June 12, 2020

Нуронийларимиз шунчаки дуогўй эмас…

Фото: Mahalladosh

Кексаликни инсон умрининг донишмандлик палласи дейишади. Боиси умрнинг бу довонига етиб келгунга қадар киши ҳаётнинг турли пасту баландини кўради, аччиқ-чучугидан сабоқ чиқаради. Аслида «Қариси бор уйнинг париси бор» ҳикматининг мазмуни ҳам шунга ишора.

Азалдан халқимизда бирор ишни бошлашдан аввал ёши улуғлар маслаҳатини олиш, уларни хонадон фариштаси, дея эъзозлаш одатга айланган. Айни пайтда ушбу халқона қадрият давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида вазирлик таркибида Кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бошқармаси ҳамда Кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўлими ташкил этилгани бунинг амалдаги ифодаси. Янги тузилмалар зиммасига нуронийларимиз, ёлғиз қариялар, меҳнатга лаёқатсиз кекса ногиронларнинг моддий шароитини яхшилаш, тиббий ва бошқа хизматлар кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш каби муҳим вазифалар юклатилган.

Ҳақиқатан ҳам, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда уларнинг ўрни ва аҳамиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Чунки пиру бадавлатларнинг кўп йиллик ҳаётий тажрибаси оилавий ажралишларнинг олдини олишда профилактик рўйхатда турувчи вояга етмаганлар билан мулоқот қилишда асқатади.

Жамоатчилик тузилмалари қандай фаолият юритяпти?

Бугун ҳар бир маҳаллада кекса ва фахрийларимизни жипслаштирадиган, ўзаро фикр алмашишига замин яратадиган «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари ҳамда «Бувижонлар мактаби» жамоатчилик кенгаши фаолият юритмоқда. Эндиликда вазирлик томонидан уларнинг фаолиятини жонлантириш, услубий ёрдамлар кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 23 майдаги қарори билан Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисида Намунавий низом тасдиқланиши эса тузилмалар фаолиятини жонлантиришда айни муддао бўлди.

Низом билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарлардаги нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш кенгашнинг асосий вазифаларидан бири экани қайд этилди. Шунингдек, кенгаш аъзолари ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳалла — сектор — Халқ қабулхонаси — маҳалла» тамойили асосида ҳамкорлик тизимини самарали ташкил этишда жамоатчилик тузилмалари аъзолари, ижтимоий фаол меҳнат фахрийларини кенг жалб этиши кўзда тутилди.

Кенгаш кексалар ўртасида тўрт босқичли «Ёшлар мураббийси» кўрик-танловининг маҳаллалар­аро (саралаш), туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказишда шаффофлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик принципларига амал қилиниши устидан жамоатчилик назоратини ҳам амалга оширади.

Кексалар учун туризм ойлиги қачон ўтказилади?

Жорий йилнинг 28 май санасида Вазирлар Маҳкамасининг «Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниши юртимизда нуронийлар ҳамиша эътиборда эканининг яни бир амалий ифодаси бўлди. Қарор билан I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар учун бепул саёҳат уюштириш бўйича имтиёз жорий этилди.

Унга кўра, юртимизда 1 ноябрдан 30 ноябргача «Кексалар учун туризм ойлиги» эълон қилинади. Ойлик доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси туризм объектлари томонидан ихтиёрий тақдим қилинадиган чегирмалар ва акциялар тўғрисида ўз расмий веб-саҳифасида эълон қилиб боради. Транспорт вазирлиги «Uzbekistan Airways» АЖ ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ билан биргаликда саёҳат қилувчилар учун чипталарга ихтиёрий чегирмалар тақдим этади. Бундан ташқари, Маданият вазирлиги маданий мерос объектларига кириш чипталарига чегирмалар эълон қилишни режалаштирмоқда.

«Саёҳат — барча учун!» Ана шу шиор остидаги хайрия лойиҳаси бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилади. I гуруҳ ногиронлиги бўлган кексалар йилига бир маротаба бепул туристик саёҳат қилиш имконидан фойдаланишади. Рўйхат эса 1 октябрга қадар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан шакллантирилади.

Саёҳат давомида саёҳатчиларни жойлаштириш, овқатланиш ва транспорт хизматлари учун маблағларнинг 50 фоизи хайрия лойиҳасининг махсус ҳисобварағидан, қолган қисми «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

Шунингдек, қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ногиронлар ва ёлғиз пенсионерларга ижтимоий ва тиббий таъминот хизматларини кўрсатиш вазифаси топширилди. Ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз кексаларнинг тураржойларини таъмирлаш учун маҳаллий бюджетлардан маблағлар ажратилиши назарда тутилган.

Саховат тадбирларида кексалар ҳам фаол

Ҳозир синовли кунларни бошимиздан ўтказяпмиз. Пандемия, Бухоро ва Сардобадаги воқеликлар ҳар биримизнинг қалбимизни тирнайди. Меҳр-оқибат, саховат ва ғамхўрлигимиз синовдан ўтказилаётган бу даврда нуронийларимиз ҳам томошабин бўлиб тургани йўқ.

Пиру бадавлатларимиз «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатида нафақат тарғиботчи, балки ҳаракатнинг фаол иштирокчисига ҳам айланишган. Нуронийлар савобли ишларга муносиб ҳиссасини қўшишди. Ҳатто сув тошқинидан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида хайрия акцияси ўтказишди. Тўпланган уй-рўзғор буюмлари, тиббиёт воситалари ва бошқа маҳсулотлар Сирдарёдаги нуронийлар яшаётган хонадонларга етказиб берилди.

Кекса авлод вакилларини жамиятимизнинг фаол иштирокчисига айлантириш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришдаги бу саъй-ҳаракатлар шиддат олса оладики, асло сусаймайди. Пенсия ёшига чиқиб, баъзан ўзини жамиятдан узилиб қолгандек ҳис қиладиган нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш эса ҳар томонлама хайрли ва манфаатлидир.

Зотан, уларнинг «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган улуғвор ғоя атрофида бирлашиб, ёшларни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, ташаббускорлик, фидойилик, ахлоқий фазилатларни шакллантиришда фаол иштироки жамиятимиз тараққиётига хизмат қилади.

Содиқжон ТУРДИЕВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг ўринбосари.


Телеграм: @mahalladosh_uz