April 6, 2020

Масофавий таълим вақтинчалик зарурат эмас

Коронавирус эпидемияси туфайли юртимиздаги таълим муассасалари вақтинча ёпилгани туфайли шу ҳафтадан бошлаб мактаб ўқувчиларини масофадан ўқитиш амалга оширилмоқда. Халқ таълими вазирлиги вилоятларда ва узоқ ҳудудларда интернет тезлиги пастлигини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда видеодарсларнинг телеканаллар орқали намойиш этилишини таъминлаётир. Айни дамда соҳа мутасаддилари масофавий ўқитишнинг сифатли ва самарали амалга оширилишига эътибор қаратишган. Умуман олганда, таълимнинг бу шакли ҳозир пайдо бўлиб қолгани йўқ. Олий ўқув юртларида махсус сиртқи таълимда жисмоний имкониятлари чекланган шахсларни ўқитиш ёки бошқа шарт-шароитларда қўлланилган. Аммо илгари масофавий ўқитишнинг оммавий тарзда олиб борилмаганини ҳисобга олсак, ўқув жараёнининг бундай кескин ўзгариши ёшларнинг билим олишига салбий таъсир кўрсатмайдими?

Масофадан ўқитиш таълим жараёнида қандай ўрин тутади?

Масофавий ўқитиш аслида замонавий таълимнинг ўзига хос кўриниши бўлиб, уни вақтинча иложсизликдан қўллаш эмас, кенг оммалаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу тизимнинг кенг тарқалган, бошқаларига нисбатан самаралироқ бўлган икки усули мавжуддир. Булар — видеоконференция технологиясига ва интернет тармоғида веб-технологияга асосланган масофавий ўқитиш усулларидир.

Видеоконференция технологияси асосида қурилган масофавий ўқитиш тизимини синхрон кўринишдаги масофавий ўқитиш деб аташ ҳам тўғри бўлади. Бунга сабаб, ўқув жараёни ўқитувчи ва ўқувчи учун реал вақт мобайнида амалга ошади. Яъни унда иккала томон ҳам бир пайтда қатнашиши талаб қилинади. Баъзи ҳолларда бундай талаб ноқулайликларни келтириб чиқаради, айниқса, агар ўқитувчи ва ўқувчилар истиқомат қиладиган жойларда вақт анчагина фарқ қиладиган бўлса. Аммо реал вақт мобайнидаги мулоқот ва ахборот алмашинуви масофавий ўқитиш жараёни самарасини оширади. Интернет тармоғида веб-технологияга асосланган масофавий ўқитиш усули эса анча арзон, содда кўринишдаги масофавий ўқитиш усули ҳисобланади. Бу усул ўқитувчи ва ўқувчилардан бир вақтнинг ўзида масофавий ўқитиш жараёнида қатнашишни талаб қилмайди, ўқувчилар ўқув материаллари (электрон маъруза матнлари, видеоролик ва бошқалар)ни иккинчи томонда ўқитувчи бўлмаган тақдирда ҳам қайта кўриб ўрганишлари мумкин. Бу ҳолда ўқитувчи ва ўқувчи орасида қандай қилиб мулоқот ва савол-жавоб ўтказилади, деган савол туғилиши мумкин. Бу ишни электрон почта, ЧАТ иловалар ва овозли почталардан фойдаланиш йўли билан амалга ошириш мумкин. Бундан ташқари, интернет тармоғи орқали турли мультимедиа иловаларини узатиш имкони мавжуд. Самарали масофавий ўқитиш жараёнини ташкил қилиш йўлидаги биринчи қадам ўқувчиларнинг талабларини ўрганиш, ўқув материалларининг мазмунини танлаш ва ўқитувчи учун ўқув жараёнидаги мавжуд чегараларни аниқлашдан иборат. Масофавий таълимнинг кўп муҳитлилиги ўқув дастурларини режалаштириш ва курсларни ишлаб чиқиш тамойилларида ўз аксини топади.

Телевизион дарслар жадвали ҳар ҳафта эълон қилинади

Ҳозирги вазиятда видеоконференция усулини татбиқ этиш имконсиз. Ўқув дастурлардаги билимлар телевизион дарслар орқали ўқувчиларга етказилиши эса ўзига хос талабларни ўз ичига олади. Бу дарсларни фақат ўқувчилар эмас, балки уларнинг ота-оналари ва яқинлари, барча педагоглар ҳам кузатиб бориши лозим.

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда 30 мартдан учта телеканалда телевизион дарслар намойиш этишни бошлади. Хусусан, Uzdigital TV МЧЖ абонентлари 1-4-синфлар учун телевизион дарсларни National Geography Wild каналида, 5-8-синфлар учун Eurosport каналида ва 9-11-синфлари учун эса «Охота ва рыбалка» каналида томоша қилишлари мумкин. Кабель телевидение ҳамда IP-телевидение абонентларида эса телевизион дарслар бошқа телеканаллар ўрнига намойиш этилади.

