April 5, 2020

Ёшараётган касаллик

Касалликнинг яхшиси бўлмайди. Аммо айрим касалликлар борки, номини эшитибоқ, инсон бир сесканиб олади. Бугун бутун дунёда кенг тарқалиб бораётган ва ёшараётган кўкрак бези саратони ана шундай хавфли хасталиклар туркумига киради. Афсуски, бу иллатга чалинганлар сони юртимизда ҳам ортиб бормоқда. Чунки инсон организмида суст, узоқ вақт давомида белгиларсиз кечгани учун ҳам уни барвақт аниқлашнинг имкони йўқ. Хўш, касалликка чалинмаслик, уни барвақт аниқлаш ва олдини олиш учун нима қилиш керак?

 Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази маммология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, Европа онкология жамияти аъзоси Лола Алимхўжаева билан айни шу мавзуда суҳбатлашдик.

— Афсуски, бугунги кунда кўкрак бези саратони мамлакатимизда ҳам аёллар онкология касалликлари орасида биринчи ўринни эгалламоқда, — дейди Л.Алимхўжаева. — Яна бир ачинарли ҳол шундаки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, кўкрак бези саратони йилдан-йилга ёшариб бормоқда. Агар 10 йил олдин бу касаллик билан, асосан, 55-60 ёшли инсонлар оғриган бўлса, бугунга келиб, 35-40 ёшли аёллар орасида ҳам кенг тарқалиши кузатилмоқда. Бир йилда республикамизда ўрта ҳисобда 3 мингга яқин аёлда кўкрак бези саратони аниқланади. Уларнинг 2-3 фоизи ёшлар. Афсуски, кўп беморлар ҳамон 3-4-босқичида мурожаат қилишмоқда. Бу касалликни даволаш мумкин, ҳатто, буткул соғайиб кетиш имконияти бор. Бунинг учун ўз вақтида шифокорга мурожаат қилиш керак. Вақтида мурожаат қилинмаслиги натижасида даволаш имконияти пасайиб кетади ҳамда бедаво дард сифатида қабул қилинади. Яна қайтараман, хасталикнинг илк давридаёқ аниқлаш, даволашни 95 фоизга кафолатлайди.

Касаллик қандай пайдо бўлади?

— Кўкрак бези саратонининг келиб чиқишига аниқ омил йўқ, лекин шу ҳолатга олиб келадиган ички ва ташқи таъсирлар бор. Ташқи омилларга экологик хавф, радиация, токсик воситалар, носоғлом турмуш тарзи, нотўғри овқатланиш, ичиш, чекиш, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш киради. Гормонал бузилишлар ва ёндош касалликлар — бачадон ва тухумдон, буқоқ, жигар хасталиклари, кўп аборт, кеч турмушга чиқиб, кеч ҳомиладорлик, ҳайз ва менопауза жараёнининг бузилиши, жинсий фаолиятнинг издан чиқиши, қаттиқ сиқилиш ҳамда стресс ҳолатлари ички омил ҳисобланади. Бу касаллик ривожида наслий омил ва саратонолди касалликлари ҳам роль ўйнайди. Кўкрак безидаги барча мастопатиялар, айниқса, тугунли шаклдагиси, фиброаденомалар, кистоаденомалар, анамнезида ўтказилган мастит касаллиги ҳам саратон чақирувчи ҳисобланади.

Кўкрак саратонида қандай белгилар кузатилади?

— Одатда кўкрак бези саратони белгилари касалликнинг 2-3-босқичида аниқланади. Шу туфайли кўп аёлларимиз касалликни ўтказиб келишади. Табиийки, шунга монанд ташхис қўйиш ҳам кечикади. Агар касаллик белгиларини кутмасдан, кўкракда биринчи пайдо бўлган оғриқ, ҳайз олдидан кузатиладиган шиш ва оғриқ, қўлга илинар-илинмас қаттиқлик пайдо бўлганда мурожаат қилинса, олдини олиш ва бутунлай соғайиш имконияти ошади. Саратонни тугунли ва шиш-инфильтратив тури мавжуд. Тугунли туридаги илк белгиларида кўкрак безида кичик, нўхатдек қаттиқлик ёки ҳосила пайдо бўлади. Бу ҳосила тери билан боғлиқ бўлиб, терини ичига тортиб қўяди ёки ташқарига бўртиб чиқади. Бошқа ҳолда кўкрак шишиб, инфильтрация ва қизариш билан қопланади, бутун кўкракда шу ҳолат кузатилади. Яна бир белгиси — кўкрак бези сўрғичидан гўшт селига ўхшаш, баъзида қонли ажралма келиши мумкин. Кўкрак бези териси ранги ўзгариб, апельсин пўстлоғи тусига киради. Касаллик томонидаги қўлтиқ соҳасида қаттиқлик пайдо бўлади. Лимфа тугунлари катталашади. Лимфа тугунлари касаллик ривожланиб кетганда нафақат қўлтиқ остида, балки умров устида ҳам катталашади. Бир хил ҳолатларда кўкрак бези саратонини маститсимон ва панцир турлари ҳам кузатилади. Бунда, албатта, саратонни аниқлаш ва тасдиқлаш учун биопсия усулидан фойдаланилади.

