June 26, 2020

Маҳалланинг ободлиги фақат масъулларга боғлиқми?

Пандемия даврида уйимиз, маҳалламиз, иш жойимиз, хуллас, ён-атрофнинг тоза-озодалиги янада муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар қандай инфекция санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинмаган жойда хуруж қилади. Шу боис аҳоли гавжум жойлар, серқатнов масканлар, йўллар ва маҳаллалар ҳудудларини дезинфекциялаш ишлари йўлга қўйилган. Бироқ айрим ҳудудларда ана шундай тозалик қоидаларига риоя қилинмаяпти.

Навоий вилояти Кармана туманидаги «Кўҳна қўрғон» маҳалла фуқаролар йиғини Зарафшон дарёси қирғоқларига яқин ҳудудда жойлашган. Маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракати билан ҳудуддаги қарийб 90 фоиз хонадон эгалари «Тоза ҳудуд» ташкилоти билан шартнома имзолаган ва чиқиндилар ҳафтада бир марта махсус транспортларда ташиб кетилади. Аммо айрим фуқаролар чиқинди учун тўловдан бош тортиб, уларни белгиланмаган жойларга, хусусан, дарё қирғоғига тўкиб кетиши ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

— Дарёга яқин жойда ҳовли қураётганимизда жазирама кунларда сув салқинида роҳатланамиз, деб ўйлагандик, — дейди шу маҳаллада яшовчи Файзулла Нарзиев. — Аммо бу жойлар кимлар учундир чиқиндихона эканини кейин билдик. Одамлар ташлаб кетган чиқиндиларнинг қўланса ҳиди туфайли ёзда ҳам уйда ўтирамиз. Дарё қирғоғи улкан чиқиндихонага айланган.
— Инсоннинг хатти-ҳаракати унинг хулқ-атворини кўрсатади, — дейди «Кўҳна қўрғон» маҳалласи раиси Ҳикматилло Қўлдошев. — Ҳудудимизни тоза-озода сақлаш мақсадида доимий назорат олиб боряпмиз. Аммо дарё бўйини эртаю кеч қўриқлаб туролмаймиз. Қолаверса, бу жойга қўшни маҳаллалардан ҳам чиқинди тўкиб кетишаётганига гувоҳ бўлганмиз. Тегишли идораларга бу ҳақда хабар берганимизда қонуний чора кўришган. Аммо ҳолатга батамом чек қўйиб бўлмаяпти.

Ойлик маош нега тўлаб берилмади?

Пандемия шароитида ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида «Кўҳна қўрғон» маҳалласидан 11 нафар хотин-қиз туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинган эди. Улар бир ой давомида нафақат ўз маҳалласи, балки тумандаги тўртинчи секторга қарашли барча ҳудудда ободонлаштириш юмушларини бажаришди. Аммо уларга иш ҳақи ўз вақтида тўлаб берилмади. Ҳали маҳаллага, ҳали ободонлаштириш бошқармасига дардини айтиб чарчаган аёллардан бири Гулмира Баҳронова ўзи ва ўн нафар дугонасининг ойлик маошини олишда ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига мурожаат қилди.

— Бироқ ҳалигача маошимизни олганимиз йўқ, — дейди Г.Баҳронова. — Ойлигимизни беришмагани етмаганидек, энди бизни ишдан ҳам бўшатишди. Дардимизни кимга айтишни билмай ҳайронмиз. Бормаган жойимиз қолмади, ноилож, Виртуал қабулхонага мурожаат қилдик.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Навоий вилояти бандлик бош бошқармаси мутасаддиларига мурожаат қилдик.

— Кармана тумани ободонлаштириш бошқармаси бу фуқароларни бир ой муддатга, вақтинчалик ишга олган, — дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Феруз Бобоқулов. — Пандемия даврида ишсизликни бартараф этиш мақсадида жамоатчилик асосидаги иш ўринлари учун ана шундай қисқа муддатли шартномалар ҳам тузиляпти.

Суҳбатдошимиз кўз ўнгимизда Кармана тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига қўнғироқ қилиб, «Кўҳна қўрғон» маҳалласидан жамоатчилик асосида ишга жалб қилинган 11 нафар фуқарога ойлик маоши нима сабабдан ўз вақтида тўлаб берилмаганини аниқлаштирди ва муаммони қисқа фурсатда бартараф этиш кераклигини билдирди. Хуллас, мақоламиз тайёрланаётган жараёнда Гулмира Баҳронова ва дугоналарининг муаммоси ҳал бўлди.

Чиқинди учун фақат маҳалла айбдор эмас...

Буюк Ипак йўли ўтган Кармана туманидан Бухоро томонга кетувчи катта трасса ёқасидаги бетон ариқда йиғилган чиқинди уюмларини кўриб, таъбингиз хира тортади. Туман марказий оилавий поликлиникаси рўпарасидаги бу кўнгилсиз ҳолат учун ким айбдор? Чиқиндиларни ким, қачон олади?

— Бу жой бизнинг маҳалла ҳудуди ҳисобланади, — дейди Мирсаид Баҳром номли йиғин раиси Шокир Каримов. — Чиқиндиларни ташиб кетиш «Навоий йўл қуриш-таъмирлаш» унитар корхонасининг вазифаси ҳисобланади. Уларни ойда бир марта олиб кетишади. Лекин бу ўзини оқламайди, бир ой давомида улар яна уюлиб кетади. Афсуски, айрим фуқаролар ҳам чиқинди учун тўловдан қочиб, кераксиз буюмларини ана шу лотоклар ичига ташлайди. Биз ариқни ойда бир эмас, икки марта тозалашни сўраб корхона маъмуриятига мурожаат қилдик. Аммо улар тартиб бўйича бу иш ўттиз кунда бир марта бажарилишини айтишмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, қаердадир чиқинди уюми қўланса ҳид таратаётган, белгиланмаган жой чиқиндихонага айлантирилган бўлса, бунинг учун биргина идора ёки ташкилот, шунингдек, маҳаллагина айбдор эмас. Бундай нохуш ҳолатларга дуч келмаслик учун, энг аввало, ҳар бир фуқаро, сизу биз поклик — имоннинг ярми, тозалик — саломатлик гарови эканини чуқур англаб етмоғимиз, қут-бараканинг боши ҳисобланган озодалик масаласига панжа ортидан қарамаслигимиз лозим.

Холбиби САФАРОВА

«Mahalla»