани ҳақида масофавий ахборот олиш имконини беради. Кун давомида фойдаланилаётган газ сарфи ҳақидаги ахборот онлайн тарзда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ серверига келиб тушади. Шу орқали биз соатбай истеъмол бўйича маълумотга эга бўламиз. Мисол учун, келгусида кўп қаватли уйнинг хонадонларида кунлик, ҳафталик ва ойлик газ сарфи қандай бўлаётгани ҳақида сервис марказимиз компьютерларидан кузатишимиз мумкин.
Ҳозиргача фақат офлайн тарзда, яъни карточкадан олдиндан тўлов қилиб, пули тугагунча газдан фойдаланиш тизими бошқа давлатлар тажрибасида мавжуд эди. Онлайн тарздаги табиий газ етказиб беришнинг автоматик бошқарув тизими дунёда илк бор Ўзбекистонда амалга оширилади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон табиий газ қазиб чиқариш бўйича дунё мамлакатлари орасида саккизинчи, МДҲда учинчи ўринда туради. Ўзбекистонда 275 та нефть ва газ конлари очилган бўлиб, уларнинг умумий захираси 2,4 млрд. тонна шартли ёнилғини ташкил қилади. Статистикадан кўриниб турибдики, Ўзбекистон ўз аҳолисини тўлиқ газ билан таъминлашга қурби етади.
Нилуфар ЮНУСОВА
Телеграм: @mahalladosh_uz