Ҳаётдан нолиманг
Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари бир куни кўчадан уйга қайтсалар, ўғиллари маҳзун, ғамгин ҳолда ўтирарди. Нимага бу ҳолда ўтирганини сабабини сўраганларида, ўғиллари: Ҳеч гап йўқ - деб, жавоб берибди. Мавлоно ҳовлига чиқибдилар. Ташқарида бўрининг пўстини осиғлиқ турарди, уни олиб устиларига ёпдилар ва қўлларини тепага кўтариб, уввилай бошладилар. Отасининг бу ҳолини кўрган ўғил, кулиб юборибди.
Мавлоно:
- Кўрдингми ўғлим? - дебдилар. Дунёда ғаму ташвиш, дарду ҳасратлар ҳам мана шунга ўхшайди. Бўри аслида жуда қўрқинчли, йиртқич ҳайвон. Лекин сен, пўстиннинг орқасида (ичида) отанг турганини билганинг учун, қўрқмадинг ва кулдинг. Шундай экан, дунёда қандай ғаму кулфат, ташвишу дард бўлса ҳам уларнинг ортида Аллоҳ турганини билгин ва Унга ишонгин!
Бугунги кунда бўлар, бўлмас нарсаларни деб, оиласидаги келишмовчиликни баҳона қилиб, отаси айтган нарсасини олиб бермагани учун, ўз жонига қасд қилаётган ёшлар кўпайиб қолди. Бу ҳикоятга эътибор қилсак, инсон бошига қандай иш тушмасин, албатта, Аллоҳ уни кузатиб турганини, ва уша қийинчилик ортидан бир яхшилик келишини ҳис қилиб яшашлиги лозимлигини тушуниб олишимиз мумкин. Қўшни маҳаллада истиқомат қиладиган Аҳаджон ота борлар. Ўзлари бир неча йил таълим соҳасида ишлаб, ҳозирда кексаликнинг гаштини суриб келмоқдалар. Шу киши билан бир куни қўшнимизникида эхсонда ҳамсуҳбат бўлиб қолдик. Бошдан ўтган кунларни эслаб, кўзларида ёш билан, болаликдаги бир воқеани айтиб бердилар. Уруш тугаган пайтлар эди, ҳаммаёқда очарчилик, қаҳатчилик вақтлари эди. Рамазон Ҳайити яқин қолган кунлар эди. Отам бир куни келдиларда, Худо ҳоҳласа ўғилларим, ҳайит куни ўзим бир ош қилиб бераман, дедилар. Дадамнинг бу гапларини эшитиб, маҳаллага чиқиб ўртоқларимга роса мақтанганман. Кейин Ҳайит куни бўлди, лекин ошдан дарак бўлмади. Кечга яқин отам кириб келдилар-да, йиғламсираган ҳолда, ўғилларим, бугун имкон қилолмадим, Худо насиб қилса, кейинги Ҳайитда қилиб бераман, дедилар. Биз ҳам бу гапни эшитиб, кейинги Ҳайитда бўлсада, ош ейишимизни орзу қилиб, шу ҳолимизга ҳам хафа бўлмай, хурсанд ҳолда кўчага ўйнагани чиқиб кетдик. Ҳозирги ҳолимизга минг бора шукрлар қилсак, арзийди, деган эди шу киши. Айтмоқчимизки, ҳозирда ажрашиб кетаётган оилаларнинг бир қисми, хотиннинг моддий талабини бажара олмаслик оқибатида эр талоқ айтиб юбормоқда. Эр уйга ишдан ҳориб, чарчаб келган пайтда, хотини у кам, бу кам, деб эҳтиёжидан ортиғини эридан талаб қилади-да, натижада ўзи шундоқ ҳам асабий бўлиб қолган эр хотинини ё талоғини беради, ё уради, ё хайдаб солади. Биз кўпинча, тўйга тайёргарлик масаласида, фақатгина моддий томонини тушунамиз. Аслида, узатаётган қизимиз ё уйлаётган ўғлимиз турмуш қуришга тайёрми? Рўзғор ташвишларига, йўқчиликка, тўқчиликка дош бероладими, эрнинг ҳаққи, хотиннинг ҳаққи, деган нарсаларни англайдими ёки жисмоний ҳолати кўтарадими деган асосий масалаларни ортга суриб қўямиз. Одоб, ахлоқ масалаларини ҳам бир четга суриб қўямиз. Биринчи ўринда, тўйни серҳашам, дабдабали қилиб, бекаму кўст қилиб ўтказишим керак, деб овора бўлиб қоламиз. Бу нарсаларга эришиш учун ўзимизни ўтга урамиз, чўққа урамиз.
Азизлар, аслида четга ишлагани чиқиб кетаётган биродарларимизнинг деярли ҳаммаси мана шу бўлар бўлмас орзу ҳаваснинг қурбонлари. Қизимнинг тўйини ё ўғлимни тўйини чиройли ўтказишим керак, деб қанчадан қанча ватандошларимиз ўзга юртларда ишлаб, қийналиб юрибди. Қанчаси вафот этиб, имкон қила олгани олиб келмоқда, қанчасидир қолиб кетмоқда. Мана шу нарсаларни мулоҳазасини қилиб, тўғри хулоса чиқарайлик.
Кеча бир киши айтиб қолди, оғайнисининг қизи келиб қолганмиш, сабаби, иккита қиздан кейин учинчиси ҳам УЗИда қиз чиқибди, шунга ажрашмоқчи эмиш. Қизиқ томони, ''эркак'' бўлмиш куёв бола, учинчиси ҳам қиз бўлса, шунча қизларни чиқариш ўзи бўладими, деган баҳоналарни қилмоқда. Ўғил бўлмагани бу иккинчи масалага айланиб қолмоқда. Бу гапни куёв қолиб, отаси ҳам маъқуллаётганмиш. Ҳа қизми, ўғилми, ризқи билан туғиладику, дейишса ҳам тан олмаяпти, деб жон куйдириб гапирди. Мана, азизлар, биз қаерга қараб кетяпмиз. Буларнинг бари тўқликка шўхликнинг бир кўриниши.
Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳридаги Мирёқуббой-Мирхакимбойжомеъ масжиди имом-хатиби
Телеграм: @mahalladosh_uz