April 6, 2020

Кимлар таътилга чиқади, кимларга ҳақ тўланади, имтиёзлар кимларга берилади?

Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий миқёсда тиббий карантин жорий қилинди. Шу боис барча турдаги ташкилотлар ва ишчи-хизматчиларнинг ўзаро меҳнат муносабатларида қатор саволлар пайдо бўлди: «Карантин даврида иш қандай олиб борилади? Бу жараёнда меҳнат таътилига чиқиш тартиби қандай? Кимларга ҳақ тўланадию, кимлар ўз ҳисобидан таътилга чиқарилади?» Айни саволларга жавоб топиш мақсадида соҳа вакилларига юзландик.

Таътил ходимнинг хоҳишига кўра берилади

Маълумки, коронавирус туфайли юртимиздаги аксарият ташкилотлар, жумладан, таълим муассасаларининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳолат, ўз навбатида, ана шу ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг маълум муддат иш фаолияти чекланишига олиб келади. Шу билан бирга, мазкур вазият ёш болали оилаларнинг бир аъзоси мажбурий таътилга чиқиши заруратини юзага келтирди.

— Айни шароитдан келиб чиқиб, 2020 йилнинг 28 март куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тегишли буйруғи билан мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари (МТТ) ва умумтаълим муассасалари бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига йиллик меҳнат таътили беришнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди, — дейди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдинов. — Унга кўра, ходимлар — боғча тарбияси ёшида бўлган ёхуд умумтаълим мактабининг 1-4-синфларида ўқийдиган фарзандларнинг ё отаси, ёки онаси, ё бўлмаса, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз хоҳишига кўра йиллик ҳақ тўланадиган таътил олишга ҳақли. Бунда таътил ходимнинг хоҳишига кўра, таътиллар жадвалидан қатъи назар берилади (биринчи иш йили учун 6 ой ишлаган бўлиш шарт эмас).

Хўш, агар ходим карантин давридан олдин меҳнат таътилини олиб улгурган бўлса-чи? Бу ҳолат ҳам Низомда ўз аксини топган. Унга асосан, агар ходим боғча ёки мактаб фаолияти тўхтатилишидан олдин меҳнат таътилини олиб улгурган бўлса ёки меҳнат таътили олишни хоҳламаса, унинг розилиги билан ходим масофавий иш усули, мослашувчан иш графиги ёки уйда ишлашга вақтинча ўтказилиши, шунингдек, иш ҳақи сақланмаган таътилга чиқарилиши мумкин.

— Бу жараёнда яна бир жиҳатни унутмаслик керак, — дейди Э.Муҳитдинов. — Таълим муассасаларида карантин давом этиши муносабати билан меҳнат таътили тугаган кун ишга чиқишнинг иложи бўлмаганда, ходим иш берувчи номига муддати ва бошланиш санаси кўрсатилган иш ҳақи сақланмаган таътил олиш ёки масофавий ишлашга вақтинча ўтказиш бўйича ариза юборади. Бунда иш берувчи ходимга аризасида кўрсатилган санадан бошлаб иш ҳақи сақланмаган таътил беришга мажбур (Меҳнат кодексида белгиланган максимал муддат бўйича чекловлар карантин даврида татбиқ қилинмайди).

Кўпчилик «Таълим муассасалари ишламаётган бўлса, уларда меҳнат қилаётган ходимларга иш ҳақи тўлаб бориладими?» деган саволни ҳам қўймоқда. Алоҳида таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 мартдаги тегишли фармонига мувофиқ, давлат бюджетидан молиялаштириладиган барча МТТ, умумтаълим мактаблари, олий таълим, спорт ва маданият муассасалари ходимларига иш ҳақи тўлаб борилади.

Ходимларнинг 50 фоизи таътилга чиқарилиши керакми?

Меҳнат қонунчилигига мувофиқ, карантин (чекловчи тадбирлар) шароитида иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан ходимларнинг шахсий ҳимояси учун барча зарурий чораларни кўриши лозим. Хўш, бу қандай тадбирларни ўз ичига олиши мумкин?

— Коронавируснинг олдини олиш бўйича республика комиссиясининг қарорига кўра, жорий йилнинг 23 мартидан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасалар (мулкчилик шаклидан қатъи назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарди, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилмоқда, — дейди Адлия вазирлиги масъул ходими Фаррух Жўраев.
— Шунингдек, Президентимиз томонидан аҳолини ижтимоий ва тиббий муҳофаза қилишни кучайтириш ҳамда бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди. Жумладан, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўз ходимларининг камида 50 фоизини ҳақ тўланадиган таътилга чиқариши, қолганлар масофадан ишлашга ўтказилиши зарурлиги белгиланди. Ким масофадан туриб ишлаши, ким таътилга чиқиши иш хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, иш берувчи ва ходим ўртасидаги келишув асосида ҳал этилади.

Қисман ҳақ тўланадиган таътил қандай расмийлаштирилади?

Юқоридаги жараёнда танганинг иккинчи томони борлигини ҳам унутмаслик керак. Дейлик, карантин чоралари муносабати билан корхонада иш тўхтатилган. Бўш туриб қолинган вақт учун ходимларга ўртача иш ҳақини сақлаб қолишнинг молиявий жиҳатдан имконияти йўқ, улар эса иш ҳақи сақлаб қолинмаган таътилга чиқишга рози эмас. Хўш, бундай вазиятда қандай йўл тутиш мумкин?

Бу вазиятда, яъни иш ҳақини қисман сақлаб қолган ҳолда таътил тақдим этиш имконияти ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда жамоа шартномасида ёки бошқа локал ҳужжатда ёзилиши керак. Агар корхонада жамоа шартномаси бўлмаса, бундай таътил тақдим этишнинг тафсилотларини ходим билан тузилган меҳнат шартномасига қўшимча келишувда келишиб олиш лозим.

Қайд этиш керак, амалдаги Меҳнат кодекси ходимга иш ҳақини қисман сақлаб қолган ҳолда таътил беришни назарда тутмайди. Бироқ Меҳнат кодекси, бу — меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ҳаммаси эмас. Таътил мобайнида бундай ҳақ тўлаш тўғрисида янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 374-моддасида («асосий иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда таътилда бўлган ходимларга бериладиган тўловлар») зикр этилган.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 4-моддасига асосан, қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари (қонунлардагига нисбатан қўшимча) бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан, шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек, ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси кимларга берилади?

Меҳнат кодексининг 285-моддасига кўра, карантин эълон қилинганда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади. Хўш, у кимларга ва ким томонидан берилади? Унинг миқдори қанча?

— Қонунчиликка кўра, агарда ходим карантин вақтида санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан атрофидаги шахслар орқали юқумли касалликка чалиниш хавфининг олдини олиш мақсадида ишдан четлатилган бўлса, унга нафақа тайинланади, — дейди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов. — Яъни агар ходим карантинга олиниши муносабати билан ишдан четлаштирилган бўлса, ходимнинг бу даври учун унинг иш жойидан меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўлаб берилиши керак. Қонунчиликда бундай нафақа меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса ходимнинг умумий иш стажига, қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори(ҳозирда 679 минг 330 сўм)нинг 35,2 фоизи(239 минг 124 сўм)дан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.

«Mahalla» мухбири

Санжар ИСМАТОВ тайёрлади.