September 14, 2020

Эскиликка айланмасдан муаммолар гирдобида қолган тизим?

БИРИНЧИ ҲОЛАТ. Илҳом машинасидан телефонини ўғирлатиб қўйди. Уни топиш мақсадида Чилонзор тумани ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. Шунда масъуллардан бири йўқолган телефонларни топиш ваколати ички ишлар органларидан олиб қўйилганини айтди. Илҳом эса бошини қаерга уришию дардини кимга айтишини билмай қолди.

Мурожаатдан сўнг, вазиятга ойдинлик киритиш учун масъулларга юзланганимизда, фуқаро телефонини ўғирлатганда ёки эҳтиётсизлик сабаб олдириб қўйган тақдирда ички ишлар бўлимларига бу ҳақда ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигини билдиришди. Ил­ҳомнинг вазияти ҳақида маълум қилганимизда, унинг мурожаати ҳам кўриб чиқилишини айтишди.

Аслида, ҳар қандай чалкашлик кишининг ўз ваколатлари ва вазифа­ларини тўғри тушуниб етмаслиги оқибатида келиб чиқади. Юқоридаги ҳолатга биз ҳам айни шундай баҳо бердик.

Аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор. Эсингизда бўлса телефон қурилмаларимиз IMEI кодларини рўйхатдан ўтказганимизга ҳали кўп бўлмади. Ҳайратланарлиси, қурилма тизимга уланган бўлса, уни топиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни безовта қилиш шартми? Ўғирланган телефонни қидириш ва топиш амалиётида бирон ўзгариш ясалмас экан, унда янги тизимни жорий қилишдан муддао не бўлган?

ИККИНЧИ ҲОЛАТ. Ҳамкасбим планшетининг IMEI кодини рўйхатдан ўтказишга бир ҳафтадан буён уринаётгани, бироқ сўрови текширувдан ўтмаётганини айтди. Ҳар гал 1170 рақамидан қурилма 6 ойдан буён чегарадан ўтмагани ҳақида жавоб келаётган экан.

Ҳақли савол туғилади: ҳамкас­бим ўз планшетидан фойдаланиш учун чет элга чиқиб келиши керак­ми шунда? Наҳот белгиланган сум­ма тўланса-да, киши ўз буюмининг IMEI кодини ололмаса?

Аслида, қурилмаларни IMEI ко­дини рўйхатдан ўтказишдан кўз­ланган мақсад нима эди?

Мақсад нима эди?

Мақсад – мобиль қурилмалар­даги ўзига хос идентификация кодлари тўғрилигини текшириш, мулкдорлари ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, аппа­ратлардан уларнинг эгаларини огоҳлантирмасдан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик ва сифатсиз қурилмалар сотилиши­нинг олдини олиш эди.

Шунингдек, мобиль қурилмалар нолегал олиб кирилишини қисқар­тириш ва божхонада расмийлашти­рилмаган товарни аниқлаш имко­нини бериши назарда тутганди.

Бироқ юқоридаги икки ҳолат янги тизимнинг амалдаги ҳарака­тида тизимли муаммолар мав­жудлигини кўрсатмоқда. Киши кўнглига турли бўлмағур фикрлар оралайди: буям пул ишлашнинг бир йўли бўлгандир балки...

Тизимнингтизимиданмисичиқди?

Сўнгги пайтларда шу код атро­фидаги маш-машалар болалади. Хориждан келаётган ҳамюртлари­миз ҳам телефонларини рўйхат­дан ўтказишда турли муаммоларга дуч келаётганини айтишди. Ва­зиятга масъуллар қандай изоҳ беради?

Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув ҳамкорли­ги бошқармасининг маълум қилишича, хорижий давлатлар­дан мамлакатимизга келаётган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан учинчи шахслар томонидан ноқону­ний равишда фойдаланилиб, уларнинг маълумотлари асоси­да «UZIMEI» мобиль қурилма­лар IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими орқали келиб чиқиши маълум бўлмаган уяли алоқа воситалари рўйхатга қўйилаётгани ҳақидаги муро­жаатлар сони ортиб бормоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуни билан ҳи­мояланган. Фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини қонунга хи­лоф равишда йиғиш, тизимлашти­риш, сақлаш, ўзгартириш, тўлди­риш, улардан фойдаланиш, тарқа­тиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-мод­дасига асосан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш баравари­гача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Ўша ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин со­дир этилса ёхуд оғир оқибатларга сабаб бўлса, Жиноят кодексининг 1412-моддасига асосан, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бошқарма телефонларининг IMEI кодлари билан боғлиқ муам­молар юзага келса, яшаш манзил­лари бўйича ички ишлар органла­рига мурожаат қилишини тавсия этмоқда.

Ишончтелефониишгатушди

Ижтимоий тармоқларда тар­қалган хабарларда фуқароларимиз хориждан олиб кирган шахсий мо­биль қурилмалари кодини Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш вақтида уларнинг номига бошқа мобиль қурилмаларни уларнинг хабарисиз расмийлаштирилгани, бунда паспорт маълумотлари учинчи шахсларга турли хизмат ходимлари томонидан тақдим этилган бўлиши мумкинлиги кўр­сатиб ўтилганди.

Давлат божхона қўмитаси ва­зиятга аниқлик киритди.

— Текшириш натижаларига кўра шахсларга доир маълумотларни йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаёт­ган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди, — дейди Божхона қўми­таси ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломов. — Ўрганишлар­дан О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтиб, у ерда юртимизга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт маълумотларини теле­фон ёрдамида расмга тушириб, «Телеграм» мессенжери орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шу­ғулланиб келгани маълум бўлди. Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечи­рилганда, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълу­мотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб бергани учун ҳар бирига 5 АҚШ доллардан ҳақ ол­гани ойдинлашди. Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг 1412-моддасининг 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Бу каби ҳолатларга дуч келган фуқароларимиздан қўмитанинг ишонч телефони 11-08 рақамига мурожаат қилишини сўраймиз.

Қизиғи, бир тизим атро­фида бўлаётган бу ғиди-би­диларга негадир энг муҳим унитар корхона қўшилмаяп­ти, муносабат билдирмаяп­ти.

Ҳурматли масъулларнинг тизимга оид саволларга жавоб беришни чўзганлари билан ҳеч нарса ўзгармайди. Яхшиси, сан-сол, ман-сол­ни йиғиштириб, вазифасига масъулият билан ёндошиши лозим. Шунда деди-дедилар кўпаймайди, аҳоли турли гумонга бормайди.

Рисолат МАХСУМОВА


Телеграм: @mahalladosh_uz