April 9, 2020

Ижарада ишлаётган маҳалла фаоллари

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида фуқаролар йиғинлари идоралари биноларини намунавий лойиҳа ва уларга қўйилган талаблар асосида қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш), зарур мебель жамланмаси, компьютер техникаси, алоқа воситалари ва интернет билан таъминлаш белгиланди. Хўш, ушбу фармон ижроси Қашқадарё вилоятида қандай амалга оширилмоқда?

Афсуски, айни пайт вилоятдаги 768 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 337 таси ўз маъмурий биносига эга эмасди. Улар турли ташкилотлар биносида фаолият олиб борарди.

Юқоридаги фармоннинг 4-бандига кўра тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури” асосида ишлаб чиқилган ҳудудий дастурга мувофиқ, 91 та маҳалла фуқаролар йиғини биносини қуриш, 22 тасини таъмирлаш, 59 та бинони реконструкция қилиш белгиланди. Унга кўра, 2019 йилда вилоят бўйича 19 та маҳалла биноси қурилди, 11 таси реконструкция қилинди, 4 таси таъмирланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, дастурга киритилган маҳалла фуқаролар йиғинларининг 35 тасидан 31 тасида янги бино қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция ҳамда жорий таъмирлаш ишлари ажарилиши кўзда тутилганди. Бироқ...

“Обод қишлоқ” дастуридан барбод бўлган маҳалла

“Тупчоқ” маҳалласи Китоб туманининг марказдан олис, тоғли ҳудудларидан бири ҳисобланади. Китоб–Мираки автомобиль йўли бўйида, пурвиқор Ҳисор тоғлари этагида жойлашган ушбу мўъжазгина маҳаллада 5300 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Аксар қишлоқларга хос бўлган муаммолар бу ерда ҳам бор. Яъни тупчоқликларни таълим, тиббиёт муассасаларининг таъмирталаблиги, тоза ичимлик суви таъминот тизими йўқлиги, ички йўлларнинг носозлиги, электр энергияси таъминотидаги узилишлар ва бошқа шу каби муаммолар йиллар давомида қийнаб келаётган эди. Шу боис Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Обод қишлоқ” дастурига 2019 йилда ушбу қишлоқнинг ҳам киритилгани аҳолини беҳад қувонтирди.

Лекин қишлоқ одамларининг таъкидлашича, ушбу дастур бўйича бошланган бирорта иш охиригача бажарилмаган.

— Беш-олти йил аввал 12 та хўжалик ўзаро пул йиғиб, 10 машина тош олиб келиб кўчамизга тўккандик, — дейди маҳалла фуқароларидан бири Аббосали Худоёров. – Қувур ўтказамиз деб, йўлни абгор ҳолда ташлаб кетишди. Тегманглар десак, дастурга кирган йўллар янги бўлади, дейишди. Аммо бизни алдашган экан. Кўриб турганингиздек, ҳамма жой лой, кўчамиздан юриб бўлмайди. Бошқа кўчаларнинг ҳам аҳвол шу.

Энг қизиғи, қишлоқдаги ягона тиббиёт муассасаси – тумандаги 16-оилавий поликлиника филиали шу вақтга қадар эски, яъни хом ғиштдан қурилган бинода фаолият кўрсатиб келган. “Обод қишлоқ” дастури доирасида ушбу бинони ҳам бузиб, филиал учун замонавий бино қурилишига киришилганди. Афсуски, ушбу бино ҳам чала қолиб кетди. Оилавий поликлиника филиалининг 25 кишилик жамоаси эса энди ҳудуддаги тадбиркорга тегишли бинонинг бир қисмида ижарада турибди.

Ўтган йили янги биносига эга бўлиши белгиланган “Тупчоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам ижарада сарсон. Боиси улар учун қурилиши бошланган бино бир йилдан буён битказилгани йўқ.

— Бир неча йиллардан буён “Тупчоқ узумзорлари” агрофирмаси биносида ижарада турамиз, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жалол Гадоев. — Оилавий поликлиника биноси ҳам бузилгандан сўнг агрофирмага кўчирилди. Иккита хонани уларга бердик. Айни пайтда МФЙнинг барча ходимлари битта хонадамиз. Албатта, бу фаолиятимизга салбий таъсир ўтказмоқда. Шу боис маҳалла биноси қурилишини интиқиб кутгандик. Бироқ барча ишлар аро йўлда қолиб кетди. Юқори ташкилотларга қилган мурожаатимиз натижасиз қолмоқда.

Хўш, “Тупчоқ”да “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишдан мақсад нима эди? Агар аҳолининг шарт-шароитларини, турмуш тарзини яхшилаш, зарур инфратузилмани яратиш бўлса, нега бу ишлар тўлиқ бажарилмади?

