Бозорлар фаолиятига рухсат бериш вазиятни оғирлаштирмайдими?
Салкам уч ойдирки, пандемия сабаб жамоат транспортлари қатнови тақиқланган. Барча типдаги мактабгача таълим муассасалари ёпилиб, оналар уйда онлайн ишлаш тизимига ўтди. Буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчаларининг фаолияти тўхтатилгани эса тадбиркорлар даромадига путур етказди. Хўш, нима қилиш керак?
Давлатимиз раҳбарининг тегишли топшириқлари асосида Республика махсус комиссияси карантин чораларини босқичма-босқич юмшатмоқда. Жумладан, аввалига автомобиллар, савдо дўконлари фаолиятига рухсат берилган бўлса, 8 июндан жамоат транспортлари, 15 июндан болалар боғчалари, буюм бозорлари, спорт ва маданият марказлари, умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам йўлга қўйилмоқда. «50 фоиз карантин — 50 фоиз иқтисодиёт» тамойили асосида иш бошлаётган муассасалар барча санитар талабларга риоя қилиши шарт.
Автобусда ижтимоий масофа қандай сақланади?
Маълумки, Республика махсус комиссияси қарори билан «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда автобуслар қатновига рухсат берилди. Хўш, бунда нималарга амал қилиш лозим? Карантин қоидалари қандай таъминланади?
— Жорий йилнинг 8 июнидан бошлаб Тошкент шаҳрида автобус йўналишлари фаолиятини қайта тиклаш белгиланди, — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари Нажмиддин Давлатов. — Тасарруфимизда 16 та автокорхона мавжуд. Жами 152 та автобус йўналиши аҳолига хизмат қилади. Ҳозирча 131 та йўналишга рухсат бердик. Боиси Махсус комиссия қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг Қибрай, Тошкент, Зангиота туманлари «қизил» ҳудуд деб эълон қилингани сабабли бу ҳудудларда ҳаракатланувчи 21 та автобус қатновига рухсат этилмади.
Фаолияти қайта тикланган йўналишларда соат 6:00 дан 22:00 гача иш вақти белгиланди. Барча автобус саройлари сўнгги бекатида икки сменалик навбатчилик ташкил қилиниб, ҳар бир рейс олдидан тўлиқ дезинфекция ишлари бажарилади. Ҳайдовчи ва чиптачи, албатта, тиббий ниқоб ва қўлқоп тақиши, вақти-вақти билан алмаштириб туриши шарт. Автобус салонига тиббий ниқоби бўлмаган йўловчилар киритилмайди. Агар ана шу талаблар бузилса, ўша автобус саройи маъмуриятига нисбатан қатъий жазо қўлланилади.
Афсуски, дастлабки кунларда айрим йўналишларда карантин қоидаларининг қўпол равишда бузилиши ҳолатлари кузатилди. Жумладан, ижтимоий масофани сақлаш талабларига барча ҳам бирдек масъулият билан ёндашмаяпти. Шу боис «Тошшаҳар-трансхизмат» яна бир бор аҳолини ҳушёрликка чақиради.
Боғчалар фаолиятига қандай талаблар қўйилмоқда?
Кичкинтойлар ўз қадрдон масканини қўмсай бошлаганига анча бўлди. Ахир, уйда уларга гуруҳдаги сингари машғулотни ким ўтади? Ота-она бағрида бўлиш яхши, аммо боғчанинг бола тарбиясида кўплаб устунликлари борлигини эътироф этмай иложимиз йўқ.
— «Сариқ» ва «яшил» ҳудудларда шу ой ярмидан бошлаб хусусий мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятига рухсат берилди, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги масъул ходими Дилафрўз Икромова. — Июль ойигача давлат мактабгача таълим масканлари ҳам босқичма-босқич ишга тушади. Тўғри, карантин қоидалари юмшатилмоқда. Аммо бу тўла маънода эркинлик, дегани эмас. Бола хавфсизлиги, осойишталиги биринчи ўринда туради. Шу боис ўз ишини бошлаш арафасида турган 8160 та нодавлат МТТ раҳбарларига талаб этилувчи хавфсизлик чоралари бўйича кўрсатма берилмоқда. Сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш, ҳимоя воситаларини сотиб олиш, ўрнатиш ва дезинфексия қилиш, ходимларни меҳнат таътилидан ишга чақириш шулар жумласидандир.
Шунингдек, машғулотни 15 кишидан ортиқ бўлмаган гуруҳда ташкил этиш, мавжуд хоналарни 2-3 марта зарарсизлантириш, кириш-чиқиш жойини пирометр, антисептик восита ва дезинфекцияловчи тўшама билан жиҳозлаш талаб этилади. Ходимлар тиббий ниқоб ва қўлқопдан фойдаланмаса, оралиқ масофани сақламаса, бу карантин қоидаларига зид ҳолат сифатида баҳоланиб, ташкилот раҳбарига қатъий чора кўрилади. Тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлса, ўша ходим ва тарбияланувчи муассасага умуман киритилмаслиги шарт. Бундай талаблар давлат МТТ учун ҳам тааллуқли.
Карантинда бозор ва ошхоналар қандай ишлаши керак?
Одамлар оқими узилмайдиган бозорлар, ошхоналар карантин шароитида қандай ишлаши керак? Бу эпидемия билан курашиш, унинг тарқалишига йўл қўймаслик масаласини янада қийинлаштирмайдими?
— Махсус комиссия томонидан «Карантин шароитида рухсат берилган фаолият тури билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларида санитария-эпидемиологик назоратни амалга ошириш бўйича вақтинчалик тартиб» тасдиқланган, — дейди Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Ажинияз Сейтеков. — Унга кўра, коронавирус инфекциясининг тарқалиши ниҳоясига етмаган бир вақтда буюм бозорлари, умумий овқатланиш шохобчаларига кирувчи ҳар бир кишининг тана ҳарорати ўлчанади. Кафе-ресторанларда турли оммавий тадбирлар ўтказилишига йўл қўйилмайди. Иш вақти 8:00 дан 23:00 га қадар бўлиши керак.
Шунингдек, бунда столлар оралиғида 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофа бўлиши шарт. Бир стол атрофида фақат 4 киши (10 кишидан кўп бўлмаган оила аъзолари бундан мустасно) жойлашади. Ходимлар тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши шарт. Ҳар бир стол бўшагач, фойдаланилган барча буюм ва жиҳозларнинг юза қисми дезинфекция воситалари билан ишлов берилади.
* * *
Албатта, Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида айрим фаолият турларига рухсат берилиши эпидемиологик вазият батамом барқарорлашганини билдирмайди. Аҳолига яратилган қулайлик баробарида карантин тартиб-қоидалари қатъий сақлаб турилиши керак. Бу эса давлат томонидан кўрилаётган чора-тадбирларга халқимизнинг огоҳлик ва ҳушёрлик билан муносабатда бўлаётганини кўрсатади.
Ҳулкар КУЗМЕТОВА
«Mahalla»
Телеграм: @mahalladosh_uz