April 7, 2020

Ишсизлик кўпаймоқда, муаммонинг ечими борми?

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотига кўра, дунё халқларини таҳликага солаётган коронавирус пандемияси оқибатида ер юзида ишсизлик муаммоси янада авж олмоқда. Ҳозирги вазият сайёрамизнинг 25 миллион аҳолисининг бандлигига чек қўйиши мумкинлиги аниқланди. Албатта, бу глобал муаммодан Ўзбекистон ҳам четда қолаётгани йўқ.

Хусусан, турли буюм бозорларида савдо қилувчи тадбиркорлар, транспорт хизмати кўрсатувчилар, сервис соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари ходимлари, сартарошлар ишга чиқишмаяпти. Бундан ташқари, яна юзлаб хорижда ишлаётган ўзбекистонлик пандемия туфайли ишини ташлаб ортга қайтди ва бугун уларнинг барчаси уйда қолишга мажбур. Айни муаммони бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

— Фармонга мувофиқ, камбағал ва ишсиз аҳолини, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, касб-ҳунарга ўқитишга эътибор кучайди, — дейди Навоий вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Насиба Содиқова. — Бунда камбағал, ишсиз фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш маҳаллада ташкил этилган ўқув курсларида бошланиб, туман ёки шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан уларга амалий ёрдам кўрсатилади. Кейинги босқичда эса «Ишга марҳамат» миномарказлари ташкил этилади ва бу марказлар касб-ҳунарга ўқитиш масканларида ўқиган фуқаролар бандлигини таъминлайди.

Аслида биз маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитишни карантин тартиби ўрнатилмасдан аввал ташкил этган эдик. Карантин бошлангач, бу ўқув курслари машғулотлари тўхтаган бўлса-да, ана шу саъй-ҳаракатимиз янги фармон ижросини таъминлашга пойдевор бўлаётир. Чунки вилоятимиздаги 307 та маҳалланинг ҳаммасида «Уста-шогирд» анъанасини йўлга қўйганмиз.

Хотин-қизлар бандлиги — доимий эътиборда

Жорий йилнинг 27 февраль куни давлатимиз раҳбари раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла тизими ходимларига ишсизликни камайтириш борасида аниқ топшириқлар берилган эди. Шу асосда вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан «Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази» билан ҳамкорликда маҳаллаларда ўқув курслари ташкил этилди.

— Нурота кашталарининг донғи етти иқлимга машҳур, — дейди Нурота тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходими Гулруҳ Тоғаева. — Хусусан, каштали буюмларга хорижлик сайёҳларнинг талаби юқори. Айни пайтда ҳудудимиздаги барча маҳаллаларда каштачилик ҳунарини ўргатиш учун «Уста-шогирд» анъанаси йўлга қўйилган. Аҳамиятлиси, ёшларимизнинг бу момомерос ҳунарга қизиқиши юқори, карантин даврида қизлар кашта тикишни астойдил ўрганишмоқда. Эътирофли жиҳати, улар ҳимоя ниқобларини ҳам тайёрлаб, маҳалладошларига бепул тарқатишмоқда.

Нурота тумани марказидан 35 километр олисда жойлашган Ғозғон қўрғони жорий йилда Президент қарорига кўра, алоҳида шаҳар мақомини олди. Асосан чорвачилик ва мармар қазиб олишга ихтисослашган ҳудудда шу пайтгача хотин-қизлар учун деярли иш ўрни йўқ эди. Баҳорнинг илк кунларида Ғозғон шаҳрида «Нурота барака чеварлари» фабрикаси барпо этилди. Фабрика фаолияти ўқув курслари билан бошланди. Мазкур курсларга Ғозғондаги «Тумар», «Мармаробод» ва «Гулистон» маҳаллаларида истиқомат қилувчи 50 нафар хотин-қиз жалб қилинди.

