«Ўз қаҳрамони билан яшаётган, ёнаётган актёрларни ҳурмат қилайлик!»

Исоқ Тўраев

«Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони ҳамда «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри бош режиссёри Исоқ Тўраев номи нафақат Қашқадарё вилояти, балки республикамиз санъат ихлосмандларига ҳам яхши таниш. Тажрибали режиссёр ҳамда маҳоратли актёр Исоқ Тўраев кўп йиллардан бери театр соҳасида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Театр – фидойилик даргоҳи

— Назаримда, театрда ишлаш, санъаткорлик пешонамга ёзилган. Чунки 1975 йили мактабни тамомлаб, Шаҳрисабз халқ театрида иш бошлаганман. Кейин Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирдим. Талабалик вақтимда ўша пайтдаги Ҳамза номидаги миллий академик драма театрида бир қатор спектаклларда роль ижро этдим. 1989 йили Қашқадарёда бир гуруҳ ёшлар билан «Мулоқот», кейинроқ эса «Эски масжид» номли хўжалик ҳисобидаги театр-студиясини ташкил этдик.

Кўпчилик театр номини нима учун «Эски масжид» деб номлаганимиз ҳақида сўрашади. Аввало, актёр ўзи фаолият кўрсатадиган даргоҳни муқаддас деб билиши, эл-юртга хизмат қилишнинг машаққатини ҳис этиши керак. Хўш, энди томошабинга масжиднинг қандай боғлиқлик томони бор? Инсон масжидга бошқа хаёл билан келиб, ўзгача кайфиятда чиқиб кетади. Мақсад — театримизга кирган томошабин ҳам маънавий озуқа олиб чиқиб кетсин!

Мен театрнинг халққа фойдаси тегадиган, ижобий таъсир ўтказадиган томонларини ўйлайман. Мана шундай асарлардан бири «Қобил ила Ҳобил»дир. Шунингдек, уруш ва зўравонликка қарши Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асари асосида «Манқуртларга берманг дунёни» номли томошани саҳналаштирганмиз. Умуман, қандай асарга қўл урмайлик, албатта, ортида маълум бир мақсад ётган.

Жамоамиз шунчалик аҳил эдики, битта асарни саҳналаштириш учун, ҳаттоки, кечалари ҳам ишлардик. Малика исмли қизимиз «Темир хотин» спектаклида керак бўладиган бир тележка ғўзапояни бир ўзи қишлоғидан қўлда териб олган пайтлари ҳам бўлган.

Театримиз жамоаси билан 1992-2013 йилларда бир қатор халқаро танловларда иштирок этдик. Жумладан, Франция ва Италияда 64 кунлик хизмат сафарида бўлиб, Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» асари асосида саҳналаштирилган «Найман она нидоси», Жорж Бароннинг «Каин» драмаси асосидаги «Қобил ила Ҳобил», Софоклнинг «Шоҳ Эдип» каби қатор спектаклларни намойиш этдик. Ушбу спектаклларимиз халқаро фестивалларда юқори ўринларга лойиқ топилди. Францияда ўтказилган халқаро фестивалда Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони асосида саҳналаштирилган «Рақси само» спектакли билан олий ўринга сазовор бўлдик. Шунингдек, жамоамиз билан Германия, Бельгия, Миср, Ҳиндистон, Япония, Украина, Россия каби мамлакатларда сафарларда, кўрик-танловларда фаол иштирок этиб келдик.

Вақт ўтган сайин жамоамиз аъзоларининг ташвишлари кўпайиб, моддий етишмовчилик сабаб фаолиятимизни тўхтатдик.

Кинода роль ижро этиш мен учун...

— Тўғрисини айтсам, кинода роль ижро этишга унчалик қизиқмасдим. Лекин кейинги йилларда «Муҳаббатим — қисматим»да Ойбек домла, «Зебузар»да ота, «Ой қиз»да Шоҳ Сарбанд, «Вирус»да Босс каби ролларни ижро этдим.

