Ҳомийлик хайриялари эгаларига етиб боряптими?
Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўз тарихида кўплаб синовларни бошдан кечирган. Ана шу қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтиб, бугунги тараққиёт ва ривожланишга эришган. Бугун инсоният яна бир бор ана шундай жиддий синов билан юзма-юз келди.
Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам коронавирус пандемиясига қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Бу эса барчамиздан янада жипс ва ҳамжиҳат, бирмушт бўлиб, юзага келаётган муаммоларни якдиллик билан ҳал этишни тақазо этмоқда.
Жумладан,, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, шунингдек Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 мартдаги қарори асосида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Ҳомийлик хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ташкил этилди.
Кўплаб юртдошларимиз мурожатлари асосида ушбу марказ фаолияти ҳақида тўлиқроқ маълумот бериш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари, вазирнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Саодат БОЙМИРЗАЕВА билан суҳбатлашдик.
— Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолияти қандай ташкил этилмоқда? Фақат маҳалла раисларига таниш ёки қариндош бўлган оилаларга ёрдам кўрсатилаётганига ҳам гувоҳ бўляпмиз.
— Марказ COVID-19 пандемиясидан жабр кўрган аҳолига, биринчи навбатта, эҳтиёжманд оилаларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни етказишга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилди.
Марказ штабида фуқаролар мурожаатини қабул қилиш учун 1197 рақамли колл-центр ташкил этилди. Ушбу рақам орқали фуқароларнинг мурожаати ёзиб олинади. Шунингдек, вилоятлар кесимида ҳар бир ҳудуд бўйича5 нафардан масъулларнинг телефон рақамларини ҳам вазирликнинг телеграмдаги @aslkuchbirlikda номли расмий телеграм канали орқали ҳам эълон қилдик.
Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож юртдошларимизга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш, шунингдек, маҳалла институтига бўлган ишонч ҳамда тузилма хизматларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари билан тўғридан-тўғри боғланиш имконияти яратилди. Телефон рақамларини @aslkuchbirlikda телеграм канали орқали ҳавола қиламиз.
Аҳолига енгиллик бўлиши учун ушбу ботда энг кўп учрайдиган мурожаат мазмунини ифодаловчи саволлар рўйхати ҳам берилади.
Маҳалла раисларининг қариндошлари ва танишларига ёрдам кўрсатилмоқда, деган эътирозни қабул қила олмаймиз. Бугун мамлакатимиз синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Шундай оғир кунда таниш-билишчилик, таъмагирлик ҳолатларига йўл қўйган ходимларга тизимда ўрин йўқ.
Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири томонидан ҳар бир маҳалла раиси ҳудудий бошқарма бошлиқлари орқали огоҳлантирилмоқда. Агар кимда-ким шундай ҳолатга дуч келса, вазирликка хабар қилишини сўраб қолардим. Вазирлигимиз кўрсатилаётган хизматларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида аҳолининг норозилигини келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилувчи таклиф ва тавсияларни қабул қилишга тайёр. Шу мақсадда “Фейсбук”даги “Халқ назорати” гуруҳи билан фаол ишлаяпмиз. Кейинги 3 кун ичида ушбу гуруҳ орқали келиб тушган мурожаатларнинг деярли барчаси эътиборга олиниб, масъуллар томонидан тегишли амалий ёрдамлар кўрсатилди. Қолаверса, “Зўр ТВ” билан ҳамкорликда янги лойиҳага қўл урдик. Махсус кўрсатув тайёрлаб, унда ҳам аҳоли мурожаатларни тўғридан тўғри қабул қилиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, “Ўзрепорт” телеканалида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда карантин даврида оилалар тинчлиги ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган туркум кўрсатувлар ташкил этиш йўлга қўйилди.
— Ёрдам сўраб мурожаат қилганларни қайта текшириш тартиби борми? Ёки ҳаммага ёрдам кўрсатиладими?
— Дастлабки кунларда ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмади. Афсуски, кейинроқ аниқланишича, мурожаат эгаларининг 100 нафардан ортиғи иқтисодий таъминоти яхши оилалар бўлиб чиқди. Шу ўринда юртдошларимиздан ушбу синовли кунларда ёрдам олишга лойиқ бўлмаган ҳолда масъулларни чалғитмасликни сўраб қоламиз.
Аслида эса ҳақиқатдан ёрдамга муҳтож оилалар андиша қилиб, мурожаат қилмаётган бўлиши мумкин. Юртдошларимиздан уларнинг рўйхатини шакллантиришда ёрдам беришларини илимос қиламиз. Шундай вазиятда қўни-қўшни, маҳалладошларга эътиборли бўлиб, ҳудудий Марказларимизга хабар берилса, хайрияларимиз ҳақиқий эгаларига етиб боради.
— Негадир ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари фаолияти, келиб тушган хайрия маблағлари очиқланмаяпти. Сабаби нимада? Оилаларга қанча маҳсулот берилмоқда?
— Бундай эмас. Оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғида барча маълумотлар шаффоф эълон қилиб борилмоқда. “Ўзэкспомарказ” биносида жойлашган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошидаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказига шу кунга қадар 40 га яқин ҳомийлик ташкилотлари томонидан озиқ-овқат ҳамда бошқа турдаги ижтимоий ёрдамлар олиб келинди.
