June 20, 2020

Дунё иқтисодий таназзулда. Ўзбекистон-чи?

Коронавирус пандемияси бутун дунё учун катта синов бўлмоқда. Вужудга келган глобал инқироз барча мамлакатлар иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатяпти. Жаҳон банкининг прогнози бўйича 2020 йилда дунё ялпи глобал маҳсулоти 5,2 фоизга, АҚШда ялпи ички маҳсулот 6,1 фоизга, Россияда 6 фоизга, Европа Иттифоқида 9,1 фоизга тушиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Хитойда 1 фоиз, Ўзбекистонда эса 1,5 фоиз иқтисодий ўсиш бўлиши тахмин қилинмоқда. Коронавирус пандемияси туфайли дунё иқтисодиётида автомобилсозлик, авиакомпаниялар, туризм, энергетика саноати жиддий зарар кўрди. Жаҳон иқтисодиёти ўсиш прогнозлари 2,5 фоиздан 1,3 фоизга тушди.

Инқироз туфайли дунёдаги иш жойларининг деярли 80 фоизи ёпилди. Ҳисоб-китобларга кўра, глобал миқёсдаги ишсизлик даражаси 25 фоизга чиқиши, дунё савдо ҳажми эса 35 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда. Айни пайтда дунёда қашшоқлик даражаси 50 фоизга ошиш эҳтимоли ҳам мавжуд. Таъкидлаш жоизки, кўлами ва ҳажми нуқтаи назаридан олиб қараганда, COVID-19 эпидемияси натижасида юзага келган ушбу иқтисодий инқироз аввалги инқирозларнинг энг даҳшатлисидир. Ана шундай вазиятда Ўзбекистон иқтисоди 1,5 фоиз ўсиши нимага асосланиб прогноз қилинмоқда? Бу хусусда мутахассисларга юзландик.

Иқтисодий инқирозга қарши чоралар борми?

— Бугунги кунда юзага келган инқироз оқибатларини юмшатиш, аҳоли даромади камайишининг олдини олиш, бунинг учун эса, аввало, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда , — дейди Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров. — Ўтган уч ойда иқтисодиёт тармоқларига 2,3 триллион сўм солиқ имтиёзлари берилди ҳамда Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 3,6 триллион сўм ажратилди. Жорий йил иқтисодиётда ўсиш суръатларини таъминлаш учун барча имкониятлар мавжуд. Булар иқтисодиёт ва бюджет барқарорлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини ошириш, банк тизимидаги ислоҳотларни жадаллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта тушумларини таъминлаш, саноатда рақобатбардошликни кучайтириш, кичик бизнесни ривожлантириш, рақамли технологияларни барча тармоқларда кенг жорий қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган. Бюджет тушуми ва харажатларини оптималлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш ҳисобига қўшимча даромадларни таъминлаш, ташқи қарз битимларини тузишда белгиланган чекловдан ошмаслиги керак. Жорий йилда 810 мингта доимий иш ўрнини қайта тиклаш, 310 минг доимий ва 633 мингта мавсумий иш ўрни яратиш бўйича иш олиб бориляпти.

Шунингдек, Президентимизнинг жорий йил 8 июнда қабул қилган «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сони 24 тадан 67 тага кўпайтирилди.

Экспорт салоҳияти қандай?

— Пандемия шароитида экспортни ошириш ва валюта тушумини таъминлаш жуда долзарб масала, — дейди Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзақов. — Ташқи бозорларда талабнинг кескин камайиши экспортчи корхоналарга жиддий таъсир қилмоқда. Юртимизда фаолият юритаётган 6000 га яқин экспортчи корхоналарнинг ҳар биттаси билан манзилли ишлар амалга ошириш натижасида 33 фоизида муаммо аниқланиб, уларни бартараф этиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Корхоналар фаолияти учун салкам 4 трлн. сўмлик кредит ажратилди. Мингтадан ортиқ хориждан мутахассислар олиб келиниб, экспорт лойиҳалари устида иш олиб бориляпти. Жорий йилда республика экспорт тушумини 17 миллиард АҚШ долларига етказиш режалаштирилган. Шу боис барча тадбиркорларнинг янги ғоялари ва лойиҳалари ўрганилмоқда.

Имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаган

Саноатда имкониятимиз катта. Аммо тармоқларда ўсиш кўрсаткичи паст. Айрим тармоқларда хом­aшё­ни чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг яхлит занжири яратилмаган. Мисол учун, мисни қайта ишлаш 25 фоиз, ипакчиликда 20 фоизга ҳам етмайди. Тармоқлараро кооперация ҳам тўлиқ йўлга қўйилмаган. Жумладан, электротехника ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро кооперация ҳисобига камида 80 миллион долларлик маҳсулот тайёрласа бўлади. Ёки кимё саноати тўқимачилик учун синтетик тола ва полиэстер, автомобилсозлик ҳамда қурилиш материаллари соҳасига корд ва турли бўёқлар, озиқ-овқат саноатига ароматизаторлар етказиб бериши мумкин.

Шу боис замонавий технологиялар трансферини йўлга қўйиш, тармоқларнинг энергия самарадорлиги ва рақобатдошлигини оширишни назарда тутувчи Саноат сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш зарур.

Озиқ-овқат ишлаб чиқариш қувватлари ошмоқда

Пандемиянинг таъсирига қарамай, мамлакатимизда озиқ-овқат соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ишлари изчил давом этмоқда. 2020 йилнинг январь-май ойларида "Ўзбекозиқовқатхолдинг" компанияси, инвесторлар, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида қиймати 268,2 млрд. сўм, қуввати 168 минг тонна бўлган 50 та ҳудудий лойиҳа ишга туширилди.

Эндиликда, Жиззах вилоятидаги «Baxmal juice master» МЧЖ, Сирдарё вилоятидаги «Sub-Dry» МЧЖ, Фарғона вилоятидаги «Европринт Коканд» МЧЖ, «Eco export Trade» МЧЖ каби ана шундай янги корхоналар ҳисобига ҳудудларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмлари ошишига эришилмоқда.

Йил якунига қадар ҳудудий лойиҳалар асосида жами 350 га яқин озиқ-овқат корхоналарини ишга тушириш режалаштирилган. Озиқ-овқат соҳасида тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари ҳисобига ҳудудий лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва иш жойларини яратиш, инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда халқ фаровонлик даражасини оширишга ёрдам беради.

Нилуфар ЮНУСОВА


Телеграм: @mahalladosh_uz