«Иккинчи бор туғилиш бахти»
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирусга чалинган беморларнинг соғайгани ҳақидаги хушхабарни бутун Ўзбекистон байрам каби қаршилади. Сабаби, ушбу ҳамюртларимизнинг орамизга қайтиши аслида инсон иродаси энг хавфли касалликни ҳам енгишга қодирлигини намоён этди. Қолаверса, сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига Президентимиз ташаббуси билан алоҳида эътибор қаратилгани коронавирус балосига қарши самарали курашишга замин ҳозирлади. Эндиликда юртимизнинг барча ҳудудларида махсус шифохоналарнинг жадаллик билан қурилаётгани, зарур тиббий ускуналар, жумладан, 200 мингта тест-система ҳамда 50 мингта бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони сотиб олиниб, 500 та сунъий нафас олдириш аппаратлари харид қилиш чоралари кўрилаётгани шифокорларимиз фаолияти самарадорлигини янада оширади, албатта. Бу эса айни пайтда коронавирус инфекцияси билан хасталанган беморларнинг соғайиб кетишларида муҳим аҳамиятга эга.
Алишер Мусабеков — COVID-19 коронавирус инфекциясидан шифо топган ҳамюртимиз. У 49 ёшда. Коронавирусга чалингани унинг ҳаётидаги жиддий синовлардан бири бўлди.
— Ўзим тошкентликман, Қозоғистонга иш юзасидан боргандим, қайтишда, чегарадан ўтишда тепловизор орқали текширишди ва ҳароратим ошгани маълум бўлди, дейди А.Мусабеков. — Дарҳол карантинга олишди ва текширишлардан кейин вирусология илмий текшириш институтига олиб келишди. Ҳадиксираганим, карантинга олишганида кўнглимдан норозилик ўтгани рост. Аммо шифокорларнинг хотиржамлиги, ўз ишларига жиддий ёндашишлари мени тинчлантирди. Шу ўринда ўз бошимдан ўтказган инсон сифатида юртдошларимга айтадиган гапларим бор — аввало, ваҳимага тушмаслик керак, шу билан бирга, шифокорларнинг эҳтиёт чоралари бўйича айтган ҳар бир тавсиясига амал қилиш даркор. Мен даволанишнинг ҳар бир босқичида буни теран англаб етдим — бежиз жон куйдирилмаяпти. Шу ўринда касалликдан йироқ бўлиш учун ваҳима ҳам, бепарволик ҳам бирдек хатарли эканини унутмаслик жоиз. Айни пайтда кўпчиликнинг беэътиборлигига, бу касаллик менга юқмайди, қабилида бепарво бўлаётганига тушунмайман.
Таъкидлаш ўринлики, мен яна қайта туғилдим, Ўзбекистонимнинг кучли қўлларини ҳис қилдим. Буни бирор муболағасиз айтяпман. Шифокорлар эрта-ю кеч ёнимизда бўлишди, на дори-дармондан, на озиқ-овқатдан бирор камчилик сезмадик. Ҳаммаси кўнгилдагидек, бизни барча шароитларга эга алоҳида палаталарда сақлашди, дунё воқеаларини телевизор орқали кўриб, яқинларимиз билан мулоқот қилиб турдик. Шифокорларга минг бор раҳмат айтаман. Юртдошларимизга шуни айтишни истардимки, бу — яшириладиган ёки жуда оғир ўтадиган касаллик эмас. Ўз вақтида керакли чоралар кўрилса, ҳаммаси жойида бўлади. Карантиндан бўйин товлаш, касалликни яшириш фақат ёмон натижага олиб келади. Буни шахсан кузатдим.
Аллоҳга шукр, соғайиб чиқдик. Шифохонада бошқа беморлар қолишди, умид қиламанки, улар ҳам тез орада соғайиб чиқиб, сафимизга қўшилишади. Юртимиздаги ҳамма беморлар ҳам соғайиб кетишсин.
«Дори-дармон ўз йўлига, энг яхши даво — меҳр экан...»
Коронавирус инфекциясига чалиниш — даҳшатли мусибат эмас. Бу касалликни, албатта, енгса бўлади. Бунинг учун нима муҳим? COVID-19 иллатидан бутунлай фориғ бўлган 8 нафар юртдошимиздан бири — Хадича Шаҳобованинг бу борада ўз фикри, аччиқ бўлса-да тажрибаси бор.
