Биноси йўқ маҳаллалар кимга хизмат қилади?
Маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари иш фаолияти самарадорлигини ошириш учун уларга муносиб шароит яратиш, тизим моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ва оширилаётган ишлар хусусида жуда кўп ва хўп гапирилмоқда. Аммо ҳануз эътибордан четда қолаётган бошпанасиз йиғинлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди.
Маълумот учун айтиш лозимки, бугунги кунда Фарғона вилоятидаги мавжуд 1041 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 139 таси ўз биносига эга эмас. 80 та маҳалла фуқаролар йиғини эса турли ташкилотлар, хусусий тадбиркорлар балансида бўлган биноларда, 40 таси таълим ва тиббиёт муассасаларида, 7 таси ҳокимият балансида бўлган биноларда, 12 таси эса қўшни маҳалла фуқаролар йиғинларида бир амаллаб фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу кўрсаткич Фарғона шаҳрида 17 тани ташкил қилса, Фарғона туманида хизмат биноларига эга бўлмаган маҳаллалар сони 20 тани ташкил этади. Таъмирталаб, каталакдек хонада, оддий шароитларга эга бўлмаган йиғинлар остона ҳатлаб келган кишини ўтқазгани жой тополмай сарсон.
Маҳалла биноси учун «жанг» тугадими?
Фарғона шаҳридаги «Ифтихор» маҳалла фуқаролар йиғини биносига эгалик қилиш борасида бошланган «жанг» мана беш йилдирки, ўз интиҳосини топгани йўқ. Маҳалла масъуллари судма-суд юриб, силласи қуриди. Икки ўртадаги тортишув, қоғозбозлик ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Мустақиллик кўчаси, 81-уйда жойлашган хонадон 1990 йилда Фарғона шаҳар ижроия қўмитаси махсус қарори билан маҳалла фуқаролар йиғини учун сотиб олинган эди. Аммо фуқаролар йиғини собиқ раиси оила аъзолари бу бинога эгалик қилиш ҳуқуқи борлигини тасдиқловчи олди-сотди шартномаси борлигини даъво қилиб, фуқаролик судига мурожаат қилишган. Суд дам у томоннинг, дам бу томоннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, қарор чиқараётганига ҳам беш йил бўлди.
Умумий майдони 3,5 сотих бўлган йиғин биносининг деворлари нураб, таъмирталаб бўлиб қолган. Ходимлар учун иш хоналари етишмайди. Сув ва бошқа зарур коммуникация тармоқларининг абгор аҳволи ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Маҳалла биносининг бу ҳолга келиб қолишининг асосий сабаби эгасизлик, эътиборсизликдан бошқа нарса эмас.
— Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг ҳал қилувчи қарори билан маҳалла биноси маҳалла ихтиёрида қоладиган бўлди, — дейди фуқаролар йиғини раиси Маъмуржон Сўфиев. — Шу кунга қадар можароли жойга эгалик қилиш, таъмирлаш, ходимлар учун шароитлар яратиш, қайта қуриш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга жазм қила олмаётгандик. Йиллар давомида муаммога айланган масалага қонуний ечим топилгани биз учун катта имконият бўлди. Энди ҳаммасини бошидан бошлаймиз.
Катта шаҳарда бундай можароли ҳовли-жойни макон тутган бошқа маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳам бор. «Баҳор», «Сой бўйи», «Ўзбекистон», «Шодлик», «Маърифат», Нодирабегим сингари маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз жойларига эга чиқолмай сарсон. Маҳалла бинолари қурилиши учун жой, маблағ масаласи ҳануз оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Қурай деса қуриб бўлмайди, бузай деса...
— Фуқарога тегишли бўлган ҳовли жойда ишлаб келаётганимизга ҳам ўттиз йил бўляпти, — дейди «Сой бўйи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Назира Мирзаева. — Маҳалла учун жой йўқ. Икки хонали уйга бир амаллаб жойлашиб олганмиз. Профилактика нозири учун эса хона йўқ. Шу боис у қўшни маҳалла фуқаролар йиғинида ўтиради. Уй-жой эгасининг рухсатисиз бинони бузиб, қайта қуриш мумкин эмаслигини айтишяпти. Нима қилишни билмаймиз. На қуриб бўлади, на бузиб. Ҳолбуки, маҳалламизда бу борадаги ишларга хайрихоҳ бўлган ташаббускор кишилар кўп. Фақат бино қурилиши учун ҳуқуқий ваколат берилса бас.
— Шу пайтга қадар маҳалла бинолари учун ер майдони ажратиш, қуриш учун маблағ йўналтириш, балансдан-балансга ўтказиш билан боғлиқ ишлар маҳаллий ҳокимият кўрсатмаси асосида амалга ошириб келинган, — дейди Фарғона шаҳар ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Фарҳод Жўраев. — Шу боис бу масала авваллари ҳам кўтарилган, кун тартибига қўйилган. Лекин унинг ижросига келганда маблағ етишмовчилиги, захира ерларнинг йўқлиги, давлат дастурига киритиш каби масалалар туфайли иш пайсалга солиб келинган. Президентимизнинг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва унда кўрсатилган вазифалар бу борадаги мавжуд муаммолар ечимида қўл келди. Жорий йилнинг ўзида турли ташкилот ҳисобидаги биноларда фаолият олиб бораётган 16 та маҳалла фуқаролар йиғини шаҳар ҳокимининг қарори билан ўз ҳисобларига ўтказиб берилади. Бу ишлар яна давом этади.
15 та маҳалла интернет тармоғига уланган, холос
Шу кунга қадар вилоят, шаҳар ва туманларда 22 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилди. Гарчи бироз кеч бўлса-да, бошпанасиз маҳалла фуқаролар йиғинлари учун бино қурилиши борасида бошланган амалий саъй-ҳаракатлар муаммолар ечимида қўл келаётгани кўпчиликни хурсанд қилмоқда бироқ, бу – мавжуд муаммолар ечими учун етарли эмас. Жумладан, бугунги кунда фуқаролар йиғинларининг фақат 15 тасигина интернет тармоғига уланган, холос. 258 та маҳалла ўз биносига эга, аммо кадастр ҳужжати йўқ. Ёки кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган, бироқ ҳужжатни олишга молиявий имконияти бўлмаган яна шунча маҳалла фуқаролар йиғини бор.
Бундан кўринадики, йиллар давомида эътибордан четда қолган маҳалла ҳаётидаги бу долзарб масалалар ўз ечимини кутиб турибди. Шундай экан, биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Расул КАМОЛ
«Маhalla»