Янги завод «GM» монополиясига чек қўядими?
Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистонда жами 271 098 дона автомобиль ишлаб чиқарилган. 2018 йилда эса бу кўрсаткич 220 667 донани ташкил этган. Бу рақамлар юртимизда йилдан-йилга автомобилсозлик саноати ривожланиб, шунга монанд енгил автомобиль турларига аҳолининг эҳтиёжи ҳам ошиб бораётганидан далолат беради.
Энг қийин ва мураккаб турдаги саноат маҳсулоти — автомашина ишлаб чиқаришни жадаллаштириш учун инвестиция муҳитини яратиш, маҳсулот таннархини камайтириш, дунё бозорида Ўзбекистоннинг ўзига хос имиджини вужудга келтириш муҳим вазифалардан биридир. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 июндаги «Ўзбекистон Республикасида «Фольксваген» енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу жиҳатдан муҳим аҳамият касб этади.
Нега айнан немис концерни танланди?
«Фольксваген» енгил тижорат автомобилларини мамлакатимизда ишлаб чиқариш лойиҳаси германиялик ҳамкорларнинг Ўзбекистондаги янги қадами бўлиб, бундан ҳар иккала томоннинг ижтимоий-иқтисодий манфааатлари кўзланмоқда. «Ўзавтосаноат» АЖ раҳбарияти кўпгина давлатларнинг етакчи автомобиль компаниялари билан музокара олиб борган бўлса-да, энг мақбул танлов сифатида Германиянинг «Фольксваген» концерни маъқул кўрилди. Тўғри, немис автомобиллари Хитой, Корея, Россия маҳсулоти билан солиштирганда, нархи бирмунча баландроқ. Аммо унинг мустаҳкамлиги, пишиқ-пухталиги, дизайнидаги жозибадорлик харидорга сотиб олгани учун розилик ҳиссини беради.
Шу боис Президентимиз қарори билан «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ негизида «Ўзбе кистон енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишни давом эттириш бўйича «Фольксваген» компанияси томонидан таклиф этилаётган концепция маъқулланди.
— «Фольксваген» дунёдаги етакчи концернлардан бири бўлиб, унинг 31 та давлатда 122 та заводи очилган, — дейди «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖнинг савдо, маркетинг ва сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш бўйича директори Баҳром Раҳимов. — Худди ана шу сегментдаги енгил тижорат автомашинасига Ўзбекистон бозорида бўлган юқори талабнинг мавжудлиги ушбу истиқболли лойиҳага асос бўлмоқда. Жалб этилаётган инвестиция асосида заводда 600 га яқин янги иш ўринларини яратиш мўлжалланяпти.
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади
Биринчи босқич — 2020-2021 йилларда бозорнинг талаб ва таклифи ўрганилиб, маркетинг таҳлили ўтказилгач, «Фольксваген» ва «Шкода» русумидаги тайёр автомобилларни харидорга етказиб бериш режалаштирилмоқда. Янги русумдаги автомашинанинг ички бозоримиздан ўрин эгаллаши турдош маҳсулотлар билан рақобатлашув муҳитини мустаҳкамлайди, харидор учун танлов имконияти кенгаяди. Маҳсулот таннархи камайтирилиб, унинг харидоргирлиги оширилади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса 2022 йилдан бошлаб енгил тижорат автомобилларининг замонавий моделларини ишлаб чиқаришнинг тўлиқ цикли ўзлаштирилади.
— Даставвал автомобилнинг 7 ўриндиқли, кейинчалик бозор талаб ва таклифига кўра, 9, 12, 18 ўриндиқли намуналарини ишлаб чиқариш кўзда тутиляпти, — дея сўзида давом этади Баҳром Раҳимов. — Ҳозирги пандемия шароитида компаниянинг юқори малакали мутахассислари завод муҳандис ва техник ходимлари билан йирик узелли автомобилларни йиғиш бўйича ўқувни май ойининг бошидан онлайн тарзда ўтказиб келмоқда. 50 нафарга яқин мутахассисга қарийб 10 та машғулот ташкил қилинди. «Фольксваген Кедди» моделини йирик узелли йиғиш бўйича бутловчи қисмларни етказиб бериш, барча ҳудудларда дилерлик тармоғи ва сервис хизмати кўрсатиш станцияларини ташкил этишга ҳозирлик кўрилмоқда.
«Евро –5» АЁҚШ шохобчалари очилади
«Фольксваген Кедди» моделидаги автомашина Ўзбекистоннинг иқлим шароитига мос экани ойдинлашди. Ички ва ташқи бозорда бу сегментга минглаб харидорлар топилади. Иккинчи босқичда белгиланган яна бир муҳим вазифа — ушбу авомашина учун «Евро-5» типидаги автомобиль ёқилғи қуйиш шохобчаларининг очилиши билан боғлиқдир.
— Немис автомашиналари экологик муҳитни бузмайдиган хусусиятга эгадир, — дейди Энергетика вазири ўринбосари Бегзод Норматов. — У бензинни кам сарфлайди, ён-атрофга заҳарли тутун тарқатмайди. Ўриндиқлари қулай. Жорий йил июль ойидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Фольксваген» русумидаги енгил тижорат автомобиллари учун «Евро-5» стандарти талабларига жавоб берадиган юқори сифатли дизель ёқилғиси ва автобензинга эга камида биттадан махсус шохобчанинг очилиши мўлжалланмоқда.
Рақобат қай даражада таъминланади?
Албатта, юртимизда янги автомобиль заводининг ташкил этилиши қўллаб-қувватлашга молик ишдир. Аммо янги бренд бошқа турдош маҳсулотлар нархи анча қимматлашган Ўзбекистон шароитига қай даражада мослаша олади? Бундай вазиятда унинг харидоргирлигини таъминлаш қийин кечмайдими? Ана шу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда. Немис автомобилсозларининг Ўзбекистондаги янги маҳсулоти бозорда қандай ўрин эгаллашини эса вақт кўрсатади.
Катта миқдордаги инвестиция сарфланадиган ҳар қандай лойиҳа маълум муддат ўтиб, ўз натижасини кўрсатади. Германия маҳсулотини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағ оқилона ва ўрнига қараб йўналтирилса, шубҳасиз, эзгу ният муваффақиятли ниҳоясига етказилади.
Ҳулкар КУЗМЕТОВА
«Mahalla»
Телеграм: @mahalladosh_uz