Ўпка касалликларининг келиб чиқишига сабаб нима?
Ўпка муҳим ҳаётий аъзо бўлиб, унинг фаолияти издан чиқиши саломатлигимизни жиддий хавф остига қўяди. Ушбу аъзони касалликлардан ҳимоя қилиш учун нафас йўллари шамоллаши, юқумли инфекциялар юқишига йўл қўймаслик талаб қилинади. Агар беэътиборлик туфайли вақтида даволанилмаса, оддий шамоллаш ёки грипп кейинчалик ўпкамизда турли муаммоларни пайдо қилиши ҳеч гапмас. Ёки ўпка хасталаниши белгиларини бошқа енгил касаллик билан адаштириб бепарво бўлиш ҳам яхши оқибатга олиб келмайди. Қуйида ўпка касалликларининг айрим турлари ҳақида сўз юритамиз.
Бактерия ва вируслар қўзғатади
Зотилжам, пневмония — ўпка яллиғланиши, ўпканинг инфекцион касаллиги, мустақил касаллик ёки бошқа касалликларнинг асорати ҳисобланади. Уни турли бактериялар (пневмококк, стрептококк, стафилококклар) ва вируслар кўзғатади. Касалликнинг юзага келиши ва ривожланишига одамнинг қаттиқ совқотиши, жисмоний ва руҳий толиқиши, организмнинг ички заҳарланиши — интоксикация ҳамда организмнинг касалликка қарши курашиш қобилиятини сусайтирувчи бошқа омиллар сабаб бўлади.
Касалликнинг олдини олиш учун, асосан, организмнинг умумий ҳолатини яхшилаш, яъни чиниқиш, бадантарбия, ёмон одатлар (чекиш, спиртли ичимликлар ичиш)ни тарк этиш, инфекция манбаларини йўқотиш ва турмуш шароитини яхшилашга эътибор қаратилмоғи лозим.
Хасталик кучайган бўлса, бемор касалхонада даволанади. Беморни тўғри парвариш қилиш, шунингдек, антибиотиклардан тўғри фойдаланишнинг аҳамияти катта. Салқин, тоза ҳаво уйқуни ва нафас олишни яхшилайди, шунинг учун бемор ётган хонани тез-тез шамоллатиб туриш муҳим. Ичимлик (чой, мева суви), суюқ овқат тез-тез бериб турилади. Беморга горчичник қўйилади, юрак-томир фаолиятини яхшиловчи ва балғам кўчирувчи дорилар тавсия этилади. Ҳарсиллаш пайдо бўлса, бошини баландроқ қилиб ётқизиб қўйиш керак. Бемор гигиеник тартибга риоя қилиши, очиқ ҳавода сайр этиши, даво гимнастикаси билан шуғулланиши лозим.
Тамакидан узоқлашиш лозим
Ўпка эмфиземаси ўпканинг кенгайиши ва ҳаракатининг чекланиши, нафас ва қон айланиш фаолиятларининг бузилиши билан кечади. Унинг олдини олиш учун бронхлар ва ўпканинг сурункали касалликларини ўз вақтида даволаш, чекмаслик зарур. Сурункали, диффуз ўпка эмфиземаси кенг тарқалган бўлиб, у ҳар қандай ёшда, кўпроқ 40-50 ёшдан кейин кузатилади ва унга бронхлар ўтказувчанлигининг издан чиқиши сабаб бўлади. Сурункали бронхит, бронхиал астма ва ўпканинг бошқа касалликлари оқибатида юзага келади. Яллиғланиш жараёнлари оқибатида ўпка тўқималари эластиклигининг камайиши ҳам хасталикка олиб келади. Шунингдек, тамаки чекиш касалликнинг ривожланишига ёрдам беради.
Бемор дастлаб жисмоний иш қилганида, кейинчалик тинч ҳолатида ҳам қийналиб нафас чиқаради. Ўпка эмфиземасини шифокор назорати остида қуруқ ва илиқ ҳаво шароитида даволаш яхши наф беради.