Яна бир тури — педжет касаллигидир. Бунда сўрғич емирилиши кузатилади.

Агарда кимда-ким ўзи ва яқинида шу белгиларни сезса, дарҳол онколог шифокорга мурожаат қилиши лозим. Уйда ўзича даволаниш, ҳар хил дори воситаларини истеъмол қилиш, табибга бориш нотўғри. Аксинча бу ҳаракатлар касалликни авж олиб кетишига сабаб бўлади. Кўкрак бези саратони вақтида аниқланиб, даволанмаса, бутун организмни емиради. Касалликнинг авж олиши натижасида метастазлар суякларга, ҳатто, бош мияга зиён етказади. Тарқалиб кетган ва метастаз берган ҳолатларда сабабсиз йўтал хуружи, суяк оғриқлари ва синиши, тана ранги сарғайиши, бош айланиши ва координация йўқолиши, иштаҳа бўлмаслиги, озиб кетиш кузатилади. Касаллик шуниси билан хавфли.

Қандай текширувлардан ўтиш зарур?

— Башарти аёлларимиз шу белгиларни пайқаб қолишса, биринчи навбатда ўзларини мустақил текширишлари зарур. Йигирма беш ёшдаги аёлларнинг йилда бир маротаба УТТ текширувидан, қирқ ёшдан кейин эса йилда бир маротаба маммография текширувидан ўтишлари тавсия этилади.

Маммография – кўкрак саратонининг эрта босқичида аниқлашнинг энг самарали усули ҳисобланади. Бунда кўкрак безида ҳатто аёл ўзи сезмаган, жудаям кичик ўсимтани кўриш имкони бор. Касалликни эрта аниқлаш аёл ҳаётини сақлаб қолиш даражасини оширади. Бу борада Европа давлатларида маммо­скрининг тадбирлари кенг йўлга қўйилган. Яъни, 50 ёшдаги соғлом аёлларни йилда бир маротаба маммография текширувидан ўтказиш кўзда тутилган. Бу қарийб 20-24 фоиз касалликни илк босқичида аниқлаш имкониятини беради.

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида 40-60 ёшгача бўлган аёлларни энг замонавий маммография аппарати ёрдамида кўрикдан ўтказиш ва скрининг чора-тадбирларини кенг йўлга қўйиш кўзда тутилмокда. Бугунги кунда бу тадбирлар марказимизнинг Наманган вилояти филиалида амалга оширилмоқда. Яқин кунлари Бухорода ҳам бошлаш кўзда тутилган. Маммо­график текширувда сут бези саратонига шубҳа қилинган аёллар кенгайтирилган текширувдан ўтиш учун вилоятлардаги филиалларимизга юборилади. 40 ёшгача бўлган аёллар УТТдан ўтказилади.

Аслида ҳар қандай соғлом аёл ҳам тиббий кўрикдан ўтишни унутмаслиги лозим. Бу нафақат саратоннинг олдини олади, балки унга олиб келадиган ёндош хасталикларни аниқлашга ёрдам беради.

Хулоса ўрнида

— 12 фоиз беморларда 1-2-босқичнинг ўзида ҳам, метастаз ва тарқалиш ҳолатлари кузатилади. Шу омилларни ҳамда касаллик ёшариб боришини инобатга олган ҳолда ёшларимиз белгиланган вақтда тиббий кўрикдан ўтиб туриши лозим. Чунки саратон касаллиги ёшларда жуда хавфли кечади ва тез тарқалади. Иложи борича аёлларимиз, айниқса, ёшлар безовталик бўлмаганда ҳам камида бир йилда бир маротаба маммолог кўригидан ўтиб туришини тавсия қиламиз.

 Лобар ЮЛДОШЕВА