Ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилинади
Юртдошларимиз орасида бирор корхона, идора ёки ташкилотда ўзига қулай касб-ҳунар тополмаслиги натижасида меҳнат шартномаси, доимий иш ҳақига эга бўлмаган, бироқ турли мавсумий ишлар билан банд бўлган ёки оиласида томорқа билан шуғулланиб, даромад топадиганлар кўпчиликни ташкил этади. Аммо яқингача уларнинг фаолияти ҳеч қаерда қайд этилмасди. Бу эса пенсия ёшига етганда нафақа тайинлаш учун талаб қилинадиган меҳнат стажи йўқлиги муаммосини келтириб чиқарарди.
Айни ҳолат 2020 йилги Давлат дастурида ҳам алоҳида қайд этилиб, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга қатор енгилликлар яратиш лозимлиги белгиланди. Хўш, кимлар ўзини ўзи банд қилган шахслар саналади? Уларга қандай имтиёзлар берилган? Бу тажриба ҳақиқатда бандликни таъминлашга ҳисса қўшяптими?
Даромад учун солиқ тўланмайди
Дарҳақиқат, сўнгги вақтларда «ўзини ўзи банд қилиш» атамаси тез-тез тилга олинмоқда. Хўш, аслида улар ким? Ўзини-ўзи банд қилган фуқаролар — хизматлар кўрсатишни, ишлар бажаришни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган, ўз фаолиятидан даромад оладиган ва ёлланма меҳнатдан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслардир.
Аслида, бугунгача ҳам халқимиз бундай фаолият турлари билан шуғулланиб келган. Ҳунармандлик — устачилик, заргарлик, новвойлик, дурадгорлик, сартарошлик каби касб эгалари шулар жумласидан. Энди эса бундай фаолиятга ҳуқуқий баҳо берилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги тегишли қарори билан «Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги Низом» тасдиқланди.
Унга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бундай шахсларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси берилмоқда. Гувоҳнома ариза берувчининг хоҳишига кўра, 1 ойдан 12 ойгача муддатга, меҳнат органлари томонидан фуқароларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар берилади. Гувоҳномада кўрсатилган давр пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун фуқароларнинг меҳнат стажига киритилади.
Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга банклардан Бандликка кўмаклашиш жамғармалари ҳисобига имтиёзли микрокредитлар ажратилади. Энг аҳамиятлиси, ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида улар даромад солиғидан озод қилинган. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилишнинг ўзи кифоя.
Вақтинчалик гувоҳнома бекор қилиндими?
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 июндаги «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан соҳада янги тартиблар жорий этилди. Жумладан, 1 июлдан ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати кенгайтирилди. Унга бир йўла 43 та йўналиш, асосан, онлайн ва медиа хизматлар қўшилди. Энди уларнинг сони 67 тани ташкил этади.
Бундан ташқари, вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида йўлга қўйилади. Бу жараён махсус мобиль илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. Рўйхатга олиш далили матрицали штрих код (QR-код) билан тасдиқланади. Бу билан ортиқча қоғозбозлигу оворагарчиликларга барҳам берилди.
Қарорга кўра, бундай тоифадаги шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ҳозирда бу миқдор 111,5 минг сўмни ташкил этади. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда, якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Муҳим жиҳат — қарор билан ўзини ўзи банд қилган шахслар ёлланма ишчиларни жалб қила олмаслиги ҳамда иш берувчига эга бўла олмаслиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолади.
Фрилансерга қатор ҳуқуқлар берилди
Сўнгги вақтларда яна бир атама пайдо бўлдики, у ривожланган давлатларда анча оммалашиб бормоқда. Фрилансер! Бу — эркин ишчи бўлиб, асосан, бир марталик ёки мавсумий ишларни бажариш учун ёлланувчи, буюртма асосида қайсидир иш ёки хизматни муайян ҳақ эвазига келишилган вақт давомида амалга ошириб берувчи инсондир.
Бугунги кунда юртимизда ҳам кўплаб ёшлар уйида ўтириб, интернет орқали дизайнерлик, таржимонлик, дастурлаш, реклама, репетиторлик каби хизматларни кўрсатмоқда. Лекин бундай мутахассислар, яъни фрилансерлар учун масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида бу жиҳатлар ҳам ўз аксини топиб, интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахслар(фрилансинг)га қатор ҳуқуқлар берилди.
Жумладан, энди улар кўрсатилган хизматлар учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар — норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш мумкин.
Шунингдек, контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиши мумкин.
Яна қандай янгиликлар бор?
Қарор билан 1 июлга қадар ўзини ўзи банд қилган шахсларни масофадан туриб рўйхатга олишни назарда тутувчи мобиль илова ишлаб чиқилади. Тадбиркорлар учун «Бизнес навигатор» ахборот тизими жорий этилади. Якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома унда тадбиркорнинг фотосурати акс эттирилган ҳолда берилади. Ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлайдилар.
Мавлуда ХЎЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси.
Телеграм: @mahalladosh_uz