March 31, 2020

Коронавируснинг иқтисодиётга таъсири қандай бўлади?

Коронавирус пандемияси нафақат инсонлар саломатлигига, балки дунё иқтисодиётига ҳам салбий таъсир қиляпти. Унинг давлатлар ўртасидаги савдо ва саноат занжирининг бузилишига олиб келиши иқтисодий йўқотишларга сабаб бўляпти. Ҳатто айрим мамлакатларда ваҳимага тушган инвесторлар акцияларини сотиб юборяпти ва оқибатда дунёдаги етакчи биржаларда инқироз кузатиляпти. Бундай ҳолат дунё иқтисодиётида аввал ҳам кузатилган ва унинг салбий таъсирини имкон қадар юмшатиш учун мамлакатлар зарур чоралар кўрган.

Дунёдаги глобал иқтисодий ўзгаришлар мамлакатимиз иқтисодига ҳам маълум даражада таъсир қилиши табиий. Хўш, бу қайси жиҳатларда намоён бўлади? Ўзбекистон бунга тайёрми? Эҳтимолий муаммоларнинг қандай ечимлари бор?

Пул-кредит сиёсатини қўшимча қўллаб- қувватлаш зарур

— Дунёдаги глобал ўзгаришлар мамлакат иқтисодиётига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди, — дейди «Тараққиёт стратегияси» маркази лойиҳа раҳбари Фурқат Юнусов. — Жумладан, Хитой энг катта савдо ҳамкоримиз ҳисобланади ва икки мамлакат ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 2019 йилда 7,6 млрд. долларни ташкил этган. Коронавирус сабаб биргина Хитойда энергоресурсларга бўлган талабнинг камайиши мамлакатимиз экспорт салоҳиятига ҳам таъсир қилади. Шунингдек, Хитойдан келаётган хомашё ва бутловчи қисмларнинг камайиши, транспорт харажатларининг ўсиши, ишлаб чиқариш таъминотидаги узилишлар Ўзбекистоннинг саноат соҳасида йўқотишларига сабаб бўлиш эҳтимоли бор.

Сабаби, Ўзбекистон саноати учун зарур бўлган машина ва асбоб-ускуналар импорти умумий импорт ҳажмида Хитойнинг улуши 30,9 фоизни ташкил этади. Худди шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмларнинг импорт ҳажмида ҳам Хитойнинг катта улуши (24 фоиз) бор. Бундай сабаблар эса қисқа муддатли муҳим чораларни кўриш эҳтиёжини туғдиради. Бунинг учун, биринчидан, фискал ва пул-кредит сиёсатини қўшимча қўллаб-қувватлаш ва мамлакатдаги таркибий ислоҳотларни кучайтириш керак.

Жаҳон нефть нархларининг пасайиши фонида Россия рубли қадрсизлана бошлади. Натижада Россия бозорида Ўзбекистон экспорт маҳсулотларининг қимматроқ бўлишига ва маҳаллий экспортёрларнинг даромадлари камайишига, ўз навбатида, бу ҳам мамлакат валюта ҳажмини камайишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Бандликни таъминлаш — муҳим вазифа

— Экспортдаги зарарни қисқартириш учун мамлакатда иқтисодий фаолликни рағбатлантириш ва бандликни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Ф.Юсупов. — Жумладан, кичик тадбиркорликни молиялаштиришни кенгайтириш, берилаётган кредитлар имтиёзли даврини узайтириш мақсадга мувофиқ. Тадбиркорлик фаолиятидаги вужудга келаётган тўсиқ ва муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, бандликни таъминлаш бўйича кескин чоралар кўриш, қисқа муддатли иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш кечиктириб бўлмас вазифа ҳисобланади.

Шу маънода Президентимизнинг «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони айни фурсатда қабул қилинган муҳим ҳужжат бўлди. Мазкур фармон билан кўриладиган чоралар, ташқи глобал иқтисодий оқибатларнинг Ўзбекистонга таъсирини камайтириш, иқтисодий вазиятни мувозанатлаштириш учун хизмат қилади.

Янги жамғарманинг маблағлари қандай шакллантирилади?

Иқтисодий ўзгаришлар даврида мувозанатни йўқотмаслик учун амалга ошириладиган юмушларнинг катта қисми бевосита Молия вазирлиги зиммасига тушади. Айнан вазирлик етакчи куч сифатида ўзини кўрсатиши талаб этилади. Хўш, бунга вазирлик қай даражада тайёр?

— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 мартдаги фармонига кўра, Бош вазир раислигида Инқирозга қарши жамғарма тузилди, — дейди Молия вазири Тимур Ишметов. — Жамғарма ҳисобига 10 триллион сўм йўналтирилиши белгилаб берилди. Молия вазирлиги учун биринчи топшириқ — мана шу 10 триллион сўм жамғарма ресурсларини тезда шакллантиришдан иборат. Бу қисман давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар жалб этилади. Бу йўналишда халқаро молия ташкилотлари билан музокараларни бошлаганмиз. Шуни ишонч билан айта оламанки, халқаро молия ташкилотларидан бундай маблағларни жалб қилиш қийинчилик туғдирмайди. Чунки мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимизга ишончни кучайтирган.

Эътиборлиси, жамғарма маблағларининг бир қисми тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва шу орқали аҳоли бандлигини таъминлашга йўналтирилади. Мазкур вазиятда фаолиятини тўхтадиган ёки сусайтирадиган саноат корхоналари жамғарма томонидан қўллаб-қувватланади.

Кескин ривожланиш кузатилиши мумкинми?

Ҳар бир ишдан ҳикмат излайдиган халқимиз: «Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор», дейди. Хўш, ҳозирги глобал иқтисодий вазиятда ҳам оптимистик фикрлаш, яхшиликлардан умид қилиш мумкинми?

— Таъкидлаш керак, кўпгина давлатларнинг марказий банклари асосий фоиз ставкаларини тушириши молиявий секторда эмас, балки иқтисодиётнинг реал секторида инвестицион жозибадорликни оширишга қаратилган, — дейди Ф.Юсупов. — Агар 2009 йилдаги тажрибадан келиб чиқсак, ўша пайтдаги ушбу вазият капитал оқимнинг ривожланган давлатлардан ривожланаётган давлатларга қараб ҳаракатлангани кузатилган. Шу сабаб Ўзбекистоннинг айни пайтдаги вазиятдан фойдаланиб қолиш имконияти мавжудлигини инобатга олиб, қулай инвестицион муҳитни яратишга катта эътибор қаратиш, инвестицион жозибадорликни ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Бу фикрни «Oxford Economics» таҳлилий компанияси экспертлари ҳам тасдиқлайди. Уларнинг таъкидлашича, коронавируснинг тарқалиш жараёни қаттиқ назорат остига олинганидан сўнг глобал иқтисодий тикланиш жуда тез бўлиши мумкин. Улар қисқа муддатли эпидемияларнинг глобал иқтисодий ўсишга таъсирини таҳлил қилиш натижасида шундай хулосага келган. Мисол сифатида 2003 йилда SARS атипик пневмонияси ва 2009 йилда чўчқа гриппи пандемиясини тарқалиш жараёни ўрганилган. Таҳлилчилар бундай омилларнинг қисқа муддатли салбий таъсиридан сўнг глобал иқтисодий тикланишнинг тез ва кенг босқичи бошланади, деган хулосага келишди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ҳозирги жараёндан талофатсиз ўтиш чоралари кўрилган. Фикримизни юқорида номи қайд этилган фармон ҳам тасдиқлайди. Фақат унинг мазмун-моҳиятини халқимизга, тадбиркорлик субъектларига тўғри ва тўла етказиш, масъуллар эса унинг ҳар бир бандида белгиланган вазифалар ижроси сўзсиз таъминланиши зарур. Ўз ўрнида халқимиз, ишбилармонларимиз ҳам фақат кўмак кутмай, вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолиш ўйида бўлмай, ён-атрофдагиларга ёрдам қўлини чўзиши зарур.

Статистик маълумотларга кўра, ўтган йили аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларида 2,5 млн. тонна картошка (жами етиштиришга нисбатан 83,8 фоиз), 7 млн. тонна сабзавот (70,7 фоиз), 1,1 млн. тонна полиз (59,8 фоиз) маҳсулотлари, 1,6 млн. тонна мевалар (60 фоиз), 898 минг тонна узум (56,3 фоиз) етиштирилган.

Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотининг 28,1 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳисобига тўғри келиши, юқорида санаб ўтилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини аҳоли хонадонларида етиштирилиши бугунги синовли даврда иқтисодий ўсишни таъминлашга кўмаклашишда имкониятимиз юқорилигини исботлаб турибди.

Ўзимизни-ўзимиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашимиз, томорқа ерларимиздан самарали фойдаланишимиз ва ҳозироқ бунга киришишимиз керак. Дам олиш кунларида томорқа ерларимиздан самарали фойдаланиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш учун сарфлайдиган пулимизни иқтисод қилайлик.

 Боборавшан ҒОЗИДДИНОВ

«Mahalla»