Шунингдек, видеодарслар ер сунъий йўлдоши орқали узоқ ва бориш қийин аҳоли пунктларида ўрнатилган кам қувватли телеузаткичлар орқали қўшимча каналлар шаклида 4 та телевизион канал орқали очиқ ҳолда бепул асосда тарқатилиши ташкиллаштирилди.

Телевизион дарслар эфир вақти ҳақидаги маълумотлар билан ҳар ҳафта Халқ таълими вазирлигининг расмий сайти (www.uzedu.uz) ва ижтимоий тармоқларидаги саҳифалари орқали танишиб бориш мумкин.

Педагоглар ҳам бекор ўтиргани йўқ

Телевизион дарсларни параллел равишда интернет тармоғида вазирликнинг расмий веб-сайтида, kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали кузатиб боришга имкон яратилган. Kundalik.com орқали ўқитувчилар ўқувчиларнинг видеодарслар орқали билим олишини назорат қилиб, баҳолаб боришади. Kundalik рақамли таълим платформаси Ўзбекистон мактабларида масофавий таълимни ташкил қилиш учун барча зарур функцияларга эга.

Шу билан бирга, фарзандлари билимини мустаҳкамлашда ота-оналар ёрдамларини аямаслиги, фақатгина теледастурлар орқали берилаётган дарсларда эмас, балки мунтазам равишда мактаб дастурини ўзлаштиришида кўмак беришлари лозим. Шунингдек, барча педагоглар ўз фанлари бўйича масофавий тарзда — телефон, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда ўқувчиларига педагогик ва психологик ёрдам бериш, уларнинг билимларидаги бўшлиқларни тўлдириб боришга ҳаракат қилишяпти.

Ота-оналарга фарзандлари билан шуғулланиши учун рағбат

Ота-оналарни фарзандлари билан биргаликда дарс тайёрлашга рағбатлантириш мақсадида Республика таълим маркази томонидан онлайн танлов ҳам эълон қилинди. Танлов шартларига кўра, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс «Online-мактаб» доирасида телеканалларда эфирга узатилаётган видеодарслар мавзулари бўйича фарзанди билан биргаликда дарс тайёрлаш жараёнини исталган қурилмада тасвирга олади. Тасвирга олинган 3-5 дақиқалик видеолавҳани 2020 йил 31 мартдан 5 апрель куни соат 20:00 га қадар қуйидаги манзилга юбориш лозим: t.me/rtm_tanlov_uchun.

Иштирокчилар томонидан юборилган энг яхши видеолавҳалар дарсни тушунтириб бериш услуби ва мазмунига қараб саралаб олинади. Сараланган видеолавҳалар 2020 йилнинг 10 апрель куни t.me/rtmlibrary каналида эълон қилиниб, улар орасидан ғолиблар жамоатчиликнинг овоз бериши орқали аниқланади.

Видеолавҳалар 1-6-синф ва 7-11-синф мавзулари бўйича алоҳида сараланади ҳамда жами 16 нафар ғолиб 13 апрель куни соат 15:00 да t.me/rtmlibrary каналида эълон қилинади. 3 та ғолиб, шунингдек, энг яхши деб топилган яна 5 та номинация бўйича видеолавҳа муаллифларига пул мукофотлари топширилади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи ҳам бўлиб, унда ота-оналарнинг фарзандлари билан биргаликда бадиий китоб ўқиш видеолавҳалари онлайн танлови ҳам ўтказилади.

Хулоса ўрнида

Бугунги кунда олиб борилаётган масофавий таълим жараёни ўқувчиларнинг билим олишида танаффус пайдо бўлишига йўл қўймаслик билан бирга, ушбу тизимни ривожлантиришда кенг тажриба орттиришга ҳам хизмат қилади. Боиси мазкур тизим ёшлар учун илм эгаллаш борасида имконият ва қулайликларни кенгайтириш орқали таълим соҳасининг келажагини белгилаб беради. Албатта, бу келажакда мактаб муҳитида таълим олиш йўқолади, дегани эмас, балки мактабда олинган билимларни мустаҳкамлашда қўшимча шароит яратилишини англатади. Энг аҳамиятлиси, шу кунлардаги тажриба масофавий ўқитишнинг афзалликларини таълим берувчиларга ҳам, таълим олувчиларга ҳам чуқур англатиб, уларда ушбу тизимдан самарали фойдаланиш малакасини шакллантириши шубҳасиз.

 Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати билан

ҳамкорликда Тўлқин ШЕРНАЕВ тайёрлади.