Роль ижро этишдан аввал биринчи ўринда унинг «юки»га аҳамият бераман. Фикримча, фильмда бош роль ижроси актёр учун муҳим бўлмаслиги керак. Аксинча эпизод бўлса ҳам у ўз иштироки билан фильм мазмун-моҳиятини очиб бериши, воқеаларни ривожлантириши ва албатта, томошабин қизиқишини уйғота олиши керак. Яна бир муҳим жиҳат, мен учун кинонинг мавзуси, моҳияти жуда муҳим.

Кутилмаганда «Барон» фильми учун кастингга таклиф қилишди. Синовдан муваффақиятли ўтдим. Фильмдаги гиёҳвандлик воситаси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркор Мардонбой образига мени танлашди.

Фильм режиссёри Рустам Саъдиев билан ҳамкорликда Мардонбойнинг дардини, фожиасини томошабинга етказиб бера олдик, деб ўйлайман.

Тан оламан, шу кунгача ўйнаган ролларим бир тараф бўлган бўлса, «Барон»даги Мардонбой роли бир тараф бўлди. Бу ролим орқали жуда кўп мухлис орттирдим. Кўчаларда юрганимда «Барон» деб чақира бошлашди.

«Барон» фильми эса яқин 15-20 йиллик ўзбек киноси тарихида алоҳида ўринга эга бўлди, десам янглишмайман. Чунки фильм сюжети мукаммал, ғояси ўткир, актёрлар гуруҳи малакали эди. Яна чет элдан ҳам ижодкорлар таклиф қилингани, хориждаги бир қанча шаҳарларда тасвирга олингани ҳам унинг савиясини оширди.

Ҳаётимнинг асл ўзаги — театрда

— Бугун миямизни банд этадиган ахборотлар шу даражада кўпки, шошиб қолиш ҳеч гап эмас. Аммо театр барибир ўз мақомига эга даргоҳ.

Эътироф этишим керакки, кейинги 3-4 йил ичида Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри анча ўсишга эришди. Бунинг учун республикамизнинг таниқли режиссёрлари Баҳодир Йўлдошев, Олимжон Салимов, Асқар Холмўминов, Баҳодир Назаров, Абдураҳмон Назаров ва таниқли актёрларни таклиф этиб, устоз-шогирд анъанаси асосида бир нечта спектакллар намойиш этдик. Айниқса, Чингиз Айтматовнинг «Оқ кема» асарида Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг иштироки томошабинларнинг олқишига ва эътирофига сазовор бўлди. 2019 йилда Абдулла Қодирийнинг 120 йиллик юбилейига бағишланган «Бахтсиз куёв» спектакли театршунослар томонидан юқори баҳоланиб, жорий йилнинг 14-19 апрель кунлари Туркиянинг Айвалик шаҳрида бўлиб ўтадиган «II Халқаро Айвалик театр фестивали» таклифномасини қўлга киритди. Асосийси, машҳур шахсларнинг вилоятимиз актёрлари билан бирга ишлаши уларга улкан тажриба мактаби бўляпти. Шунингдек, улар билан биргаликда ёш талаба ва ўқувчилар ўртасида «Орзуимдаги инсон билан учрашишни истайман» лойиҳаси асосида бир қатор маҳорат дарсларини ташкил этиб келяпмиз.

Театрда «томоша санъати» жуда муҳим

— Чет давлатларида спектаклларни мароқ билан қўямиз. Чунки у ердаги театрлар томошабинлар билан тўла бўлади. Ўзимизда эса, афсуски, ўриндиқлар анча бўш. Одамларни жалб қилиш учун ҳаракат қиляпмиз, лекин натижаси кам бўляпти. Шунга мос тарзда томошабинлар маданияти ҳам қониқарли эмас. Мисол учун, айрим томошабинлар театрга келганда ўзаро суҳбатлашиб, телефонда гаплашиб ўтиришади. Бу ҳолат мени доим ўйлантириб, қалбимни кемиради. Биргина спектакль учун юзлаб инсон меҳнат қилади, ишлайди, тиним билмайди. Илтимос, ўша атмосферада дард чекаётган, изтиробга тушаётган, ўз қаҳрамони билан яшаётган, ёнаётган актёрларни ҳурмат қилайлик!

 «Мahalla» мухбири

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.