Сўкиниш раҳбарликнинг «безаги»ми?
Уч-тўрт йил олдинги даврга назар ташласак, ҳокимият тизимидаги раҳбарларнинг қўл остидагиларни ҳақоратлаши, шаънига тегувчи сўзлар ишлатиши, ҳатто калтаклашгача бориши одатий ҳолга айланган эди. Афсуски, бу иллатдан қутулолмаётган мансабдорлар ҳозирги кунда ҳам кам эмас. Жамиятда эркин ахборот алмашинувига шароит яратилгани туфайли бундай ҳолатлар жамоатчилик назаридан яширин қолмаяпти. Ижтимоий тармоқларда баъзи бир ҳокимлару идора раҳбарларининг оғзидан боди кириб-шоди чиқаётгани акс этган видеотасвирлар тарқалиб кетганига неча бор гувоҳ бўлдик. Айбдорлар халқдан, Президентдан узр сўрашди. Уларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилди, аксарияти лавозимидан олинди. Шунга қарамай, бунақа ҳолатларга чек қўйилмаётгани ачинарли.
Яқингинада Тошкент вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик маркази (ҳозирда собиқ) бош врачининг ходимларини, қўпол десак юмшатиб айтган бўламиз, илон пўст ташлайдиган, инсон шаънини ерга урувчи ахлоқсиз сўзлар билан «сийлаётган» видеоси кўпчиликни «ҳайратга солди». Болохонадор сўкишлар на аёл, на эркак ходимларни четлаб ўтган. Аҳвол қандай қилиб шу даражага етганини тасаввур қилиш мушкул. Албатта, «хизматлари эвазига» мансабдор курсиси билан хайрлашишига тўғри келди. Лекин масала бошқа томонда. Назаримизда, булар — ҳали сизу бизга ошкор бўлиб қолганлари, кўзимиздан яширин қолаётганлари эса қанча экан? Бу «анъана» маҳаллий бошқарув идоралари ва соҳавий муассасаларда анча яшовчан бўлиб кўринмаяптими? Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу иллатни таг-томири билан йўқотиш ҳақида қатъий огоҳлантиришлар берилиши, аниқланган ҳолатларга тегишли чоралар кўрилиши нега айрим раҳбарларни ҳушёр торттирмаяпти? Аслида муаммонинг илдизи қаерда?
Ҳуқуқий назорат етарлими?
Шу ўринда бир жиҳатга эътибор беришимиз керакки, жамоатчилик ўртасида мансабдорларимизнинг ушбу камчилиги қайта-қайта танқид қилиниши, аниқ далиллар муҳокама қилинишига қарамай, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ҳолатга қарши жиддий курашаётгани сезилмайди. Тўғри, қонунчиликда ҳақорат қилувчига нисбатан чора кўриш учун жабрдийда фуқаронинг мурожаати талаб қилинади. Лекин халқимиз андишали, тўғрироғи, бироз қўрқоқроқ ва журъатсизроқ эканини, журъат топганда ҳам ҳақоратни исботлаш мушкуллиги, энг ёмони, эртага яна барибир ўша раҳбар билан ишлаши, тазйиқига дуч келишини инобатга олсак, бундай ҳолатлар нима учун кўпинча «ёпиғлиқ қозон»лигича қолиши, оғзи ботир, қўли югурувчан амалдорларга бу айни муддао бўлиб келаётганини англаш қийин эмас.
Хўш, давлат миқёсида бошқарув органлари раҳбарларининг мазкур қонунбузарлигига чек қўйиш талаби қўйилган экан, нега ҳуқуқ-тартиботчилар айни шундай ҳолатларни фош этиш бўйича рейдлар ўтказиш ва уларга тегишли чора кўрилгани ҳақидаги гаплар қулоғимизга чалинмайди? Ёки бу жиддий муаммо эмасми? Янаям қизиғи, инсон шаънининг шу усулда топталиши акс этган видеолар прокуратура ва ички ишлар идораси раҳбарлари жараёнда ҳозир бўлиб, бефарқ қараб турган ҳолатларини ҳам исботлади. Шундай вазиятда халқ кимдан нажот кутиши мумкин?
Олди олинмаса, келгуси авлодга ҳам мерос бўлиб ўтиши муқаррар
— Жамиятимиздаги бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа ва ҳодисалар шиддатида баъзи раҳбарларимиз бошқарувда жуда катта ўзгариш бўлганини илғаб олишга қийналяпти, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова. — Айрим раҳбарлар эса билиб туриб ўзгаришни истамаяпти, қайсарлик қилиб эски қоидаларни қўмсаётганини билдириб қўйяпти. Қонунга нописандлик қилиш, одамларни ерга уриб руҳий таъсир ўтказишга уриниш, гўёки ўзининг зўрлигини кўрсатиб қўйиш ҳолатлари кузатиляпти. Бундай ҳолатлар кўпайиши, айбдорлар жазосиз қолиши одамларда қонунга, давлатга нисбатан ишончсизлик туғдириши мумкин.
Раҳбарлар, таниқли шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, кийиниши, сўзлаши кўпчиликка эталон бўлишини ҳаммамиз биламиз. Шу томондан қаралганда, сўконғич, беодоб, ҳуқуқбузар раҳбар кўпчиликнинг, айниқса, ёш ходимларнинг дунёқарашига жиддий зарар етказиши аниқ.
Фикримча, раҳбарлар томонидан содир этилаётган бу каби ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш учун қонун қатъий қўлланиши керак ва бу жараён жамоатчиликка кўрсатилиши лозим.
Ҳокимлар, умуман, раҳбарлар ҳуқуқбузарлик содир этганда, албатта, қонун устуворлиги таъминланиши, кўрилган жазо чораси ҳақида аҳолига тезкор маълумот берилиши керак. Бизда шу нарса етишмаяпти. Эҳтимол юқорироқда ўтирган баъзи раҳбарлар «қозонни ёпиш»га уринаётгандир. Лекин айбдор раҳбарлар жазосиз қолиши ҳеч қачон яхши оқибат келтирмайди, салбий ҳолатлардан сақлай олмайди.
Одамларни, жамоатни қадрламаган раҳбар ёки хизматчи давлатнинг ўзини ҳам ҳурмат қилмаган бўлади аслида. Сўконғич, уронғич раҳбарлар ҳаракатларига қонунга ва ана шу мезонга суяниб иш тутишни ўрганмасак, давлат ўзгараётганига одамларни ишонтира олмаймиз.
Хулоса ўрнида
Кўпинча мансабдорлар ўзларининг бундай хатти-ҳаракатини асабий ҳолатда содир этгани, одамларнинг ўзи, яъни уларнинг масъулиятсизлиги, юклатилган топшириқ ёки мажбуриятни бажармай қонига ташна қилиши шундай ҳолга туширгани билан оқлашга уринишади. Қайсидир ўринда улар ҳақ бўлиши мумкин, лекин аксарият ҳолларда бу бошқаришнинг қонунда ёзилмаган усули эканини тан олишимиз лозим. Зўравонлик билан ҳеч қачон яхши самарага эришилмагани эса кундек ҳақиқат. Шундай экан, мазкур масалада ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қатъий кураш олиб борилиши, энг аҳамиятлиси, бошқарув идоралари фаолиятининг шаффофлиги, раҳбарларнинг халқ олдида ҳисобот бериши тизимини йўлга қўйишни таъминлаш мақсадга мувофиқдир.
Тўлқин ШЕРНАЕВ
«Mahalla»
Телеграм: @mahalladosh_uz