April 3, 2020

Хушнура Саидгазиева: «Ҳеч қачон ўз касбимдан бу қадар ғурурланмаганман»

Хитойда коронавирус авж олган дамларда инфекцияга чалинганларни даволашда иштирок этаётган бир ҳамширанинг унга овқат келтирган 10 ёшли қизчаси билан узоқдан мулоқот қилгани, аёлнинг боласини бағрига босолмай оналик меҳрини имо-ишораларда изҳор этгани миллати, тилию дини турфа бўлган дунё аҳлини таъсирлантириб юборганди. Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси на сарҳад, на миллат танламай шиддат билан тарқалиб бораётгани оқибатида соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларига катта масъулият юкланмоқда, улардан фидойилик талаб этилаётир. Айни пайтда нафақат инфекцияга чалинганларнинг, балки бутун инсониятнинг умид кўзи шифокорларга қадалган, десак муболаға бўлмайди.

Бундай улкан масъулиятни чуқур ҳис этган юртимиз тиббиёт ходимлари ҳам жасорат ва шиддат билан COVID-19 балосига қарши мардона курашмоқдалар. Маълумотларга кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар орасида 11 нафар шифокор ҳам бор. Айни пайтда уларнинг фидойилиги бутун халқимизни тўлқинлантирмоқда.

Шифокорлар — бугуннинг қаҳрамонлари

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор видеоселектор йиғилишларида, икки марта халқимизга йўллаган мурожаатида ҳам шифокорларимизнинг шарафли меҳнатига алоҳида эътибор қаратди.

Президентимиз ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар, санитар ходимларга бутун Ўзбекистон халқи номидан чексиз миннатдорлик билдирар экан, жумладан: «Коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос «жанг майдони»да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда», дея ушбу фидойи инсонлар меҳнатини юксак қадрлади.

Президентимизнинг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса ана шу захматкаш инсонларнинг меҳнати, фидокорлиги учун берилган нафақат моддий, балкий улкан маънавий рағбат бўлди.

Фидойилик ва қаҳрамонлик учун рағбат

Фото: kun.uz
— Қарорга мувофиқ, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимлар ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қўшимча рағбатлантирилади, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, давлат бош санитария врачи Баҳром Алматов. — Бу рағбат врач-ходимлар, врач-лаборантлар учун – 25 миллион сўм, ўрта тиббиёт ходимлари, ҳамшира-лаборантлар учун – 15 миллион сўм, кичик тиббиёт ходимлари учун – 10 миллион сўм, бошқа ходимларга – 5 миллион сўм қийматида белгиланган. Махсус тўловлар карантин амал қиладиган муддат давомида, шу жумладан, жорий йилнинг март ойи учун, ходимнинг ҳар 14 кунлик фаолият даври якунида тўлаб берилади.

Сир эмас, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт ходимлари сони юртимизда 11 нафарни ташкил этмоқда. Қарорда бундай тиббиёт ходимлари учун ҳам алоҳида ғамхўрлик акс этган, яъни беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт ходимлари, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимлар учун 100 миллион сўм тўланади. Коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида мазкур инфекцияни юқтириб оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.

«Қўлни қўлга бериш орқали муваффақиятга эришдик»

Куни кеча Вирусология илмий текшириш институти клиникасининг коронавирус инфекциясига қарши қаҳрамонларча курашган бир гуруҳ тиббиёт ходимларининг 14 кунлик фаолияти якунига етиб, улар уйларига юксак эҳтиром билан кузатилди. Ушбу фидойи шифокорлар ўрнида энди бошқа тиббиёт ходимлари — навбатдаги қаҳрамонлар фаолият бошлашди. Дарҳақиқат, бу инсонлар том маънода бугуннинг қаҳрамонига айланишди, халқимиз уларни олқишламоқда, ўз миннатдорликларини турли кўринишларда изҳор қилмоқда.

Айни дамда инсоният бошига мисли кўрилмаган кулфат тарқатаётган коронавирус пандемиясига қарши курашаётган шифокорларни Гиппократ қасамига содиқлик билан бирга, виждон амри, халқи ва мамлакати олдидаги жавобгарлик туйғуси ҳам оёқда мустаҳкам ушлаб турибди. Республика вирусология илмий текшириш институти клиникаси шифокори Хушнура Саидгазиева ҳам буни 14 кунлик фаолияти давомида яққол ҳис этганини таъкидламоқда.

— Касалликка қарши кураш бошлаганимизда беморларнинг умид билан тикилиб туришгани, давлатимиз ва вазирлигимиз ҳар қандай даво воситасини узлуксиз етказиб бергани боис суткасига 20 соатлаб ишласак-да, руҳан тетик юрдик, бирор камчилик сезмадик, — дейди Х.Саидгазиева. — Ҳаммамиз ҳамжиҳатликда беморларимизнинг тушкунликка тушиб қолмаслиги учун ҳаракат қилдик ва улар ҳам бизга катта ёрдам беришди. Фақат ана шу қўлни-қўлга бериш орқали бугунги муваффақиятга эришдик.

Шифокорларни қўллаб-қувватлаш учун юртдошларимиз томонидан уюштирилган челленждан хабар топиб, кўзимизга ёш келди. Беморлар олдида узлуксиз бўлиб, бу ҳолатни тўлиқ кузата олмадик, лекин эшитишимиз билан шу юрт фарзанди эканимиздан фахрландик.

Муҳтарам Президентимизнинг биз, тиббиёт аҳлининг меҳнатларини эътироф этганлари, бутун халқ номидан миннатдорлик билдирганлари кучимизга куч қўшди. Қолаверса, моддий рағбатлантириш тўғрисидаги қарорни айни иш қизғин пайтда эшитдик. Ҳеч қачон ўз касбимдан бу қадар ғурурланмаганман. Албатта, моддий рағбатлантириш ҳам муҳим. Лекин, энг асосийси, маънавий қўллаб-қувватлашни ҳис қилдик. Бу қарор барча тиббиёт ходимларига катта далда бўлди.

* * *

Умуман олганда, бугунги кунда давлатимиз томонидан ушбу вирусли инфекцияни жиловлаш, тарқалишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар фуқароларнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралайди, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга хизмат қилади. Ушбу вазиятда эса ҳар биримиз зиммамиздаги масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда, интизомга риоя қилишимиз, ҳамжиҳат бўлишимизни даврнинг ўзи тақозо қилаётир.

 Юлдуз ҲОЖИЕВА

«Маhаllа»