June 22, 2020

Газета — виждон иши

Фото: ЎзА

Тан олиш керак, кейинги йилларда газеталар мазмун-мундарижаси кескин ўзгарди, таҳлилий-танқидий мақолалар салмоғи ортди.

Турли идоралар эшигига бориб, нажот топмаганлар таҳририятларга келиб арзу ҳолини, муаммосини билдирадиган бўлишди. Бу, албатта, газетага бўлган ишонч ва эътибор натижасидир. Матбуотдаги дадил чиқишларга кенг йўл берилаётгани, илгари номлари унутилган ижодкорларга саҳифалардан алоҳида минбар ажратилаётгани ҳам шубҳасиз, янгича ислоҳотлар меваси, десак янглишмаймиз.
Хўш, бу шароитдан қайси таҳририят қандай фойдаланяпти? Ушбу саволга имкон қадар жавоб қидириш ниятида охирги ҳафтада чоп этилган марказий газеталардан айримларини варақлаймиз.

«Янги Ўзбекистон» газетасининг ҳар бир сонида юртимиздаги ўзгаришлар, юксалишлар ҳақидаги мақолалар жой олаётгани ўқувчилар сонининг ошиб боришига сабаб бўлаётган бўлса, шу ҳафта мобайнида «Адиблар хиёбонидаги ўйлар» рукнида туркум чиқишлар уюштирилгани, шоир ва ёзувчи, олимларнинг мутлақо кўркам қиёфа касб этган ижодкорлар майдонига оид мулоҳазалари ушбу нашрни мароқ ва завқ билан мутолаа қилишга ундайди. Хусусан, СамДУ профессори Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг Алишер Навоий, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмоннинг Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнберг, шоира Мунаввара Усмонованинг Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова ҳақидаги мақолалари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

«Адолат» газетасининг 2020 йил 19 июнь сонида «Илмда имтиёз эмас, билим керак» сарлавҳа остида чоп этилган мақолада ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган мавзу — ҳарбийлар, ИИВ тизимида ишлаётган ходимлар фарзандларига бериладиган имтиёз ҳақида мулоҳаза юритилган. Имтиёз энди иш бошлаган косибга, ёш тадбиркорга берилса, бундан фақат ютиш мумкин. Аммо ўз келажагини ўзи қуришга интилаётган ёшларга олий ўқув юртига кириш алоҳида имтиёз қўлланилиши бир тарафдан уларни дангасаликка олиб келса, иккинчи тарафдан жамиятда табақаланишга сабаб бўлиши мумкин. Негаки, бирор бир соҳа вакили йўқки, уйида ёнбошлаб ётиб тирикчилик қилаётган бўлса. Бас, шундай экан, мақола муаллифи Камол Муҳаммад Ёқуб таъкидлаганидек, мамлакатимизда илм-фан соҳасида олий ўқув юртларига ўқишга кириш борасида ёшларимиз учун асосий мезон — фақат билим, қобилият, иқтидор бўлиши керак. Бу борада бирор жабҳада орқага қайтиш, кимгадир имтиёз бериш бўлмаслиги шарт. Илм-фан соҳаси имтиёзга эмас, чинакам билимга асосланиши зарур. Ана шунда илм-фан янада ривож топади, мамлакат тараққиётининг асосига айланади.

Муассис ва газета қандай бўлиши керак, деган саволга жавобан «Маҳалла» ва «Ишонч» газеталари ҳамда уларнинг муассисларини айтсак, холис гапирган бўламиз. Негаки, шундай муассислар борки, ўз газетасининг моддий-маънавий аҳволидан мутлақо бехабар. Яна баъзилари эса ўз нашрини чизган «чизиғи»дан чиқармайди, бирор мавзу ёритилишидан олдин қош-қовоққа қаралади. Ушбу икки нашрнинг доимий кузатувчиси сифатида айтишим мумкинки, улар сондан-сонга ўқишли, долзарб, айрим номдор нашрлар берсамми-бермасамми, деб олти ой ўйлаб ўтирадиган мақолаларни ҳам кунда-кунора чоп этиб боряпти. Бу эса муассиснинг асл вазифаси нашрга шароит қилиб бериб, бемалол ижод қилиш учун кўмак бериш эканлигини амалда кўрсатаётир. Шу боис бу каби нашрлар тилга тушиб, жамоатчилик эътиборини муҳим мавзуларга қаратмоқда. Масалан, «Маҳалла» газетаси мухбири Юлдуз Ҳожиева ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган икки аёлнинг яна бошқа бир аёлни аёвсиз калтакланаётгани акс этган видеоси ҳақида «Қўшкўпирлик аёл нега хўрланди?» сарлавҳали мақола тайёрлаган. Унда воқеанинг асл сабабларини таҳлил қилар экан, кейинги пайтларда бундай ҳолатлар кўпайиб бораётгани, бунинг сабаб ва ижтимоий омиллари ҳақида изтироб билан мулоҳаза юритади муаллиф.

Умуман, 32 саҳифада чоп этиб келинаётган «Маҳалла»нинг бу галги сонида бирорта ҳам «шунчаки» мақола йўқлиги эътиборни тортса, «Ишонч», «Маърифат», «Оила даврасида», “XXI аср”, «Миллий тикланиш», «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ўзбекистон овози» каби газеталарнинг нафақат мавзулари, балки дизайни, мақолани жойлаштириш услубларида ҳам катта ижодий ёндашув кўзга ташланаётгани қувонарлидир.

Назаримизда газетани ахборот манбаи, деб қараш бугун эскирди. Чунки интернет ривожланган бугунги кунда ўқувчи учун қайсидир туманда қандайдир корхона очилгани қизиқ эмас. Қолаверса, нашрнинг керакли манзилга етиб бориши тобора муаммо бўлиб бораётган айни дамда ахборот эскириб бўлади. Шундай экан, одамларни ўйлантираётган муаммоларни, тараққиётга ғов бўлаётган коррупция ҳолатларини, минг марта айтсакда, ҳеч йўқотиб бўлмаётган таниш-билишчиликни, қариндош уруғларини катта-катта амалларга миндириб қўйган амалдорларни кўпроқ уриб чиққан, бунга журъат этган нашрларгина яшаб қолади.

Яна бир гап. Бугун номдор сайтларда бирор мавзу ёритилиб, шов-шув бўлса, уни ўқишга ошиқамиз. Жиддий мавзуни дадиллик билан танқид қилган сайт ижодкорларига офарин деймизу, маълум муддат унинг ўчириб юборилганини кўргач эса нима дейишни билмай қоласан, киши. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам, газета муштарий учун садоқатли. Зотан, газета — ҳужжат. Газета — гувоҳ. Уни ўн йил, юз йилдан кейин ҳам ўқиш, саҳифаларидан керакли манбаларни топиш мумкин. Бунинг учун бугун сизу биз ёзса бўладиган, аниқроқ айтганда, йигирма йилдан кейин ҳам берса-бермаса бўлаверадиган мавзуларни эмас, ёзмаса бўлмайдиган ҳолатларни кўпроқ олиб чиқсак, нафақат ўқувчи, балки виждон олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

ЎзА


Телеграм: @mahalladosh_uz