April 4, 2020

Пандемия жамиятнинг ижтимоий мослашуви кўрсаткичига айланди

Фото: Mahalladosh

Биз ҳаммамиз мисли кўрилмаган, синовли вазиятдамиз. Яқин тарихда инсоният бундай глобал касаллик билан энди юзлашиб турибди. Бугунги эпидемиологик вазиятда мамлакатимизда яшаётган барча фуқароларнинг ўзаро бирдамлиги, бир-бирини қўллаб-қувватлаши олдимизда турган муаммоларни осон енгиб ўтишимизда яқиндан ёрдам беради. Шу кунларда Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли иш — «Биз — биргамиз!» лойиҳаси бошлаб юборилгани бу борада муҳим аҳамият касб этади. Хўш, халқимиз орасида ижтимоий масъулият ҳисси қай даражада шаклланган?

 Муаммо шундаки, бугун биз барча масъулиятни давлат ва соғлиқни сақлаш тизимига юклашга одатланганмиз. Ижтимоий алоқалар тизимимизга эга бўлган жамиятда яшаганимиз учун ҳатто кимдир биз учун нон пиширишига, бизни ишга олиб бориб қўйишига ва гриппдан даволашига ишонамиз. Ушбу қулайликларни шунчаки кимдир яратиб беришга мажбурдек қабул қилишимиз айнан ижтимоийлашув, — бу жамият ҳар бир аъзосининг алоҳида жавобгарлигини англатишини бутунлай унутишимизга сабаб бўлди. Бунинг салбий оқибатига эса ҳозирги синовли дамларда яққол гувоҳ бўлиб турибмиз: ваҳимага тушиб бозордан озиқ-овқат ташиш, қўйиб берса, кўчада бемалол тиббий ниқобсиз юриш, ҳеч нарсани ўйламай карантин ҳудудидан қочиб қолиш ва ҳоказо. Бундай худбинона табиатимиз ўзгалар тугул, ўзимизга ҳам ёрдам беришга қодир эмаслигимизни кўрсатади. Шундай экан, «Биз — биргамиз!» лойиҳаси айни шу иллатларимизни «даво»лашда қандай ўрин тутади? Умуман, ушбу ташаббус қайси ижтимоий вазифаларни амалга оширишни кўзлайди?

1500 дан ортиқ ёрдамга муҳтож оилага ижтимоий кўмак берилади

— «Биз — биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси вазирлигимиз томонидан 2018 йилдан буён амалга ошириб келинади, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Эркинжон Абдуллаев. — Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур лойиҳа доирасида кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонлар ижтимоий ва иқтисодий кўмак доирасига қамраб олинаётир.

Маълумки, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида одамларнинг ҳаракатланишига айрим чекловлар киритилганлиги натижасида, аввало, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, яъни кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар ва ишсиз фуқароларни зарурий маҳсулотлар билан таъминлаш эҳтиёжи ортмоқда. Бундай шароитда нафақат давлат, балки ҳомийлар ва савобталаб инсонлар томонидан ҳам улар учун керакли моддий ёрдам ажратилиши муҳим ҳисобланади.

Айни кунларда бу борада қатор хайрли ишларга қўл урилаётгани кишини хурсанд қилади. Хусусан, Шодиев халқаро фонди Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан олиб борилаётган чора-тадбирларга ўзининг ҳиссасини қўшишга ва дастлабки босқичда аҳолининг кам таъминланган қатламига моддий кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.

Олиб борилган ўрганишлар натижасида Адлия вазирлиги, Шодиев халқаро фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан республика бўйича 1500 дан ортиқ ёрдамга муҳтож оила аниқланди. Фонднинг ёрдами билан жами 13 турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббиёт воситаларини ўз ичига олган ижтимоий ёрдам тўпламлари шакллантирилди.

Мазкур ижтимоий ёрдам тўпламлари ортилган автоуловлар ички ишлар органлари кузатуви билан республиканинг олис ҳудудларида яшовчи юртдошларимизга етказиш учун йўлга чиқди. Ижтимоий ёрдам тўпламларини эгаларига топшириш пайтида ҳудудий адлия органлари ва «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилотининг жойлардаги филиаллари томонидан уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилади.

Эзгуликнинг қаноти бор

Мазкур лойиҳа самараси одамларнинг бир-бирига меҳр-мурувватли, оқибатли бўлишига, қолаверса, ўз фуқаролик масъулиятларини тўлиқ ҳис этиши, ўрнатилган қонун-қоидалар ва тартибларга сўзсиз риоя қилишига ҳам хизмат қилади. Чунки эзгуликнинг қаноти бор, дейишганидек, атрофда бўлаётган инсонпарвар муносабатлар, савобли юмушлар кўпчилик учун ибрат вазифасини бажариши шубҳасиз.

Дарҳақиқат, ҳозир одамлар билан суҳбатлашсангиз, коронавирус пандемияси сабаб улар ўртасидаги бирлик, меҳр-шафқат бирмунча кучайганига амин бўласиз. Оғир вазият халқимизни маълум даражада бирлаштирган. Аммо, тан олиш керак, бу ҳукуматимиз ва бошқа давлат, жамоат тузилмаларининг хизмати эвазига шакллантирилмоқда. Афсуски, ҳар куни бу касалликка чалинганлар сони кўпайиб бораётган бир пайтда, вазият тўлиқ назорат остида деб айта олмаймиз. Бу эса қўшимча чоралар кераклигини англатади. Биринчи навбатда, ҳар биримиздан масъулият талаб этилади.

Жорий йилнинг 29 март куни Хитой коронавирус эпидемияси устидан ғалаба қозонганини эълон қилди. Инфекция ҳали тўлиқ бартараф этилмади, аммо унинг тарқалиши тўлиқ назоратга олинди. Биринчи навбатда, бунга хитойликларнинг ажойиб интизоми ва масъулияти туфайли эришилди. Улар инфекциянинг тарқалишига фақат биргаликда курашиш мумкинлигини ўз вақтида тушуниб, керакли чораларни кўришди. Ва бу дарҳол натижа кўрсатди. Аксинча вирусга аҳамият бермаган баъзи мамлакатларда инфекциянинг назоратсиз тарқалиши ва касалликни юқтириб олганлар орасида ўлимнинг кескин ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, коронавирус пандемияси жамиятнинг ижтимоийлашув кўрсаткичи бўлиб, бу бизнинг қанчалик масъулиятли, инсонпарвар ва меҳрибон эканимизни белгилаб беради. Биз оиламиз, қўллаб-қувватлашимизга муҳтож ёлғиз инсонлар, айниқса, хавфли гуруҳга кирувчи кексалар тўғрисида қайғуришга тайёрмизми? Шу маънода «Биз — биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси аҳолини умумий мақсад ва манфаатлар йўлида бирлашишга ўргатиши, жамиятимизда инсонпарварлик муҳитини қарор топтиришга ҳисса қўшиши билан чуқур аҳамият касб этади.

 Тўлқин ШЕРНАЕВ

«Mahalla»