2020 йилда шароити оғир қанча хотин-қиз уй-жой билан таъминланади?
Инсоннинг бекаму кўст яшаши учун, энг аввало, нима керак? Албатта, уй-жой. Агар одамда муқим яшайдиган тураржой бўлмаса, у ўзини ҳеч қачон эркин ҳис қилмайди. Қачонки, унинг ҳеч ким дахл қила олмайдиган шахсий бошпанаси бўлсагина, кўнгли хотиржам, тинч ва осойишта яшаши, меҳнат қилиши мумкин. Бу ҳақда сўз борганда, Юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги «Менинг энг катта ниятим шуки, Ватанимиз ичра ҳар бир инсон, ўзининг «кичик ватани»га — уй-жойига эга бўлса, биздан халқимиз ҳам, Яратган ҳам рози бўлади», деган фикрлари нақадар ҳаққоний эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.
Ҳаммада ҳам маблағ етарли эмас...
Мамлакатимизда ҳар бир йилнинг номланиши билан боғлиқ Давлат дастури қабул қилинадики, унга мувофиқ, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилади. Давлат дастури ижросини таъминлашдаги энг яққол ижро, шубҳасиз, қурилиш соҳасида кўзга ташланади. Унинг ўзига хос хусусияти — йўқдан бор қилишдир.
Сир эмас, ҳозирги вақтда қурилиш соҳаси иқтисодиётнинг муҳим «драйвер»ларидан бирига айланиб улгурди. Бу соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 6 фоизни ташкил этади. 2019 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилиб, бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфлангани бунинг яққол исботидир.
Тан олиш керак, аҳоли кенг қатламлари орасида ўз тураржой шароитини яхшилашга қурби етмайдиган, янги уй-жой сотиб олишни орзу қилса-да, маблағи етарли бўлмаган фуқаролар ҳам кам эмас. Давлатимиз томонидан бундай қатлам вакиллари инсонпарварлик нуқтаи назаридан қўллаб-қувватланмоқда.
— Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ, жорий йилги Давлат дастури ижрога йўналтирилди, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Шавкат Казакбоев. — Дастурнинг 204-бандида ҳудудлардаги 1 минг 576 нафар оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш вазифаси қўйилган. Айни пайтда вазирлигимиз томонидан Ҳукуматнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, 2020 йилда арзон уй-жой билан таъминланиши зарур бўлган талабгорлар рўйхати шакллантирилди. Эҳтиёжманд қатламнинг хоҳиш-истакларини ўрганиш ва қондиришда, энг аввало, ушбу қарор бандларидан келиб чиққан ҳолда иш тутилиши зарур.
Бошланғич бадал тўлаб берилади
Сўнгги йилларда нафақат Тошкент шаҳри, балки барча вилоятларда кўз кўрса қувнайдиган, ўзига хос дизайн ва шакли билан одамни ҳайратга соладиган осмонўпар, яшаш учун барча қулайликлари бўлган тураржой бинолари қурилиб, ўз эгаларига топширилмоқда. Қурилиш вазирлиги томонидан жорий йилда арзон уй-жойлар қуриш дастури изчил давом эттирилиб, жами 12 минг 256 та қишлоқ ва шаҳарда янги иншоот бунёд этилади.
Бу объектларнинг қурилиш материаллари мақбул, арзон ва сифатли бўлишига жиддий эътибор қаратилади. Шубҳасиз, Давлат дастурида белгиланганидек, арзон уй-жойлар биринчи галда бунга ҳақиқатан ҳам, эҳтиёжи бўлган ночор қатлам вакилларига ажратилади.
— Аҳолида уй-жойга талаб ва эҳтиёж барча замонларда катта бўлган, — дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг оила масалалари бўйича мутахассиси Феруза Акрамова. — Статистик маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистон аҳолиси 34 миллион нафардан ошди. Агар шунча одамнинг тахминан 8,5-9 миллионта оилага бирикиши ва уларга деярли шунча миқдорда тураржой зарурлигини инобатга олсак, қурилиш соҳасида амалга ошириладиган ишлар нақадар кўламли ва салмоқли эканини кўрамиз. Ҳар бир оила ўз иқтисодий имкониятига таянган ҳолда уй-жой қуради ёки сотиб олади. Аммо улар орасида камбағаллиги туфайли қадди-бастини тиклаб олишга қийналадиган қатлам ҳам мавжуд.
Албатта, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этади. 2020 йилги Давлат дастурида айнан шундай тоифага киритиш мумкин бўлган турмуш шароити оғир хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган, ночор, нотўлиқ оила вакилларига кўмаклашиш назарда тутилган. Бу борада белгиланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, айнан шу тоифадаги шахсларга Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан уй-жойнинг бошланғич бадал тўлови шакллантирилиб, қурилиш компанияларига ўтказиб бериш мўлжалланган.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжи аниқ-тиниқ белгиланмоқда. Талабгорнинг ҳужжатлари расмийлаштирилгач, мутасадди ташкилотлар бошланғич тўловни хусусий сектор, яъни нодавлат қурилиш компаниялари ҳисобига ўтказиб беришга қатъий киришиши зарур.
Инсоннинг дунёга келиши, ўсиб-улғайиши, соғлом ривожланиши ва узоқ умр кўриши учун жуда кўп омиллар талаб қилинади. Шубҳасиз, яшаш учун барча қулайликлари бор уй-жойи бўлса, ҳар бир киши тинч, осойишта умргузаронлик қилади. Жамиятда унинг ўз ўрни, касб-кори, илиқ муҳитдаги оиласи бўлади. Зеро, кичик ватани, қўрғони, яъни уй-жойи бўлган инсон бахтлидир.
Ҳулкар КУЗМЕТОВА
«Mahalla»