Таъминотда узилиш бўлса ҳам истеъмолчи ҳақ тўлайдими?
Бугун янгиликларни ушлаб қолишнинг имкони йўқ, англашга келганда ақл шошади. Ҳар куни бир ўзгариш. Мана улардан бири: МИБнинг баъзи ваколатлари туман газ ва электр энергияси таъминоти корхоналарига ўтказилади. Ўзи нима гап? Гап шундаки, жорий йилнинг 18 июнь куни давлатимиз раҳбарининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра, шу йилнинг 1 августидан электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш вазифаси Энергетика вазирлигига юклатилди.
Шу пайтга қадар МИБ бош-қош бўлган электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга доир ваколатлар эса «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминоти» АЖнинг ҳудудий ташкилотларига ўтказилди.
Нега МИБ бу вазифалардан озод қилинди? У ердаги ходимларнинг тақдири нима бўлади, бандлиги таъминланадими? Мазкур тизим қачондан ишга тушади? Аслида, бундай қарорга келишга қандай омиллар сабаб бўлди?
Шу каби саволларга Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевдан жавоб олдик.
МИБ нега керак эди?
— 2017 йил электр энергияси ва табиий газ учун тўловларда 2 та тизимли муаммо бор эди, — дейди вазир ўринбосари. — Биринчиси, истеъмолчилар табиий газ ва электр энергияси учун белгиланган меъёрларга амал қилмасди. Ўша вақтда айримларнинг имконияти бўлса-да, беписандлик билан тўловни амалга оширмасди.
Иккинчидан, электр ва табиий газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланган, ҳисоблагичларни узиб қўйган, қарздорлик учун тармоқдан узилган тақдирда қайта уланиб олган фойдаланувчига нисбатан қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганди. Бироқ жавобгарликка тортадиган органнинг ўзи мавжуд эмасди.
Яъни ҳудудий электр ва газ таъминоти корхоналари қоидабузарлик бўйича расмийлаштирган далолатномалар фуқаро ёки юридик шахсни жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмасди.
Ўрнатилган қоидалар, белгиланган талабларни менсимаган истеъмолчиларга қандай чора кўриш мумкин? Юридик жиҳатдан 2 хил ёндашув бор эди. Айрим тоифадаги ҳуқуқшунослар ҳудудий газ ва электр таъминоти корхоналарига шундай ваколат берайликки, улар маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортишга асос бўладиган баённомаларни расмийлаштирсин, деган таклифни берди. Таҳлилчилар эса ўша вақтда «Ўзтрансгаз» ва «Ўзбекэнерго» энергия ва табиий газни сотишдан ташқари давлат бошқарув функциясини амалга ошириши, уларга назоратни бериш нотўғри эканини айтишди. Тўғри, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексида керакли нормалар асосида жавобгарлик белгиланган. Бироқ жазо чоралари бошқа турдаги маҳсулотлар ўғирланганда қўлланадиган чорадан тубдан фарқ қиларди. Масалан, сиз бир миллион сўмга бир маҳсулотни ва шунча миқдордаги электрни ўғирласангиз, жазо бир хил қўлланилмайди. Электр энергияси товар сифатида тан олинишига қарамай, уни ўғирлаш товар сифатида баҳоланмасди. Шу каби омиллар инобатга олиниб, прокуратура қошида янги структура тузиладиган, унга керакли ваколатлар бериладиган бўлди. Чунки ўша вақтда ҳудудий газ ва электр тармоқлари корхоналарининг истеъмолчилар билан тил бириктириш ҳолатлари кўп эди. Бу вазиятда ташкилотларга жазолаш ваколатини берганимиз билан самарага эриша олмасдик. МИБ тузилгандан кейин биринчи қилинган иш электр энергияси ва табиий газни ўғирлаганлик учун жазо муқаррарлиги таъминланди. Биз тузилма 2-3 йил фаолият юритишини билардик. Мақсад барча тоифадаги электр энергияси ва табиий газ истеъмолчилари қонун олдида тенг бўлишини таъминлаш эди. Аслида қонун олдида ҳамма тенг, лекин унга риоя этишда ҳамма тенг эмасди. Кимдир риоя қиларди, кимдир қилмасди, риоя этмаганга тегишли жазо қўлланилмасди. Ҳозир ҳамманинг қонун олдида тенглиги таъминланди. МИБ иш бошлаганида кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Нимага ҳисоб рақамларига банд солади, нимага даромадимни текширади, нимага ҳаётимга аралашади, деган шикоятлар билдирилди. Эътиборлиси, тўловларни ўз вақтида амалга оширган, қоида бузмаган, ноқонуний хатти-ҳаракатни амалга оширмаган одамлар ҳаётига ҳеч ким аралашмади.
