Имтиёзлар қанчалик адолатли тақсимланади?
Сир эмас, авваллари олий таълим олиш борасида олис туман ва қишлоқлардаги аксарият хотин-қизларнинг орзулари сароблигича қолиб кетарди. Бунга моддий етишмовчилик ёки оиладаги муҳит қайсидир маънода таъсир кўрсатарди. Шу сабаб қанчадан-қанча илмга ташна ва қобилиятли қизлар оила ташвиши билан ўралашиб қолди. Жорий йилда эса ана шундай нозик хилқат вакиллари учун яна бир имконият эшиклари очилди. Улар учун ОТМга алоҳида имтиёз белгилаб берилди.
Хўш, хотин-қизлар имтиёзли асосда олий ўқув юртларига қандай тартибда қабул қилинади? Имтиёзлар кимлар учун белгиланган? Улар қанчалик адолатли тақсимланади? Айни саволларга жавоб топиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Дилшода МИРЗАЖОНОВАга мурожаат қилдик.
Кимларга тавсиянома берилади?
— Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди, — дейди Д.Мирзажонова. — Унга кўра, олий таълим муассасаларининг бакалавриатига хотин-қизлар учун қўшимча тўрт фоизли давлат гранти ажратилди. Талабаликка Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг белгиланган шаклдаги тавсияномаларига эга бўлган абитуриентлар тест синовлари натижаларига кўра қабул қилинади. Алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу имтиёз амалдаги грант ўринларига таъсир ўтказмайди. Яъни бу хотин-қизлар учун жорий йилда ажратилган алоҳида имтиёз ҳисобланади.
Олий маълумот олиш истагида бўлган иқтидорли хотин- қизларнинг танловда иштирок этиши учун тавсиянома бериш мезонлари белгиланди. Унга кўра, тавсияномалар кам таъминланган оиладан чиққан, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар, 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл(эркак)- ларнинг қизлари, шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар, ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида ҳисобда турган, ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизларга берилади.
Бундан ташқари, мазкур рўйхатга олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан) киритилган.
Қандай ҳужжатлар керак?
Тавсияномага талабгор томонидан Маҳалла ва оилани қўллаб- қувватлаш вазири номига ариза, белгиланган мезонлардан бирини тасдиқловчи ҳужжат (иловаси билан), маълумотнома-объективка, умумий ўрта таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасидан маълумотнома, паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхалари тақдим этилиши керак.
Юқорида келтирилган мезонлар асосида талабгор хотин-қизларнинг ҳужжатларини қабул қилиш туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан амалга оширилади. Ишчи гуруҳлар томонидан ҳужжатлар 24 июндан 10 июлга қадар қабул қилиниши режалаштирилган. Ҳужжатлар батафсил кўриб чиқилганидан сўнг ишчи гуруҳнинг хулосаси асосида ўқишга тавсия этилган хотин-қизларнинг рўйхати тасдиқланади.
Туман, шаҳар ишчи гуруҳлари таркибига иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими, молия бўлими, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими бўлими, мактабгача таълим бўлими бошлиқлари, Ёшлар иттифоқи туман, шаҳар кенгаши раиси киритилади.
Тавсиянома олий маълумот олиш истагида бўлган хотин-қизларга 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади. Тавсиянома ажратилган қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида абитуриент сифатида рўйхатдан ўтишида танлаган биринчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқини беради, иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этишга нисбатан татбиқ этилмайди.
Коррупцияга йўл қўйилмайдими?
Жорий йилнинг 15 июлидан 20 июлига қадар вақт оралиғида барча тавсияномалар вазирлик томонидан йиғилиб, Давлат тест марказининг абитуриентлар базасига киритилади. Давлат комиссиясининг 2020-2021 ўқув йили учун хотин-қизларга ажратилган тўрт фоизли қўшимча давлат грантига республика бўйича жами 940 та жой ажратилган.
Тан олиш керак, ушбу имтиёз эълон қилинганидан кейин аҳоли ўртасида турли фикрлар пайдо бўлди. «Бу яна таниш-билишчилик ёки коррупцияни келтириб чиқармайдими?», «Танлов қай даражада адолатли ўтади?» деган саволлар ўртага ташланди.
Алоҳида таъкидлашни истардикки, ушбу жараён билан боғлиқ коррупциянинг олдини олиш учун ҳудудларда махсус ишчи гуруҳлари ташкил этилган. Ҳар бир тақдим этилган ҳужжатнинг тўғри ёки нотўғрилиги учун жавобгарлик кўзда тутилган. Берилаётган тавсияномалар ишчи гуруҳи баённомаси орқали тасдиқланади, демак, гуруҳ аъзоларининг ҳар бири ушбу ҳужжат учун жавобгар саналади.
Шунингдек, тавсия этилган номзодларни танлашда туман (шаҳар) ишчи гуруҳлари томонидан очиқлик, ошкоралик, адолат ва шаффофлик тамойилларига қатъий риоя этилишига Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари, уларнинг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда хавфсиз маҳалла фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўринбосарлари шахсан жавобгар экани белгилаб қўйилган.
«Mahalla» мухбири
Нилуфар ЮНУСОВА ёзиб олди.