Ўтган даврида Ишонч телефони орқали марказларга 17 122 та мурожаат келиб тушган. Шу асосда волонтёрлар томонидан республика бўйича 34 мингга яқин эҳтиёжманд оилаларга, хусусан, 16 896 та кам таъминланган, 5 567 та боқувчисини йўқотган, 1 624 та карантиндаги ва 505 та бошқа оилаларга, 6 309 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ҳамда 2 799 нафар якка-ёлғиз кексаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда шахсий гигиена воситалари етказилди.
Шунингдек, 1 950 та оилага 80 миллиард сўмга яқин нақд пул кўринишидаги амалий ёрдам кўрсатилди. 65 568 литр ёғ, 256 052 кг. ун, 58 349 кг. шакар, 44 065 кг. макарон, 16705 кг. гўшт, 6 991 дона товуқ, 88 814 кг. картошка, 55 444 кг. пиёз, 55612 кг. гуруч, 3 036 кг. мош, 61 195 қути тухум, 57 822 дона тиббий ниқоблар, 35 982 дона қўлқоп, 16 590 дона антисептик ва 20 877 дона гигиеник воситалар (совун, тиш пастаси ва бошқалар) ва 19 153 та бошқа маҳсулотлар тарқатилди.
Жумладан, бугунги кун ҳолатига кўра, Тошкент шаҳар марказига 29 минг 340 литр ёғ, 78 тонна 800 килограмм ун, 57 тонна гуруч, 30 тонна 800 килограмм шакар, 24 тонна 500 килограмм макарон, 4920 дона консерваланган гўшт, 5170 дона товуқ, 1 тонна 312 килограмм мош, 1 тонна 112 килограмм гречка, 118 минг 350 дона тухум, 31 132 қути кўк ва қора чой, 4352 қути ширинликлар, 20 минг дона тиббий ниқоб, 20 минг дона қўлқоп, 5 минг дона махсус кийим, 4 минг 50 дона антисептик восита хайрия маҳсулотлари қабул қилинди.
Жами Тошкент шаҳри бўйича 1 миллиард 708 миллион 650 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон етказиб берилди.
Бугунги кунда пойтахтдаги марказ омборида 5406 литр ёғ, 50 тонна ун, 28 тонна 380 килограмм гуруч, 7 тонна 663 килограмм пиёз, 5 тонна 326 килограмм макарон, 17 тонна 832 килограмм шакар, 1 тонна 112 килограмм гречка, 1150 дона товуқ, 26 минг пачка чой, 3336 дона консерваланган гўшт, 4352 дона ширинликлар сақланмоқда.
Ҳар бир оилага 2 литр ўсимлик ёғи, 2 кг. гуруч, 1 кг. шакар, 2 кг. ун, 1 дона товуқ, 3 кг. картошка, 2 кг. пиёз, 2 кг. макарон, 30 дона тухум ва турли хил ширинликлардан иборат маҳсулот тўплами тақдим этилмоқда.
Маҳсулотлар махсус автомашиналарда кўнгиллилар томонидан гигиена ва санитария талаблари асосида маҳалла раислари ҳамроҳлигида манзилларига етказиляпти.
Хайрия акцияларида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси, “Соғлом авлод учун” фонди ҳам иштирок этмоқда.
— Марказда қабул қилинган мурожаат бўйича бир кун муддатда ёрдам кўрсатилиши белгиланган. Шу куни ёрдам етиб бормаса, қайта мурожаат қилинадими ёки кутиш керакми?
— Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайди. Агар сиз айтгандек ҳолатлар бўлса, масъулларга мурожаат қилиш лозим.
— Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган ва жуда катта ишонч билдирилган. Вазирликнинг бугунги синовли ва қийин кундаги фаолиятига ҳам тўхталсангиз.
— Вазирлигимизнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимларида алоҳида штаблар ташкил этилиб, маҳаллалардаги кунлик вазият таҳлил қилиб борилмоқда. Маҳаллаларга коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида 430 мингтага яқин хонадонлардаги аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилди. Хорижда бўлиб қайтган фуқаролар яшайдиган 111 973 та хонадон эгаларига карантин қоидалари тушунтирилди. 1,2 млн. тадан ортиқ эслатма ва плакатлар тайёрланиб, 234 443 та жамоат жойлари ва бошқа объектларга ўрнатилди.
Барча маҳаллаларда “Юрт осойишталигига маҳалланинг ҳиссаси” номли акция эълон қилинди. Акция даврида кекса авлод вакиллари ва ногиронлиги бўлган 144 481 нафар шахсларга инфекциядан сақлаш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, 357 039 нафарининг нафақалари яшаш манзилига етказиб берилди.
Шунингдек, ички ишлар органлари билан ҳамкорликда карантин тартибига риоя қилмаган 29 953 нафар фуқаро маъмурий ва 11 нафари жиноий жавобгарликка тортилди, шунингдек, режалаштирилган 4 008 та тўй-маросимларидан 3 735 таси бекор қилинди.
Бундан ташқари, карантиндаги шахсларни озиқ-овқат, дори-дармон, ниқоб ва дезинфекция воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Фуқаролар йиғинлари ҳудудида фаолият кўрсатаётган тикув цехлари томонидан тиббий маскалар тикилиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка ёлғиз кексаларга етказиб берилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, амалга оширилган ишларни ҳар куни муҳокама қилиш ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўриш тизими йўлга қўйилган.
“Mahalla” мухбири
Хайрулло АБДУРАҲМОНОВ суҳбатлашди.