April 1, 2020

Хива хони ҳарами Ҳашаматдан холи бўлганми?

Хива хонлиги ижтимоий-маънавий ва қисман ҳуқуқий тарихига оид манбаларда аёлларнинг жамиятдаги ўрнини акс эттирувчи маълумотлар бор. Жумладан, 1819-1820 йилларда Хива хонлигида бўлган рус ҳарбий элчиси Н.Муравьев хонлик ҳақида кўплаб маълумотлар келтирган. У Хива аёлларининг чиройли ва хушсурат бўлиши, антиқа кийиниши(хонликдаги аёлларнинг ёпиқ кийиниши европаликлар учун ғалати туюлгани аниқ)ни тасвирлайди. Шу билан бирга, элчи Хива ўзбеклари бир қанча аёлларни ўз никоҳига олиши мумкинлигини таъкидлагани ҳолда амалда битта аёлга уйланишлари, кўпхотинлик кенг тарқалмагани, бундай имкониятга бой хонадонларгина эга эканини ҳам изоҳлайди.

«Ўта рашкчи эркаклар»нинг «ҳаёти ўта зерикарли хотинлар»и

Хонликда бўлган сайёҳ ва элчилар, савдогарлар, албатта, Европа урф-одат ва анъаналари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, бу ерда аёллар ҳақ-ҳуқуқлари анча чекланган, деган хулосага келганлар. Жумладан, Н. Муравьевнинг ўзи эсдаликларида нафақат хиваликлар(руслар деярли барча Хива хонлиги аҳолисини шундай атаганлар)ни, балки барча осиёлик эркакларни «ўта рашкчи» дея тасвирлаб, аёллар туфайли жанжаллар, ҳатто қонли тўқнашувлар юз беришини ёзади. Унинг тасаввурича, Хива хонлигида яшовчи аёллар ҳаёти ўта зерикарли, ёлғизликка асосланган ва аянчли турмуш кечиришга маҳкум. Аммо Н. Муравьев бу пайтлардаги ўзбек аёлларининг ислом аҳлоқи меъёрларига қатъий риоя қилиб ҳаёт кечиришини қаердан ҳам тушунсин?!

Аёл қачон ўлимга ҳукм қилинган?

1863 йилда хонликда бўлган венгер сайёҳи ва тадқиқотчиси А.Вамберининг маълумотларига кўра, Хива хонлигидаги ҳар қандай аёл фақат зино ишлар қилгандагина оғир жазога, яъни ўлимга маҳкум қилинган. Бу ислом динида «ражм» деб аталади. Аммо зинони исбот қилиш жуда мураккаб бўлгани туфайли камдан-кам ҳолларда «ражм» жазоси қўлланилган. Аёл кишининг кўча-кўйда ҳеч қандай текшириш ва судсиз тошбўрон қилингани ҳақида маълумотларнинг ниҳоятда камлиги аксарият сайёҳларнинг, айниқса, европалик жаҳонгашталарнинг айрим маълумотлари ҳақиқатдан йироқ эканини исботлайди. Ҳатто А.Вамбери Хива хонлигида аёлларни қатл қилишнинг ўзига хос усулини таъсирчан тасвирласа-да, унинг ўзи айнан бундай жазо ўталиши жараёнида қатнашмагани, ўз кўзи билан кўрмагани ва фақат бировлардан эшитиб шундай маълумотлар қолдирганини тан олади. Қолаверса, эсдаликларининг Хива хонлигига бағишланган қисми охирида, ислом динида аёлларга муносабат масаласида Европа ахлоқи ва ҳуқуқий меъёрлари доирасида хулоса чиқариш хато эканини ҳам таъкидлайди.

Демак, Хива хонлигида аёлларга муносабат, уларнинг жамиятда тутган ўрни масаласида исломий аҳлоқ қонун-қоидаларига қатъий амал қилинган. Ҳатто Хива хони саройи, ҳарами аёлларига муносабатда ҳам айнан шундай йўл тутилган.

Хон ҳарами нега ҳашамдан йироқ эди?

Вамберининг маълумотларига кўра, хон нафақат хонликнинг барча аҳолиси, балки, ўз хотинларининг ва канизакларининг ҳам мутлақ ҳукмдори бўлса-да, уларга ниҳоятда мулойим муносабатда бўлган. Ўша пайтдаги Хива хони Сайид Муҳаммадхоннинг (1856-1864 йиллар) сарой табиби аёл бўлганини ҳам сайёҳ алоҳида ҳайрат билан тасвирлайди. Ҳарам ҳаётини баён этар экан, сайёҳ бу борада Хива хонлари бошқа Шарқ ҳукмдорларининг эртакнамо ҳаётидан фарқли равишда қатъий исломий хулқ-атвор қоидаларига амал қилишини, ахлоқий софликка интилишларини юқори баҳолайди. Хон ҳарами турк султонлари ёки Эрон-форс ҳукмдорлари ҳарами каби ҳашаматли бўлмасдан, аёллар сони анча чеклангани, дабдаба ва ҳашаматдан холи, содда, лекин қатъий тартиб-қоидага амал қилинганини эътироф этади.

Ҳарам аҳли нима билан банд бўлган?

