Ногиронлиги бор боласини парваришлаётган оналар ижтимоий ҳимояга олинганми?
Сурхондарё вилояти Узун туманидаги Нуриддин Жабборов номли маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нафиса Эрманова тақдирига битилган инсон билан оила қурди. Аммо кўп ўтмай, турмушдаги жанжаллар, келишмовчиликлар ўртадаги ришталарга путур етказди. Аёл рўзғорини сақлаб қолишга кўп уринди. «Фарзандларим отасиз ўсмасин», деди, аммо бўлмади. Ахири, ҳеч қаерда ишламайдиган, алкоголь ичимликларга муккасидан кетган, оила масъулиятини унутган эр билан ажрашишга қарор қилди. Аммо оиладан қолган «мерос» аёл қалбини йиллар ўтса-да, тирнаб келмоқда. Яъни, 2009 йилда Нафисанинг энг кичик фарзанди туғма ногиронлик билан дунёга келган. Айни пайтда она ногирон фарзанди учун 518 минг сўм нафақа пули олади. Бироқ бу маблағ на боланинг еб-ичиши, на дори-дармони, на рўзғорнинг кам-кўстига етади...
Чет элда моддий рағбатлантирилади. Бизда-чи?
Хабарингиз бўлса, яқинда Ўзбекистон Халқ демократик партияси болаликдан ногирон фарзандини ёки биринчи гуруҳ ногирони бўлган оила аъзосини парвариш қилаётган фуқароларга нафақа тайинлаш таклифи билан чиқди. Бунга эса жиддий сабаблар бор.
— Хизмат тақозоси билан оиласида ногиронлиги бор болаларни парвариш қилаётган оналар билан кўп учрашаман, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда Ворисова. — Халқимиз болажон, фарзандида қандай касаллик ёки нуқсон бўлишидан қатъи назар, уни бағрига босади ва кўп ҳолатда оиласида парвариш қилади. Кўплаб давлатларда бундай оилалар давлат томонидан моддий рағбатлантирилади. Сабаби, ногиронлиги бор болани давлат муассасаларида парвариш қилиш учун анча катта маблағ сарфланиши керак. Хўш, бизда-чи? Ногиронлиги бор бола учун ҳар ойда 460 минг сўм нафақа белгиланган. Она 55 ёшга етгач, унга ижтимоий нафақа (унинг бугунги миқдори 268 минг сўм) ажратилади. Болани парвариш қилаётган она ёки ота эса меҳнат қобилияти бўла туриб, ишлашга имкони йўқ. Шундай ҳолатда йиллар давомида қаровчи нима эвазига кун кўриши керак? Оилада бир эмас, бир неча ногиронлиги бор болалар ёки ўзини эплай олмайдиган беморларга қараётган юртдошларимизнинг таъминотини ким ўйлайди?
Янги қонунга нега эҳтиёж туғилди?
Маълумки, 2006 йилда амалдаги «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган бўлиб, унда ногиронликка асосан тиббий тушунча сифатида ёндашилиб, бундай инсонларнинг жамиятга фаол интеграциялашувини таъминлаш борасида ҳуқуқий асослар етарли акс эттирилмаган эди. Шу боис айни кунларда «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтмоқда. Хусусан, ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг манфаатларига хизмат қиладиган янги меъёрларни қонунга киритиш, шу билан бирга, амалиётда бор керакли меъёрларни сақлаб қолиш учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қатъий фикрда туриб таклиф бермоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, янги қонун лойиҳаси халқаро тамойилларга мос равишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётида бевосита иштирок этиши учун шароит яратишдек ўта долзарб масалаларни назарда тутади.
— Қонун лойиҳасидаги «Ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий уй-жойни биринчи навбатда олиш ҳуқуқига эгадир», деган меъёр чиқариб ташланишига қатъий қарши чиқдим, — дейди Мақсуда Ворисова. — Ушбу меъёр ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясида жуда муҳим бўлганлиги учун якунда сақлаб қолинди.
Мамлакатимизда сурдопедагоглар 5 нафарга ҳам бормайди
Шунингдек, қонун лойиҳасидаги «Давлат ҳар йили сурдотаржимонлар, сурдопедагоглар, дефектологлар ва логопедларни ўқитади», деган меъёр «қонунни предмети эмас», деган важ билан чиқариб ташланишига депутат Улуғбек Вафоев кескин равишда қаршилик билдирди. Депутат ушбу меъёрни сақлаб қолиш кераклиги, амалиётда сурдотаржимон ва сурдопедагоглар етишмаётгани, Ўзбекистонда 23 минг нафар кар-соқов бўлса-да, уларга атиги 50 нафар сурдотаржимон хизмат кўрсатиши, бу эса тегишли меъёрлар ва инсонийлик мезонларига тўғри келмаслигини ўз фикрининг асоси сифатида келтириб ўтди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда сурдопедагоглар 5 нафарга ҳам бормайди. Бу эса ногиронлиги бор юртдошларимизнинг жамиятга фаол интеграциялашувига салбий таъсир кўрсатаётган жиддий омиллардан биридир. Шу боис муҳокамалар якунида «Давлат ҳар йили сурдотаржимонлар, сурдопедагоглар, дефектологлар ва логопедларни ўқитади», деган ҳукуматга вазифа юкловчи меъёр ҳам сақлаб қолинди.
Хулоса ўрнида
Бугун юртимизда ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахсларга жамиятнинг ажралмас қисми сифатида эътибор қаратиб келинмоқда. Бироқ ногиронлиги бўлган фарзандлари бор оналар ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина. Ўйлаймизки, «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тизимдаги қатор муаммоларга ечим бўлади, албатта.
Саъдулло ТУРСУНОВ тайёрлади.