— Тикув дастгоҳлари уйларига етказиб берилган хотин-қизларимиз мустақил равишда кўрпа-ёстиқ жилдларини тикиш­япти, — дейди «Мармаробод» маҳалласи раиси Шоҳиста Нурова. — Гап шундаки, фабрикада тайёрланаётган маҳсулотларни реализация қилиш учун аллақачон буюртмачилар билан шартномалар имзоланган эди. Уй шароитида тайёрланаётган бу маҳсулотлар буюртмачиларга етказиб берилади. Энг асосийси, ҳунар ўрганувчилар даромадсиз қолмайди. Уларга Нурота тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорида ҳақ тўлаб борилмоқда. Карантин даври тугагач, бу хотин-қизлар шу фабрикада иш билан таъминланади.

Ишсиз фуқароларга ўн сотихдан ер берилди

Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида Навоий шаҳрида ҳам қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

— Ишсизлик, моддий етишмовчилик жиноятчиликка йўл очиши мумкин, — дейди Навоий шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Рустам Ғаффоров. — Ҳозирги мураккаб шароитда катталар босиқлик билан иш тутишса-да, ёшларимиз орасида билиб-билмай қонунбузарликка қўл урадиганлар чиқиши эҳтимолдан холи эмас. Шу боис биз, аввало, ёшлар бандлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бунда биринчи навбатда, 18-25 ёшли ишсизлар рўйхати шакллантирилди. Уларнинг 25 нафарига «Ёшлик» маҳалласи ҳудудидаги бўш, ҳокимлик захирасидаги майдондан ўн сотихдан ер ажратдик. Ёшлар ўз ерларига картошка, помидор, пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотларини экишмоқда.

Шунингдек, Навоий шаҳри ҳокими томонидан маҳаллаларда жамоатчилик асосида ишлайдиган фуқаролар сонини ошириш, ҳудудда саранжом-саришталикка эътиборни кучайтириш борасида ҳам аниқ топшириқлар берилган.

— Пандемия туфайли шаҳар шароитида ишсизлар сони кескин ошгани сир эмас, — дейди «Истиқлол» маҳалласи раиси Холмурод Муродов. — Чунки меҳмонхоналар, гўзаллик салонлари, қаҳвахоналар, тўйхоналар ўз фаолиятини тўхтатган. Бу жойларда ишлаган фуқаролар айни пайтда ишсиз. Афсуски, ана шу фуқароларимиз ҳақ тўланадиган жамоат ишларида ишлашни исташмаяпти. Уларга 750 минг сўм маош камлик қилар экан. Йўқдан кўра, ҳарна-ку. Ачинарлиси, тайёр ишни рад қилганларнинг айримлари уялмай маҳалладан ёрдам сўраяпти, бола-чақасини боқиш учун ҳомийлар кўмагига кўз тикяпти.

Маҳалла раисининг куюнганича бор. Айни пайтда Навоий шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ҳомийлар кўмагида ҳар куни 500 тагача хонадонга кундалик зарурий истеъмол маҳсулотлари етказиб берилмоқда. Бундай ёрдамни талаб қилиб, «нега унга бору менга йўқ?» дея кунда эшик қоқаётганлар ҳам йўқ эмас. Наҳотки, уруш йилларида миллати ва динига қарамай, етим болаларни бағрига олган халқимиз бугун ўз фарзандларини боқиш учун мавжуд иш ўрнини рад қилиб, боз устига, уялмай маҳалладан ёрдам сўраяпти?!

Маҳалла институти вакиллари ҳамкор ташкилотлар билан олиб бораётган тарғибот-тушунтириш ишлари самара беради, албатта. Айни вазият моҳиятини англамай, нотўғри йўл тутаётган баъзи юртдошларимиз хатосини тушуниб етади. Асосийси, халққа суянч ва таянч бўлишга интилган маҳалла ходимлари бугун ҳам одамлар ташвиши билан яшаяпти, бандликни таъминлашга ҳисса қўшишни биринчи галдаги вазифа деб билмоқда.

 Холбиби САФАРОВА

«Mahalla»