Бундан ташқари, венгер сайёҳи Хива хони ҳарамидаги хотинлар ва канизаклар асосий вақтларини бекорчиликда ёки ясан-тусан билан ўтказмасдан, балки фойдали машғулотларга сарфлашганини ёзади. Жумладан, улар, асосан, гилам тўқишган, ҳукмдор учун кийимлар тикишган.

Ҳарам ҳақида Хива хонлигини забт этишда қатнашган америкалик журналист А.Мак — Гахан ҳам маълумотлар келтириб ўтади. Унинг фикрларига асосан хулоса чиқариш мумкинки, хоннинг хотинларию канизаклари нафақат саройда, балки жамиятда ҳам ўзига хос мавқега эга бўлишган.

А.Вамбери яна бир қизиқарли, адолатли фактни илгари суради — Хива хони дастурхони ва ҳарам ҳаражатлари оддий фуқаролар дастурхони ва харажатларидан кўп ҳам фарқ қилмаган. Буни хон ҳарами вазифасини бажарган иншоотларнинг тузилиши ва безалишидан ҳам кўришимиз мумкин. Хива хонларининг шаҳар ичкарисидаги ҳарами ва шаҳар ташқарисидаги сарой-боғларидаги ҳарамлари қурилиши, тузилиши ва безалишида ҳашамдорлик кўзга ташланмайди. Жумладан, Кўҳна Аркдаги ҳарамда хон оиласи яшаган. Унинг ўзига хос хусусияти — туғруқхона мавжудлигида. Шаҳар ташқарисидаги хонлар дам оладиган боғ-саройлардаги ҳарамлар ҳам шундай бўлган. Америкалик журналист А.Мак — Гахан Гандимиён боғидаги ҳарамни тасвирлаб, у айнан хон ҳарамининг унчалик ҳашаматли бўлмаганига эътибор қаратади.

Хива хонлиги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида аёллар фаол қатнашганини тасдиқловчи маълумотлар учрамаса-да, хотин-қизларнинг эрксиз, ҳақ-ҳуқуқсиз яшашгани ҳақидаги фикрлар ҳам асоссиз. Шу ўринда савол туғилади: маҳаллий тарихчилар — Мунис, Огаҳий ва Баёнийлар асарларида аёллар масаласига деярли эътибор қаратилмаганини қандай изоҳлаш мумкин? Бунинг сабаби оддий — улар ҳам шу даврнинг кишилари сифатида аёлларга ислом нуқтаи-назаридан муносабатда бўлишган ва бу масалага одатий ҳол сифатида қарашган, холос.

Чор Россияси нега аёллар учун қайғурган эди?

Хива хонлиги Россия томонидан босиб олингандан кейин мустамлакачи империя хонликдаги аёлларнинг жамиятдаги мавқеини кўтаришга ҳаракат қилган. Жумладан, 1912 йилда Амударё бўлими бошлиғи Н.С.Ликошин Хива хони Асфандиёрхонга Хивада ўша пайтда қурилаётган касалхонада аёллар учун ҳам бўлим очишни таклиф қилади. 1913 йилда эса мазкур касалхонага шифокор хотин-қизларни жалб қилиш масаласи кўриб чиқилиб, илк врач аёл Гулсум Асфандиёрова касалхонанинг аёллар бўлими бошлиғи этиб тайинланади.

Қизиғи, бу пайтда Россия империясининг ўзида ҳам демократик анъаналар амалда ҳеч қандай роль ўйнамаган, аёллар ҳақ-ҳуқуқлари чекланган ҳамда бу борада бирорта ижобий ишлар қилинмаган эди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, нега айнан рус мустамлакачи ҳукумати хонликдаги аёлларнинг мавқеини кўтаришга, эркаклар билан тенг ҳуқуқли қилишга интилган? Уларнинг соғлиғига эътибор қаратган?

Бундан кўзланган асосий мақсад шу эдики, рус мустамлакачилари хонлик фуқароларига (улар хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин) ўзларининг куч-қудрати ҳамда «инсонпарварликка асосланган сиёсати», мустамлакачилик мафкурасини сингдиришга уринишган, холос. Бундай сиёсат ортида ҳеч қандай демократик ёки инсонпарварлик ғоялари ётмаганини, ушбу хатти-ҳаракатлар алдашдан иборат сиёсат эканини замонавий Россия тарихчилари ҳам тасдиқлайди.

Таъкидлаш жоизки, Хива хонлигида аёлларга бўлган муносабат — анча мунозарали масала. Аммо ушбу муаммога бугунги кун кўзи билан қараш, масалани гендер тенглиги амалда бўлган ҳамда аёлларнинг жамиятдаги тенг ҳуқуқлилиги таъминланаётган бугунги кун нуқтаи-назаридан қараш тўғри келмайди. Хулоса шуки, хонлик ислом давлати сифатида жамиятда аёлларнинг мавқеини юқори тутган. Аҳоли, ҳатто хон ҳам бошқа ислом давлатлари ҳукмдорларидан фарқли ўлароқ турмуш қуриш ёки оила муносабатларида ислом қоидаларига қатъий амал қилган. Бу мезон эса ортиқча ҳашамат, дабдаба ва исрофгарчиликларга йўл қўймаган.

 Қудрат МАШАРИПОВ,

Урганч давлат университети доценти.

Ҳанифа РАҲИМОВА,

Урганч шаҳар 1-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси.