April 6, 2020

ФҲДЁ органлари янги тизимда иш бошлайди

Ҳар биримиз зарурат юзасидан, жумладан, чақалоқ туғилса, никоҳ тузиладиган бўлса, ўлим ҳодисаси қайд этилса ёки бошқа ҳолатларда уни расмийлаштириш учун Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари(ФҲДЁ)га мурожаат қилганмиз. Бу жараёнда бир талай қоғозларни тўлдириш, имзо чекиш, тегишли тўловларни қилгандан кейин керакли ҳужжатни икки-уч кундан сўнг қўлга олганимиз ҳам бор гап. Бундай вазиятда олис бир қишлоқда яшовчи фуқаронинг туман марказидаги ўша идорани излаб, сарсон-саргардон бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Бугунга келиб барча соҳаларда тезкор, вақтни тежовчи, оворагарчиликка чек қўядиган интерфаол тизимларнинг жорий этилиши бундай муаммоларга чек қўймоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 февралдаги «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, ФҲДЁ органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Унга кўра, агентлик ФҲДЁ органларининг ишини тизимли назорат қилиш, малакали кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётини мувофиқлаштириш, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимини юритиш ва ФҲДЁ органларининг ҳудудий архивларига раҳбарлик бўйича функцияларни бажаради.

«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» бизга нима беради?

Аксарият ҳолларда ҳуқуқшунослар тилга оладиган бу атаманинг луғавий маъносини англаб олиш қийин эмас. Фуқаролик ҳолати ҳуқуқий жиҳатдан қай тарзда расмийлаштирилмасин, у аввал қоғоз шаклида сақланган бўлса, рақамли технология асрида унинг электрон кўриниши муҳрланади.

— 2015 йилдан бошлаб мамлакатимизда илк бор ФҲДЁ органлари фаолиятига ­«ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими жорий қилинган эди, — дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бўлим бошлиғи Ҳасанжон Насимов. — Қайд этилган ҳар қандай фуқаролик ҳолати далолатнома ёзуви ушбу архивда сақланиб қолади. Ҳаттоки 2015 йилгача бўлган маълумотлардан 54 фоизи рақамлаштирилиб, ушбу ахборот тизимига киритилгани арзигулик иш бўлди. Бу тажриба бизга нима беради? ФҲДЁ органларининг манфаатдор вазирлик ва идоралар билан маълумотни электрон шаклда алмашиш имконияти пайдо бўлди. Бунда ҳозиргача Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат персоналлаштириш маркази, нотариал идоралар, Мажбурий ижро бюроси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Давлат солиқ, Статистика қўмиталари билан идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Барча ҳужжатлар электрон шаклда тўлдирилаётгани сабабли фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш муддати қисқариб, сифати яхшиланди.

Бундан ташқари, ФҲДЁ органларида тўловни қабул қилиш ва унинг сарфланишини назорат қилиш учун онлайн (биллинг) тизими жорий этилди.

 Иш дафтарлари аллақачон электрон тарзда юритилмоқда. Туғилганлик, никоҳ, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳақидаги гербли гувоҳномани компьютер ёрдамида фақат босма ҳарф билан тўлдириш тартиби жорий этилди.

  Қўлда ёзиб тўлдириш талаби энди йўқ. 2022 йил 1 январга қадар автоматлаштирилган «ФҲДЁ ягона электрон архиви» тизимини шакллантириш назарда тутиляпти. Айни пайтда махсус ускуна ёрдамида ФҲДЁ архиви ҳужжатларини рақамлаштириш бошлаб юборилди.

Экстерриториаллик тамойили нима дегани?

Фуқаролик ҳолатларини қайд этишдаги энг кўп ҳодиса, бу — вояга етган шахсларнинг никоҳ тузиши, яъни оила қуриши билан боғлиқдир. Оила кодексининг 212-моддасида фуқаролар никоҳини қайд этиш никоҳланувчи шахслардан бирининг яшаш жойидаги ФҲДЁ органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган. Шу вақтгача амал қилинган тартиб ўрнида никоҳни қайд этиш бўйича давлат хизматларини экстерриториаллик тамойили асосида кўрсатиш ҳуқуқий йўналишдаги яна бир янгилик бўлди.

— Никоҳни экстерриториаллик тамойилига кўра, исталган ФҲДЁ органида қайд этишни назарда тутган ҳолда, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда, — дейди Ҳ.Насимов. — Айни пайтда ФҲДЁ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали бу тажрибани қўллаш кўзда тутиляпти. Юқорида таъкидлаганимиздек, «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизимининг жорий этилиши, барча манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграция қилингани никоҳни қайд этиш бўйича ҳам давлат хизматларини экстерриториаллик тамойили асосида кўрсатиш имконини беради.

Қандай қулайликлар вужудга келди?

Бугун адлия, ҳуқуқ соҳаларини янгилаш нафақат мазкур тизимда ишлаётган мутахассислар, балки аҳолини ҳам ортиқча оворагарчиликлардан халос этмоқда. Юртимизнинг қайси вилояти ёки туманига борманг, ФҲДЁ органлари фаолияти тубдан такомиллаштирилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

— Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишда қоғозбозликка таяниб қолгандик, — дейди Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бош маслаҳатчиси Нодира Мирмуҳамедова. — Узундан-узун навбатларни айтмасангиз ҳам бўлади. Давлатимиз раҳбарининг «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори барчасига чек қўйди: қулай, тезкор, шаффоф тизим вужудга келди. Энди боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси туғуруқхонадан автоматик равишда электрон базага келиб тушади. Агар бир киши вафот этса, унинг ўлими ҳақидаги маълумотномани ФҲДЁга яқин одами олиб келиши шарт эмас. Бу тўғридаги тиббий маълумотнома туман ёки шаҳар касалхонаси базасидан бизга келиб тушади.

Шунингдек, эндиликда фуқароларни онлайн қабул қилиш мумкин. Янги тизимга ўтилгандан бери вилоят аҳолисига 30 мингта хизмат турини кўрсатишга муваффақ бўлдик. Барча турдаги далолатнома ёзувлари электрон равишда «ФҲДЁ ягона электрон дастури» ахборот тизимига киритилиб борилмоқда. Давлат хизматлари агентлигининг вилоят бўлими электрон ахборот базасида эса туманлар статистик маълумоти мавжуд.

Шу ўринда Нуробод тумани ФҲДЁ бўлими томонидан 179 та дунёга келгани қайд этилмаган болага туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг берилиши, 365 нафар шаръий никоҳда яшаб келаётган оиланинг никоҳи қонуний расмийлаштирилиши, ажрим ёқасига келиб қолган 17 та оиланинг яраштирилиши ибратга моликдир. Аммо Ургут, Пастдарғом туманлари ва Самарқанд шаҳрида ҳуқуқий ҳолатларни расмийлаштиришда айрим номутаносибликларга дуч келишимиз мумкин. Бундай ҳолатларга чек қўйиш эса давр талабидир.

* * *

Қайси соҳа бўлмасин, енгиллик ва қулайлик яратилса, бундан жамият манфаатдор, фуқаро рози. Бинобарин, фуқаролик ҳолатларининг ҳуқуқий жиҳатдан электрон шаклда тезкор, бехато расмийлаштирилиши, электрон архивда муҳрланиши худди шундай ижобий воқелик бўлиб қолади.

 Ҳулкар КУЗМЕТОВА

«Mahalla»