Ер ресурсларидан қандай фойдаланяпмиз?
Она заминнинг саховати чексиз. У эл-юртга ризқ-насиба улашади. Ер майдонларидан самарали фойдаланиш эса бозорларимиз тўкинлиги ва нарх-наво барқарорлигини таъминлайди. Бугунги кунда Навоий вилоятининг умумий ер майдони 10 миллион 948 минг гектарни ташкил этади. Шундан 91 минг 515 гектари сувли ер майдонидан иборат. Минг афсуски, бошқа ҳудудларда бўлгани каби Навоийда ҳам мансабдор шахслар томонидан ерларни ноқонуний ажратиш, фуқаролар томонидан эса ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари аниқланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга қарши қатъий чора кўриш борасида муҳим дастуриламал бўлди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Навоий вилояти прокуратураси томонидан аниқ ва мақсадли чора-тадбирлар белгиланиб, вилоят ва шаҳар-туманлар даражасида ишчи гуруҳлари ташкил этилди.
— Ишчи гуруҳлар томонидан кунлик мониторинг ишлари олиб борилиб, ер майдонлари босқичма-босқич тўлиқ хатловдан ўтказилмоқда, — дейди вилоят прокуратураси масъул ходими Ойбек Қурбонов. — Жумладан, ўрганишлар давомида вилоят бўйича 22 та ҳолатда 5 минг 230 гектар ноқонуний ер ажратиш ҳолатлари аниқланди, 4 минг 711 гектар ер майдонлари эса давлат эгалигига қайтарилди.
Шунингдек, жами 1 минг 232 та ҳолатда 134 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани ва ноқонуний қурилишлар қилингани ойдинлашди. Шундан 59 гектар ер майдонига қурилган 639 та ноқонуний қурилишлар бартараф этилиб, судларга 525 та даъво аризаси киритилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер ажратиш ҳақидаги 22 та қарори қонунга зид деб топилиб, бу ҳақда судларга протест киритилди ва бекор қилинди.
Ерга хиёнат — давлатга хиёнат
— Айрим юртдошларимиз «бугун бузиб ташлаш ҳолатлари кўпайди», дея норози бўлишади, аслида, қонуний иморатни ҳеч ким, ҳеч қачон буз, демайди, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Улуғбек Файзиев. — Бузилаётган иморатлар давлатга тегишли бўлган, суғориладиган экин майдонларида, рухсатсиз, ўзбошимчалик билан қурилган. Бу ерлар давлат мулки ҳисобланади. Агар бу майдонлардан қўшимча томорқа сифатида фойдаланилса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сероб бўлади, бозорларда нарх-наво арзонлашади, дастурхонлар ноз-неъматга тўлади.
Афсуски, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, қайсидир «ҳожатбарор»нинг «ҳотамтой»лиги эвазига давлат мулки ҳисобланган ерга хиёнат қилинган. Ерга хиёнат — давлатга хиёнат, аслида. Бугун биз, сенаторлар ҳам хонадонма-хонадон юриб, Президентимиз имзолаган фармон моҳиятини халқимизга тушунтиряпмиз. Жараёнда амин бўляпмизки, азалдан ерни қадрлаган, қонида миришкорлик бор элимиз бу ҳужжат моҳиятини тўғри англаб, хатоларни тузатишга киришмоқда.
Жумладан, Қизилтепа туманининг «Мустақиллик» маҳалласидан Раббим Ялғашев ўзига ажратилган 22 сотих қўшимча томорқа майдонида 2006 йилда уй қурган эди. Орадан 14 йил ўтиб, мазкур уй-жойни бузишга мажбур бўлди. Даставвал ишчи гуруҳи ўрганишлари натижасидан норози бўлиб, иморатини бузишни истамаганди. Юзма-юз мулоқотлар асносида ҳақиқатни англаган Раббим ака ўз хатосини тушуниб етди.
— Шукрки, оиламиз билан бемалол истиқомат қилиш имкониятимиз бор, бу иморатни бузиш оқибатида кўчада қолганимиз йўқ, — дейди у. — Энди бу майдонда деҳқончилик қиламан, ерни боқсанг, кам бўлмайсан, бу майдондан олган маҳсулотимни бозорга чиқариб, рўзғоримга даромад киритаман.
Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида Қизилтепа туманида 378 та ҳолатда фермер хўжаликлари билан уларнинг 341 минг 656 гектар ер майдонидан фойдаланиш ҳақида ижара шартномалари тузилмагани аниқланиб, мазкур тадбир давомида ушбу камчиликлар бартараф этилди, шартномалар тузилиши таъминланди. Қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари, бунга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан мансабдор шахсларга 7 та тақдимнома киритилиб, 9 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий чора кўрилди.
— Ерлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари борасида аввал ҳам ўрганишлар олиб борилган, — дейди Қизилтепа тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Шукрулло Отақулов. — Чунки юртимизда айнан ер масаласида коррупцияга оид ҳолатлар такрор ва такрор содир этилгани ҳаммага аён. 2018 ва 2019 йилларда айнан ерлардан ноқонуний фойдаланишга оид 12 та жиноят иши қўзғатилиб, айбдор шахслар жавобгарликка тортилган.
Ноқонуний қурилишлар қаердан пайдо бўлган?
Тўғри, ҳеч ким машаққат чекиб қурган иморатини кимнингдир қистови билан бузишни истамайди. Бироқ бу ҳолатга тушмаслик учун у, аввало, қонунларни ҳурмат қилиши лозим. Ахир, «қонунга қул бўлган одам подшоҳдир» деган ибора бежиз айтилмаган.
Хатирчи туманида олиб борилган мониторинг натижаларига кўра, 337 та ҳолатда 43 гектар ер майдонида ноқонуний тарзда қурилиш қилингани аниқланиб, шундан 227 таси бартараф этилди. Жумладан, 7,3 гектар ер майдонида амалга оширилган ноқонуний қурилишларни мажбурий буздириш чораларини кўриш юзасидан туман ҳокимига тақдимнома киритилди.
Аслида фуқароларнинг ўзбошимчалик билан ерларни ўзлаштириб, ноқонуний иморатлар қуриши ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг ортида маълум бир кучлар, яъни давлат ҳокимияти органларида юқори лавозимларда ўтирган шахслар тургани ачинарли ҳолдир. Албатта, давлат мулкини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ўз манфаати йўлига хизмат қилиш халқ ризқига чанг солиш билан баробар. Бу каби кимсаларнинг кирдикори эса ҳеч бир қонунни четлаб ўтмаслиги тайин.
Айтиш керакки, қонун устувор бўлган жамиятимизда уларнинг қилмишларига муносиб ҳуқуқий баҳо берилмоқда. Жумладан, Хатирчи тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Зиядулла Хўжақулов, Навбаҳор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган Ойбек Хайиров навоийликлар хотирасида «ер сотган раҳбар» сифатида қолди. Уларга нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар қўлланилган.
Ердан нафақат ноқонуний, балки самарасиз ҳам фойдаланилган
Ўрганишлар натижасида вилоят бўйича 12 та ҳолатда жами 27 гектар, шундан Навбаҳор туманидаги 19 гектар, Учқудуқ туманидаги 8 гектар ердан самарасиз фойдаланилаётгани аниқланди. Пировардида мазкур майдонлар қонуний асосида захирага қайтарилиши таъминланди. Шунингдек, мелиоратив ҳолати ёмонлашган 6 минг 337 гектар суғориладиган ер майдонларининг ҳолатини яхшилаш, ер унумдорлигини ошириш юзасидан муайян амалий тадбирлар олиб бориш, уларни қайта тиклаб, фойдаланишга киритиш бўйича ҳужжатлар имзоланди.
Ер аслида Ватан. Ахир, биз фақат Ватан ва ерга Она сифатини берамиз. «Она Ватан» деганимиз каби «Она ер» ҳам деймиз. Ҳа, замин — онамиз. Унинг чексиз саховати туфайли тириклик бардавом. Она ерга хиёнатнинг ҳар қандай кўриниши эса, албатта, жавобсиз қолмайди.
Холбиби САФАРОВА
«Mahalla»