Касалликнинг манбаи — беморлар
Сил (туберкулёз) — турли аъзолар, асосан, ўпкада ўзига хос яллиғли ўзгаришлар рўй бериши билан тавсифланадиган юқумли сурункали касаллик. Хасталикнинг асосий манбаи ўпка сили билан оғриган беморлардир. У кўпроқ ҳаво-томчи йўли билан тарқалади: йўталганда, аксирганда микобактерияли балғам ва шиллиқ зарралари ҳавога тарқалиб атрофидаги буюмларга тушади. У бошқа микробларга нисбатан ташқи муҳитнинг турли таъсирларига жуда чидамли. Айниқса, қуёш нури тушмайдиган зах ерлар унинг кўпайишига шароит яратади.
Касалликнинг очиқ ва яширин шакли бўлиб, очиқ шаклида бемор балғамида сил микобактериялари топилади. Яширин шаклида эса микобактериялар балғамда топилмайди, бундай беморлар атрофидагилар учун юқумли бўлмайди. Сил касаллигига аксари ёш болалар (чунки уларда ҳали иммунитет суст ривожланган бўлади), балоғатга етиш давридаги ўсмирлар (нерв-эндокрин бошқарувининг беқарорлиги туфайли), шунингдек, организмнинг инфекцияга чидами сусайган ёши катта одамлар чалинади.
Силни даволаш, асосан, шифохона шароитида амалга оширилади. Касалликка қарши ишлатиладиган замонавий дори-дармонлар касалликнинг тури ва оғир-енгиллигига қараб тайинланади. Одатда бу дорилар узоқ вақт давомида (бир неча ойлаб) қўлланади.
Касалликнинг олдини олиш ижтимоий, санитария, кимёвий ва махсус тадбирларни ўз ичига олади. Аҳолининг умумий маданиятини ошириш ва санитария билимларини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни кенг ривожлантириш бу борада муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, шифокор буюрган кун тартибига амал қилиш, тўла-тўкис овқатланиш, иложи борича очиқ ҳавода бўлиш, хонани бот-бот шамоллатиб туриш фойдали. Сил билан оғриган беморларни касалликнинг илк босқичларида аниқлаш мақсадида аҳолини оммавий текшириш, яъни флюрография текширувидан (камида 2 йилда 1 марта) ўтказиш ижобий натижа беради.
Пневмонияга чалинганда ривожланади
Ўпка абсцесси ва гангренаси (абсцессни — ҳар қандай йирингли касалликдаги каби йиринглатувчи микроблар пайдо қилади, гангрена — организмда йиринглатувчи бактериялар мавжудлиги оқибатида келиб чиқади) қувватдан кетган беморларда ва қари одамларда пневмония бўлганда ривожланади. Ўпкага нафас йўллари орқали тушган ёт жисмлар ҳам уларни келтириб чиқариши мумкин. Ўпка абсцесси ва гангренаси ўпка тўқимасининг емирилиши (некрозга учраши) билан кечади.
Бундай беморлар стационарда алоҳида палатага ётқизиб даволанади. Хона ҳавосини ҳар куни бир неча марта янгилаб туриш керак. Бемор юқори каллорияли, витаминларга ва оқсилларга бой овқат еб туриши керак, чунки у балғам билан оқсилни кўп йўқотади.
Хулоса ўрнида
Касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган афзал, деган даъватнинг нақадар тўғрилигига айнан ўпка билан боғлиқ хасталиклар мисолида кўпроқ амин бўламиз. Аҳамиятлиси, бунинг учун махсус профилактика усулларини кашф этиш шарт эмас. Булар — иммунитетни кўтариш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, доимо тоза ҳаводан нафас олиш, касалликни юқтиришдан эҳтиёт бўлиш, вақти-вақти билан тиббий текширувлардан ўтиб туришдир. Ушбу тартибга риоя қилиш тиббий даволанаётган беморларнинг соғайишига ҳам муҳим кўмак беради. Энг асосийси, астойдил интилсак, организмимизни асосий кислород манбаси билан таъминловчи аъзомизнинг соғлом бўлиши ҳар томонлама кафолатланади.
Хайрулло РАЖАБОВ,
олий тоифали пульмонолог.