Сохта аккаунтлар нимани мақсад қилган? Улардан сақланиш мумкинми?
WWW — бутун дунёни ўраб олган, айни пайтда бир маконда бирлаштирган глобал тармоқ. Ундан ҳар ким турли мақсадларда фойдаланади. Тан олиш керак, бу маконда фаолиятимиз ва ҳаётимизда фойда келтирадиган талай манбалар бор. Фақатгина улардан унумли фойдаланиш кўникмаси эгалланса, бас. Аммо масаланинг яна бир томони борки, у кишини огоҳликка чорламай қолмайди.
Бугун интернетдан ўзининг ғаразли мақсадларида фойдаланаётганлар кам эмас. Шунинг учун дунёда ахборот технологиялари ва хавфсизлиги соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш муаммолари тобора глобал аҳамият касб этмокда. Хусусан, БМТ Бош Ассамблеяси, Европа Кенгаши, ШҲТ, МДҲ, Араб давлатлари лигаси ва бошқа ташкилотлар томонидан ахборот-коммуникация технологияларидан жиноий мақсадларда фойдаланишга қарши курашиш бўйича минтақавий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Хориждаги вазият қандай?
Статистик маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда 7 миллиардга яқин инсон, ер юзи аҳолисининг 95 фоизи электр алоқасининг кўчма тармоқлари билан қамраб олинган. Кибержиноятчилик оқибатида йилига етказилган моддий зарар жаҳон ЯИМнинг 1 фоизини ташкил этади.
Ачинарлиси, дунё миқёсидаги содир этилган кибержиноятларнинг 0,05 фоизи, яъни ҳар 200 тадан атиги 1 таси фош этилишига эришилмоқда. Бундан ташқари, 2019 йилда дунё иқтисодиёти кибержиноятчиликдан кўрилган моддий зарар миқдори тахминан 2 трлн. АҚШ долларига етган. 2020 йилда эса бу кўрсаткич 3 трлн. долларга етиши тахмин қилинмоқда.
Пластик карталар жиноят объектими?
Албатта, юқоридаги рақамлар барчамизни огоҳликка чорлайди. Юртимизда ҳам ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тезкор тадбирлар ўтказилмоқда. Хўш, улар самара беряптими?
— 2019 йил давомида ички ишлар органлари томонидан ахборот технологиялари соҳасида 140 дан ортиқ жиноят рўйхатга олинган, — дейди ИИВ жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Шоҳрух Ғиёсов. — Уларнинг аксарияти фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштиришга қаратилган. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, деярли барча ҳолатларда жиноятчилар томонидан бир нечта, айрим ҳолларда бир неча ўнлаб сохта аккаунтлардан фойдаланилган. Шунга қарамай, 2019 йилда ушбу йўналиш бўйича умумий содир этилган жиноятлардан 77 фоизи фош этилган.
Хусусан, мазкур тоифадаги жиноятчилар ўз ноқонуний ҳаракатларини, асосан, «Facebook», «Одноклассники» ижтимоий тармоқлари ҳамда «Telegram» мессенжерларидаги оммавий гуруҳларда амалга оширишгани кузатилмоқда. Жиноятчилар фуқароларнинг банк пластик карталаридан пул маблағларини ўғирлашга уринган. Эътиборлиси, ноқонуний ҳаракатларни содир этаётган 1-2 нафар шахснинг жиноий фаолияти натижасида юзлаб фуқаролар жабрланган. Аммо уларнинг аксарияти катта миқдорда зарар кўрмагани учун ички ишлар органларига мурожаат қилишдан бош тортишди. Бу эса, ўз навбатида, бундай жиноятларнинг латент, яъни яширин амалга оширилишига сабаб бўляпти.
Жумладан, 2020 йил январь ойида бир нафар фуқаро қўлга олиниб, унинг «Telegram» мессенжеридаги оммавий гуруҳларда фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пул маблағларини ўғирлашга қаратилган ҳаракатлари кузатилган. Натижада жами 493 нафар эҳтимолий жабрланган фуқаролар аниқланиб, ҳозирда уларнинг 30 нафардан зиёди ички ишлар органларига қонуний чора кўриш учун мурожаат қилган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жазо чораси қўлланиладими?
Жиноятга жазо муқаррар, албатта. Бу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширганлик учун қонунчилигимизда жазо чоралари белгиланган. Чунончи, Жиноят кодексида компьютер техникаси воситалари ва ахборот технологиялари орқали ўзгалар моддий маблағини ўзлаштирган ёки ўғирлаган ҳолатларда қўлланиладиган қонуний жазо тури кўрсатилган.
Унга кўра, кодекснинг 168-моддаси фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, кодекснинг 169-моддасида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш компьютер тизимига рухсатсиз кириш орқали содир этилса, беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилади.
Сохтани аниқлаш мумкинми?
— Тармоққа кириш учун барча фойдаланувчилар интернет ёки мобиль операторлар рўйхатидан ўтади, — дейди дастурчи Миржалол Райимов. — Шундан сўнггина глобал тармоқдан фойдаланишга рухсат берилади. Агар бирон ножўя ҳаракат сезилса, рўйхатдан ўтказилган рақам орқали шахс аниқланади. Буни «Telegram» мессенжери мисолида кўрайлик. Ҳар ким мессенжерни ишлатиш учун ўзига тахаллус танлайди. Баъзида шулар орқали ҳам шахсни аниқлаш мумкин бўлади. Ҳозирда электрон почтага қизиқарли сарлавҳали спам хабарларни жўнатиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилмоқда. Бунда электрон почта эгаси келган «қизиқарли» хабарни очиши биланоқ компьютер ёки мобиль қурилма вирус билан зарарланади. Вирус тарқатувчилар эса шахсий маълумотларни қўлга киритиб, катта фойда кўришади.
Бугунги тезкор замонда сохта, яъни фейк хабарлар кўп. Улар одамларни чалғитаётгани ҳам ҳақиқат. Тарқатувчилар эса ўз мақсадларига эришишмоқда: адаштиради, чалғитади, омма фикрини бошқаради. Афсуски, баъзида бундай ахборотларнинг урчиши жамиятда ваҳимали кайфият пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Аслида фейкни аниқлаш имкони борми? Албатта бор, фактчекинг (фактларни текшириш) бизга ёрдам беради. Бунда мавжуд факт ва воқелик ўртасидаги номутаносиблик аниқланади. Манбани яхшилаб ўрганиш, хабарни охиригача ўқиш, ҳаволаларни текшириш, саналарга эътиборли бўлиш ростни ёлғондан ажратишда қўл келади.
Садоқат МАХСУМОВА
«Mahalla»