June 10, 2020

Маҳкумлар ҳақидаги маълумотлар нега бугунгача сир тутилган?

Жазони ижро этиш колониялари манзили, маҳбуслар сони ва бошқа маълумотларнинг шу вақтгача сир тутилиши нафақат расмий идораларни, балки оддий халқни ҳам ажаблантирарди. «Мумкин эмас!» деган тақиқ бутун республика ҳаётига хос қоида бўлиб қолгани боис бунга кенг жамоатчилик кўниккан, «Нима учун?» деган савол кўп йиллар мобайнида очиқ қолиб келарди.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 майдаги «Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ана шу саволга жавоб излашда муҳим аҳамият касб этади. Қарорда махфийликдан чиқариладиган маълумотлар рўйхати эълон қилинган.

Рўйхатда қайси жиҳатлар эътиборга олинган?

«Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун ижрога йўналтирилгандан буён мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти бир қадар янгиланмоқда. 2014 йилда қабул қилинган мазкур қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, демократик тамойилларнинг амалиётга жорий этилишини тақозо қилади. Хўш, унда айрим ошкор этиш мумкин бўлмаган масалалар қай жиҳатдан изоҳланган?

— Мазкур қонун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқликни таъминлайди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Ашматов. — Унинг 6-моддасида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш, агар мазкур ахборот қонунда белгиланган тартибда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чеклаб қўйилади», дея қайд қилинган. Маҳкумлар ва колониялар тўғрисидаги маълумотларнинг сир тутилишини ана шу модда қонунан асослайди.

Унинг иккинчи банди эса «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги фойдаланилиши чеклаб қўйилган ахборотга тааллуқли маълумотларнинг рўйхати, шунингдек, маълумотларни бундай ахборот жумласига киритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади», дея давом эттирилган. Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори ана шу жиҳатдан очиқликни таъминлаш омили бўлмоқда.

Мазкур қарорга кўра, жазони ижро этиш соҳасида махфийликдан чиқариладиган маълумотлар иловаси тасдиқланди. Ушбу рўйхатга 5 хил маълумот киритилди: жазони ижро этиш колонияси ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар, муассасалар жойлашган манзил, тегишли манзилнинг ишлаб чиқариш фаолияти, улар томонидан номенклатура бўйича ва пул билан ифодаланиб, ишлаб чиқариладиган товарлар, маҳкумлар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар, тиббий тусдаги мажбурий чоралар қўлланиладиган маҳбуслар тўғрисидаги маълумотлар.

Кўриниб турибдики, бу соҳа амалий фаолиятида янги қадам бўлиб, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга имкон яратади. Шу пайтгача ошкор этилмаган масалаларнинг очиқланиши бу тизимга нисбатан муносабатни ўзгартиради.

Маҳкумларнинг пенсия таъминоти кафолатланди

Коронавирус пандемияси шароитида қамоқхоналардаги аҳвол ва маҳкумлар тақдири аксарият давлатлар учун муҳим масалага айланмоқда. Шуниси қувонарлики, юртимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида янги вирус қайд этилгани йўқ. Ўзбекистон ҳукумати томонидан маҳкумлар ва колониялар тўғрисидаги айрим маълумотларнинг махфийликдан чиқарилиши коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашаётган ва карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

— Кўпчиликда қамоқ жазосини ўтаётган шахсларга нисбатан ёвқараш шаклланган, — дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев. — Билиб-билмай ёки қасддан қилган жинояти учун ҳар бир маҳбус афсус-надомат чекади. Пушаймонлик ҳиссининг ўзи, аслида, унга энг катта жазодир. Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз саъй-ҳаракатлари билан жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларга нисбатан муносабат тубдан яхшиланмоқда. Жумладан, давлат бюджети ҳисобидан 18 та колонияда капитал, 17 тасида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ижтимоий хавфи катта ва унча оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаётган маҳкумларга илк маротаба сайлов ҳуқуқи берилди. Уларнинг иш ҳақидан ижтимоий суғурта ажратилмаслиги белгиланиб, пенсия таъминотига эга бўлиши кафолатланди. Қамоқхонада телефон сўзлашуви, йўқлов ва учрашувлар сони қарийб икки баробарга кўпайтирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарори ушбу тизим фаолиятига нисбатан давлат ва нодавлат ташкилотлари, оддий омманинг фикрини ўзгартиради. Қарор кучга киргач, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш ва пробация хизмати масъул ходимлари иштирокида қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича брифинг ўтказдик. Ўйлайманки, бу тадбир ҳам ҳукуматимизнинг маҳкумлар ва колониялар тўғрисидаги яширин маълумотларнинг махфийликдан чиқарилишига ҳамоҳангдир.

* * *

Маҳкум ва қамоқхона тўғрисида сўз кетса, негадир эт увишиб, кўнгил хижил тортади. Уларга нисбатан давлат миқёсида муносабатнинг тубдан ўзгартирилаётгани эса халқимизнинг тизим ҳақидаги дунёқарашини янгиласа, ажаб эмас.

Ҳулкар КУЗМЕТОВА


Телеграм: @mahalladosh_uz