Бу каби ҳолатларни “Обод қишлоқ” дастурига киритилган бошқа маҳаллалар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Гузарки, юртни бузар...

Чироқчи туманидаги “Кўктош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуддаги машина трактор паркига тегишли бўлган гаражнинг бир қисмида жойлашган, қаровсиз бир ҳолатда. Таъмирталаб ҳолга келиб қолган ушбу бинонинг пастқам учта хонасида маҳалла фаоллари ишлайди. Ушбу ҳолат маҳалладек адолатли, кенг ваколатли, миллий бошқарувимиз тимсоли бўлган институтнинг салобати, обрў-эътиборини эмас, аксинча, ғариб кўринишни акс эттиради.

— 2013 йилдан буён шу маҳаллага раислик қиламан, — дейди Суннатилла Холёров. — 2008 йилда ташкил топган маҳалла фуқаролар йиғини мана шу тор хоналарга вақтинча жойлаштирилган. Хоналарни бир неча марта қўлдан келганча таъмирладик. Лекин эски бино, фойдаси йўқ. Янги қурайлик десак ҳудуд бировнинг омонати. Ўзимиз ҳам ижарачимиз. Кўп бор тегишли ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Насиб бўлса яқинда натижаси бўлади, дейишяпти.

Кўркам, шинам ва қулай

— Туманимизда 68 та маҳалла бор, — дейди Косон туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Нодира Қодирова. — Уларнинг 27 таси турли ташкилот ва мактабларда ижарада фаолият кўрсатади. Ўтган йили “Машъал” ва “Гулбоғ” маҳаллалари учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда ҳам босқичма-босқич қолган маҳаллалар учун янги бино қуриш, мослаштирилган биноларда жойлаштириб, бинони ўз балансларига ўтказиш бўйича иш олиб боряпмиз. Бу хайрли иш 2022 йилгача давом этади ва барча маҳаллалар ўз биносига эга бўлади.
— Авваллари Косон педагогика коллежининг бир хонали биносида фаолият олиб борардик, — дейди “Машъал” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одил Сиддиқов. – Энди эса 5 хонадан иборат барча шароитларга эга янги бинога кўчиб ўтдик, зарур жиҳозлар билан таъминландик.

Ушбу маҳалладаги 3200 нафардан зиёд аҳоли юрт равнақи, турмуш фаровонлиги йўлида турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.

Бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда белгиланган устувор вазифаларнинг амалдаги ижросини таъминлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб этади. Яъни бу борадаги ислоҳотларнинг самараси, асосан, ўзимизга боғлиқ. Бинобарин, барча бўғиндаги раҳбарлар янгиланиш ва ўзгаришлар моҳиятини теран ҳис этиб, шу асосда иш юритишлари лозим.

Ўйлаймизки, янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бу борадаги муаммоларни ҳал этади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

“Mahalla”

ДАРВОҚЕ...

2019 йилда “Обод қишлоқ” дастурига кўра Ғузор туманидаги “Тошгузар”, Деҳқонобод туманидаги “Чучукқудуқ”, Қарши туманидаги “Хонобод”, Қамаши туманидаги “Қизилтепа”, “Савсантепа”, “Оқгузар”, Касби туманидаги “Оққамиш”, “Тинчлик”, Китоб туманидаги “Алақуйлиқ”, “Тупчоқ”, “Зарафшон”, Чироқчи туманидаги “Жар”, “Олмазор”, Шаҳрисабз туманидаги Амир Темур, “Қумқишлоқ” маҳалла фуқаролар йиғинларида янгидан бино қуриш ишлари амалга оширилиши, Деҳқонобод туманидаги “Бибиқорасоч”, Касби туманидаги “Назартепа”, Миришкор туманидаги “Навбаҳор”, “Гулистон”, Муборак туманидаги “Кўҳнашаҳар”, “Сариқ”, Амир Темур, Нишон туманидаги “Наврўз”, “Ойдин”, “Пахтазор”, Шаҳрисабз туманидаги “Мираки” маҳалла фуқаролар йиғинида капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Ғузор туманидаги “Гулистон”, “Тенгдош”, Қарши туманидаги “Ертепа”, “Кўчкак” маҳалла фуқаро йиғинларида реконструкция, Деҳқонобод туманидаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида эса жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиши керак эди. “Обод маҳалла” дастури бўйича эса Қарши шаҳридаги “Буюк турон”, “Кунчиқар” маҳалла фуқаролар йиғинлари биноларини янгидан қуриш, “Қарлиқхона” маҳалла фуқаролар йиғинини жорий таъмирлаш ишлари белгиланган эди. Амалда бу ишлар хам тўлик бажарилмади .