Рақамли иқтисодиёт: янги инновацион лойиҳалар қандай самара бермоқда?
Cўнгги вақтларда «рақамли иқтисодиёт» атамаси ижтимоий таомилимизга тез кириб бормоқда. Иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда рақамли технологияларга бўлган талаб ортиб, унинг ҳаётимизда тутган ўрни тобора мустаҳкамланаётир. Бу эса ўз-ўзидан одамларни ушбу фаолият тури ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлиш билан бирга, унинг фаол иштирокчисига айланишига катта таъсир этмоқда.
«Электрон ҳукумат» хизматлари нега талабга жавоб бермайди?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил — Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилиниши, таъбир жоиз бўлса, бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Қолаверса, шу йил 28 апрелда давлатимиз раҳбарининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳада белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш, бир сўз билан айтганда, рақамли иқтисодиётни ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кенг татбиқ этишда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Бироқ тан олиш лозимки, ҳали бу борада қилиниши керак бўлган ишлар, ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар талайгина. Хусусан, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун етарли шарт-шароит яратиш, соҳанинг «тилини биладиган» IT бўйича етук кадрлар, дастурчиларнинг янги авлодини тарбиялаш, мутахассислар малакасини ошириш каби ечимини кутаётган жуда кўп масалалар мавжуд. Қолаверса, бугунги кунда рақамли иқтисодиёт, «Электрон ҳукумат» хизматларига талаб кундан-кунга ортиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда 780 тур давлат хизматидан бор-йўғи 185 тасидан «электрон портал» орқали фойдаланиш имкони мавжуд. Афсуски, аксарият ташкилотларда иш жараёнини рақамлаштириш фақат ҳужжат алмашинувини электронлаштириш билангина чекланиб қолинмоқда.
Яшил, қизил ва кўк ҳудудлар нимани англатади?
— Муаммонинг олдини олиш мақсадида эндиликда «Электрон ўқитиш дастури» орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассис сифатида ишга олиш режалаштирилмоқда ва улар ташкилотларнинг барча фаолиятини анъанавий электрон форматдан рақамли кўринишга ўтказишга масъул бўлади, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукуматни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Шукуров. — Шунингдек, жорий йил 200 та янги тизим ишлаб чиқилиб, ҳар бир тизим бўйича 50 фоиздан кам бўлмаган электрон хизмат кўрсатиш белгиланди. Бундан ташқари, вазирлик томонидан 300 та лойиҳа ва тадбирларнинг тармоқ жадваллари тасдиқланиб, ҳудудлар яшил, қизил ва кўк рангларга ажратилди. Бу эса ҳудудларда IT соҳасининг ривожланиш жараёнлари қандай кетаётганлигини кузатиб бориш имконини беради. Қолаверса, ҳудудларда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш режалаштирилмоқда. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ва графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
Яна бир гап. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2020-2022 йилларда электрон ҳукуматни янада ривожлантириш бўйича 1,3 триллион сўмга тенг 104 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Қайд этилганидек, давлат идораларида мавжуд 700 дан ортиқ ахборот тизимларининг атиги 30 фоизи «Электрон ҳукумат» тизимига улангани, давлат хизмати кўрсатувчи 80 та идоранинг атиги 27 таси Давлат хизматлари агентлигига интеграция қилингани боис энг биринчи навбатда мазкур йўналиш бўйича давлат идоралари маълумотлар базасини таснифлаш, уларни идоралараро интеграцион платформага улаш, электрон ҳамкорликнинг ягона технологик талабларини жорий қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2020 йил охирига қадар «Электрон таълим», «Электрон соғлиқни сақлаш» ҳамда «Электрон давлат хизматлари» йўналишларида 10 га яқин янги тизимлар тўлиқ ишга туширилади.
«1 миллион дастурчи» лойиҳаси ўзини оқлаяптими?
Маълумки, ахборот технологиялари соҳасида кўзланган мақсадларга янги авлод кадрларисиз етишиб бўлмайди. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда «1 миллион дастурчи» лойиҳаси амалиётга татбиқ этилмоқда. Айтиш лозимки, ушбу лойиҳа бошланишиданоқ муҳим эканлиги маълум бўлди.
– «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида машғулотлар uzbekcoders.uz ўқув портали орқали олиб борилиб, бугунга қадар мазкур лойиҳада 62 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этди ва уларнинг 5400 нафари махсус сертификатларни қўлга киритди, – дейдиЖаҳонгир Шукуров. — Ҳатто, бир қанча битирувчилар йирик компанияларда дастурчи сифатида ўз фаолиятларини бошлади. Шу боис йил охирига қадар ушбу лойиҳа ўқувчилари сонини 100 мингтага, 2021 йилнинг биринчи ярмида эса 150 минг нафарга етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, умумтаълим мактаблари юқори синф ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабаларини ахборот технологиялари соҳасида ўқитишни uzbekcoders.uz портали орқали ташкил этиш режалиштирилган. Қолаверса, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида тегишли йўналишларнинг мутахассислик фанлари ҳамда мактабларда 5-синфдан ўқитиб келинаётган «Информатика» фанини замонавий технологиялардан келиб чиқиб такомиллаштириш, ушбу фанга «1 миллион дастурчи» лойиҳасига доир йўналишларни киритиш мақсад қилинган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, агар мамлакатимизни ҳар томонлама тараққий этишини истасак, IT соҳасини янада ривожлантириш, бу борадаги мавжуд барча имкониятларни тўлиқ ишга солиш, энг асосийси, билимли ва етук мутахассисларнинг янги авлодини тарбиялашга эътибор қаратишимиз зарур. Ана шундагина соҳада кўзланган мақсадларга эриша оламиз.
Саъдулло ТУРСУНОВ
Телеграм: @mahalladosh_uz