— Касалликдан бутунлай соғайиб, ёруғ юз билан оилам, яқинларим бағрига қайтиш бахтига муяссар бўлганимдан бошим осмонга етмоқда, — дейди Х.Шаҳобова. — Аввало, бизга ғамхўрлик қилиб, соғайиб кетишимиз учун барча имкониятларни яратиб берган Президентимизга мингдан-минг ташаккур айтаман. Бизни даволаган шифокорлар, ҳамшираларнинг барчасига катта раҳмат. Барака топишсин, Оллоҳ улардан рози бўлсин! Тиббиёт ходимлари бизни фақат дорилар билан эмас, ширин сўзлари билан ҳам даволашди, руҳан қўллаб-қувватлашди. Дори-дармон ўз йўлига, аммо ишончим комилки, энг яхши даво — меҳр экан. Назаримда, соғайиб кетишимизда айнан мана шу меҳр, ғамхўрлик ва тиббиёт ходимларининг ишончи асосий омил бўлди. Чунки ҳар куни уларнинг кўзига умид ва ҳадик билан термулардик, уларда тушкунлик ёки саросима бор-йўқлигини билишга интилардик. Шифокору ҳамширалар, ҳатто санитар ходимларнинг кўтаринки кайфияти, хушмуомаласи эса қалбимдаги ғуборларни аритиб юборарди. Мана, бугун соппа-соғман, ушбу инфекцияни бутунлай енгдим. Бу ғалабада, албатта, Вирусология илмий текшириш институти клиникасида меҳнат қилаётган заҳматкаш тиббиёт ходимларининг ҳиссаси беқиёс. Мен уларнинг жонбозлигини умрбод унутмайман.
Яна ўз ҳаётимга, оилам бағрига қайтяпману, биз ҳамиша ҳам қадрига етавермайдиган бебаҳо неъмат — саломатлик, яшаш завқи, оила қучоғи қанчалар тансиқ эканига, уларни йўқотиб қўйиш қанчалар даҳшатли эканига амин бўляпман. Коронавирус балоси тарқалиб кетишининг олдини олиш учун давлатимиз жорий қилган чекловлар доирасида уйида, оиласи, фарзандлари даврасида ўтирган юртдошларимиз буни бизчалик англай олмайдилар, аммо карантин қоидаларидан бўйин товлаш даҳшатли хато бўлишини тушуниб етишларини хоҳлардим.
Бошқа беморларга ҳам тезроқ соғайиб, эсон-омон оиласи бағрига қайтишини тилайман. Халқимиз соғ-омон, юртимиз тинч бўлсин! Бу касаллик юртимиздан, ер юзидан тезроқ кетсин. Бирор она болаларидан айро тушмасин. Ҳар битта одам карантин қоидаларига амал қилиб, ниқоб тақиб юрса, гигиенага риоя қилса, бу иллат унга яқинлашмаслигини таъкидлашни истардим. Фидойи, ўз касбининг устаси бўлган шифокорларимизнинг билими, малакаси эса ушбу касалликни енгишга қодир эканига мен гувоҳман.
Хушхабарлар давомли бўлади
Коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 4 нафари бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди ва касалликни енгганлар сони 12 нафарга етди. (1 апрель ҳолати) Хасталикдан фориғ бўлган ҳар бир фуқаро шифокорларга алоҳида миннатдорчилик билдирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, улардан бири жорий йилнинг 14 март куни Лондон — Тошкент йўналишидаги рейс билан пойтахтимизга келган. 16 март куни унда коронавирус касаллиги аниқланган. Ўтган вақт давомида у Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тўлиқ даволанди. Эътироф этиш жоизки, фидойи шифокорларимиз томонидан кеча-ю кундуз тиббий назоратга олинган ҳолда, халқаро стандартлар асосида зарур даво муолажалари олиб борилгани ушбу беморнинг буткул соғайишини таъминлади.
Айни пайтда нафақат пойтахтимизда, балки вилоятларда ҳам тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетиши учун бор маҳоратларини ишга солиб, қаҳрамонларча курашмоқда. Бундай фидойилик эвазига ҳар куни хушхабарлар — соғайганлар ҳақида эшитишимизга ишончимиз комил.
Юлдуз ҲОЖИЕВА
«Маhаllа»