Ирригация объектлари учун субсидиялар қандай берилади?
Табиий бойликларни, хусусан, сувни етарли даражада келажак авлодга етказиш ҳар бир шахснинг бурчидир. Негаки, табиий бойликлар ҳам туганмас хазина эмас. Шу билан бирга, дунё аҳолиси сони кун сайин ортиб бораётгани ва шунга монанд бундай манбаларга бўлган эҳтиёж ҳам кўпайиши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Бундай вазиятда эса оқилона ечим — соҳага замонавий, тежамкор технологияларни жорий этишдир. Хўш, бу борадаги ишлар қай аҳволда?
Соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш учун мамлакатимизда етарлича имконият, хусусан, қонуний асос яратилган. Жумладан, бу борада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони муҳим ҳужжат бўлди.
— Фармон билан жорий йилда республика бўйича 44 минг гектардан ортиқ ерга сув тежовчи технологияларни қўллаш режалаштирилган, — дейди Сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев. — Аҳамиятлиси, 24,8 минг гектар пахта майдонини томчилатиб суғоришга ўтказиш мўлжалланган. Мазкур соҳада давлат қўллаб-қувватлови, хусусан, субсидиялар ажратилиши муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан «Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги Низом» тасдиқланди.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди бўйича 2020-2030 йилларда туманлар (шаҳарлар) кесимида амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг прогноз кўрсаткичлари белгилаб олинди.
Соҳада давлат-хусусий шериклиги ривожлантирилади
Бундай лойиҳаларни амалга оширишни хоҳловчилар инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиб, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларига доир харажатларни қоплаш учун компенсация олиши мумкин. Мазкур ҳолатда Давлат бюджетидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган қисми қоплаб берилади. Харажатларнинг қолган қисмини инвестор ўз маблағлари ҳисобига амалга оширади.
Инвестиция шартномаси ёки ДХШ тўғрисидаги битимда қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари рўйхати, унга талаб этиладиган маблағларнинг дастлабки миқдори, бизнес лойиҳа, ҳар бир гектар ерга ажратиладиган субсидиянинг БҲМга каррали миқдори ва бошқа мажбуриятлар назарда тутилиши керак. Ўз ўрнида лойиҳа ташаббускори ишлар якунланганидан кейин субсидия олиш учун Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органларига зарур ҳужжатларни тақдим этади. Келиб тушган ҳужжатлар 3 иш куни давомида кўриб чиқилиб, вазирликка тақдим этилади, у ерда худди шундай муддатда харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун маблағлар лойиҳа ташаббускорининг банк ҳисобварағига ўтказиб берилади.
Кадрлар ўз ўрнини топа оляптими?
Маълумотларга кўра, юртимизда 130 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар татбиқ этилган. Шундан 77,4 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилмоқда. Жорий йил давомида эса яна 250 минг гектар майдонда шундай технологиялар жорий этилиши кўзланган. Муҳими, бу амалиёт шу тариқа давом этиб, тежамкор технологиялар қўлланиладиган майдонлар 2025 йилга бориб 1 миллион гектарга, томчилатиб суғориладиган ерлар эса 250-300 минг гектарга етказилиши мўлжалланмоқда.
Бу қувонарли ҳолат, албатта.
Аммо ҳар бир соҳа истиқболини ёш ва малакали кадрлар ҳал этишини ҳам унутмаслик керак. Хўш, ирригация тизимида фаолият юритаётган ёшлар соҳа келажагида қанчалик ўз ўрнини топиб боряпти?
— Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотларда меҳнат қилаётган 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан жорий йилда умумий қиймати 13,3 млрд. сўмлик 193 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, — дейди А.Мирзаев. — Ушбу лойиҳалар доирасида Фарғона вилоятида ғишт ишлаб чиқариш, Жиззах вилоятида тикувчилик цехи, Навоий вилоятида ёшлар боғи ташкил этилди. Шу кунга қадар 230 нафар йигит-қиз иш билан таъминланди. Йил охиригача тизимда яратилган янги иш ўринлари сонини 2500 тага етказиш мўлжалланган.
Шунингдек, ёшлар ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги фан ва техника ютуқларини, замонавий ресурслар ва сув тежовчи технологияларни, илғор маҳаллий ва хорижий тажрибаларни жорий қилишга доир тарғибот ишларини кучайтириш, сув хўжалигини жадал ривожлантиришга ҳисса қўшиш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинган. Соҳада кадрларнинг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда 500 нафар, 2021 ва 2022 йилларда 800 нафар, 2030 йилга қадар эса жами 5000 нафар олий маълумотли ёш мутахассисларни ишга олиш назарда тутилган. Қолаверса, соҳадаги 7000 нафар раҳбар-ходимнинг малакаси оширилади.
«Ақлли сув» — қандай тизим?
Давлатимиз раҳбари томонидан сув хўжалиги объектларини бошқариш жараёнларини, сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш тизимини автоматлаштириш зарурлиги белгилаб берилган. Бу борада вазирлик тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан имзоланган битимга мувофиқ, республикамизнинг асосий йиллик сув объектларига замонавий «Ақлли сув» тизими жорий қилиняпти. Ўтган йили KOICAнинг грант маблағи эвазига молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида 61 та сув хўжалиги объектларига сув сарфини онлайн кузатиш имконини берувчи қурилмалар ўрнатилди.
Ушбу тизим 2020 йилда яна 90 та объектда жорий қилинади. «Ақлли сув» тизимини 2025 йилда 300 тага, 2030 йилга бориб эса 1000 тага етказиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, сизот сувлари сатҳи ва минерализацияси тўғрисидаги маълумотларни онлайн узатиш, мониторинг юритиш ҳамда суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини баҳолаш тизимини яратиш мақсадида 2020 йилда 2000 дона, 2025 йилда 6000 дона ва 2030 йилгача 27 270 дона кузатув қудуқларида геоахборот тизимлари ўрнатилади.
Сув хўжалигидаги илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга оширишга жорий йилда ўтган йилга нисбатан 2,2 баравар кўп ёки 2 млрд. 200 млн. сўм маблағ ажратилади. 2021-2022 йилларда ушбу рақамни 3,5 млрд. сўм ва 2030 йилгача 5,0 млрд. сўмгача етказиш режалаштирилган.
Умуман олганда, бугун сувни тежаб ишлатиш, табиий бойлигимизни келажак авлодга заволсиз етказиб бериш борасида қатор амалий ишлар бошланган. Келгусида бу ишлар янада ривожлантирилиб, соҳада камхарж, кўп фойда берадиган технологиялар кўлами янада кенгайтириб борилиши режалаштирилган. Демак, соҳа иқтиқболи кўнгилга таскин бериш баробарида келажак ҳақида ёруғ режалар тузишга ундайди.
Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ
«Mahalla»