Маҳсулот мўл, захира кўп, хавотирга асос йўқ

Дунё бўйлаб 169 давлатда қайд этилган коронавирус пандемияси инфекциясига қаршaи курашиш бўйича Ўзбекистонда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йил 24 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрига кириб-чиқишга ҳам вақтинча чеклов ўрнатилди. Умуман, карантин ҳолати эълон қилинганидан сўнг жамоатчиликда юртимизда товарлар экспорти ёки мамлакатга товарлар импорти қай йўсинда давом этяпти, деган савол кун тартибига чиқди.

Давлат божхона қўмитаси томонидан берилган баёнотда коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чоралар ташқи савдо юклари, хусусан, юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортлари ҳаракатига таъсир кўрсатмаслиги қайд этилди. Шундай бўлса-да, коронавирус инфекциясининг ёйилиши оқибатида мамлакатлар иқтисодиёти кўриши мумкин бўлган зарарлар ҳақида турли прогнозлар башорат қилинмоқда. Бундай вазиятларда аниқ фактларга асосланмаган тахминлар жамоатчиликнинг ижтимоий фикрини нотўғри ўзанга буриб юбориши ҳеч гап эмас.

Озиқ-овқат маҳсулотлари захираси мавжудми?

Республикамизда ҳам коронавирусга доир чекловлар белгиланганидан сўнг товарлар экспорт-импорти тўхтаб қолиши ҳақида хавотирли фикрлар билдирила бошланди. Аммо бу хавотирларда ҳеч қандай асос йўқлигини бугунги реал воқелик кўрсатиб турибди.

Муҳтарам Президентимиз 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, бугунги кунда республикамизда озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимизда етарли даражада озиқ-овқат маҳсулотлари захираси мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ.

Коронавирус пандемиясининг бутун дунё мамлакатлари қатори бизнинг ҳам иқтисодиётимизга салбий таъсири бўлиши табиий. Лекин бу мамлакатимизда товарлар экспорти ва импортида узилишлар бўлади, дегани эмас. Экспорт-импорт жараёнлари аввалгидек узлуксиз давом этар экан, демак, ички бозорларда аҳолининг энг зарур ва бирламчи товарларига бўлган эҳтиёжи мунтазам қондирилади.

Ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда

Айни пайтда республикамизнинг ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида одатдагидек иш фаолияти давом этмоқда. Товарларнинг экспорти ва импорти билан боғлиқ божхона процедуралари ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда.

Чегара-божхона постларида эса жисмоний шахсларнинг божхона чегаралари орқали ўтишларига нисбатан чекловлар амалда. Лекин юк автотранспорт воситалари орқали товарларни олиб кираётган ёки олиб чиқаётган ташувчиларга нисбатан бу чекловлар татбиқ этилмаган.

Мисол тариқасида, аҳоли учун бирламчи энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланадиган ўсимлик ёғини ишлаб чиқарадиган Тошкент вилоятидаги корхоналардан бири кунига 60 тоннагача писта ёғини қадоқламоқда. Бунинг учун хомашё сифатида ҳар ойда ўртача 4800 тонна кунгабоқар пистаси импорт қилинади. Ҳозир ҳам ушбу жараён узлуксиз давом этмоқда.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 23 март ҳолатига кўра, божхона омборларида жами 27,0 млн. долларга тенг озиқ-овқат маҳсулотлари сақланмоқда. Божхона омборларида сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари иқтисодиёт тармоқлари бўйича 3,8 млн. доллар, ҳудуд корхоналари бўйича 23,2 млн. долларни ташкил этади.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси натижасида карантин эълон қилинганидан сўнг озиқ-овқат ва зарур тиббий воситалар нархлари қатъий назоратга олинди.

Демак, четдан келтириладиган истеъмол товарлари, хусусан, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларининг импортида узилишлар ва шу сабабли ички бозорда уларнинг танқислиги кузатилмайди деб ишонч билан айта оламиз.

Муҳтарам Президентимиз томонидан таъкидланганидек, ҳукумат қийин аҳволга тушиши мумкин бўлган соҳа ва тармоқларни, йирик корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқади. Бу жараёнда, аввало, молия ва хомашё бозорида беқарорлик юзага келишига йўл қўймаслик, молиявий барқарорликни сақлаш ҳамда бозорларда нарх-навонинг ўсишининг олдини олиш учун барча зарур чоралар кўрилади.

Биздан эса бундай паллаларда янада жипслашиб, ваҳима ва саросимага берилмаслик талаб этилмоқда, холос.

Божхона омборларида сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари

  • био қўшимчалар (408,7 тн, 3,2 млн. долл.);
  • маргарин (2,6 минг тн, 2,9 млн. долл.);
  • гўшт (2,6 минг тн, 2,6 млн. долл.);
  • кунгабоқар ёғи (2,7 минг тн, 2,0 млн. долл.);
  • пальма ёғи (1,9 минг тн, 1,6 млн. долл.);
  • болалар овқати (326,2 тн, 1,5 млн. долл.);
  • ун (5,3 минг тн, 1,3 млн. долл.);
  • шоколад (513,9 тн, 1,2 млн. долл.);
  • шакар (2,4 минг тн, 900,2 минг долл.);
  • банан (1,0 минг тн, 691,1 минг долл.);
  • буғдой (70,8 минг тн, 13,8 млн. долл.);
  • консерваланган сабзавотлар (674,6 тн, 686,4 минг долл.);
  • макаронлар (414,9 тн, 563,4 минг долл.);
  • ун маҳсулотлари (вафли, печенье ва ҳ.з.) (217,1 тн, 456,3 минг долл.);
  • сут маҳсулотлари (385,9 тн, 409,7 минг долл.);
  • чой (75,0 тн, 388,2 минг долл.);
  • балиқ (120,1 тн, 136,4 минг долл.).

 Жавоҳирбек КАРАМАТОВ,

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати катта инспектори.