Ваколатлар нега қайтариб олинди?
– Жазо муқаррарлиги таъминланди. Ҳозир бу функцияни бажарувчи орган ҳам бор. Биз МИБдан баъзи ваколатларни олганимиз билан, структура тугатилаётгани йўқ. Асосийси, электр энергияси ва табиий газ тармоқларида ислоҳотларни бошладик. Ислоҳотлар нималардан иборат? Биринчиси, инвестициялар ҳажми ўта юқорилиги инобатга олиниб, хусусий капитални соҳага жалб этишга ҳаракат қиляпмиз. Хусусий капитал қачон келади? Қачонки, инвестор соҳага киритган бир сўми кафолатлангани ва эртага даромад олиш имкони борлигига ишонса. 2023 йилга келиб электр энергиясининг улгуржи бозорини шакллантиришимиз керак. Яъни ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини бозорда рақобатли нархларда сота бошлайди. Ўртача электр станциясига тикилган сармояни қайтариб олиш муддати энг камида 10-15 йил. 16 йилдан фойда олишни бошлайди. Бунинг учун инвестор давлатга ишониши керак. Барча инвесторларни эса бир савол қизиқтиради: соҳа қачон либераллашади? Қачон давлат аралашуви камаяди? Чунки бизда давлат электр станциялари бор. Ҳозирда табиий газ, электр энергиясини якуний истеъмолчиларга сотиш бўйича тарифлар давлат томонидан белгиланади.
Бу давлат электр ва табиий газни ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган жараёнда мумкин қадар камроқ иштирок этиши кераклигини англатади. Давлат қонун-қоидани белгилаб бериши, уёғини бозор тартибга солиши керак.
2017-2020 — 3 йилда нима ўзгарди?
– Ўтган 3 йилда фақат ислоҳотларнинг кейинги босқичларини белгилаш билан овора бўлмадик. Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимнинг методологиясини ишлаб чиқдик. Бу тизим нимага керак? 2006 йилдан ушбу тизим Ўзбекистонда жорий этиш ҳаракатлари бошланганди. Турли ишлаб чиқарувчиларнинг электр ҳисоблагичлари ўрнатилди. Корхоналар бизга функцияларни таклиф қилишди. Уларнинг таклифини қабул қилишимиз керакми ёки ишлаб чиқарувчига талаб қўйганимиз яхшими?
Саволларга асосли жавоб топиш учун жаҳон тажрибасини ўргандик. Халқаро мутахассислар билан унинг ягона концепциясини ишлаб чиқдик. Ҳозир концепцияни босқичма-босқич амалга оширяпмиз. Республикамиздаги 7 миллион истеъмолчининг қарийб ярми бундай тоифадаги ҳисоблагичлардан фойдаланмоқда. Ҳисоблагичлар бизга қарздор истеъмолчиларни ўчириб-ёқишдан ташқари, қайси ҳудудда ноқонуний уланишлар борлигини кўрсатиб беради. Бу даромадни кафолатловчи механизм сифатида барча инвесторлар томонидан тан олиняпти.
Мазкур тизим таҳлилий маълумотларни олишда ҳам қўл келади. Биз қандай таърифларни жорий қилсак халққа кўпроқ манзур бўлади? Масалан, тунда ёки шанба-якшанба кунлари арзонроқ қилинса, кўпроқ фойдаланишадими? Иккинчидан, электр таъминотидаги узилишларнинг олди олинади. Мана бу ерда кучланиш ёки узилиш бор, бугун-эртага чора кўрилмаса, маҳалла ёки қишлоқ электр энергиясиз қолади, деган огоҳлантирув беради.
МИБ ходимларининг кейинги тақдири
Фармон чиқиши ҳамоноқ кўпчиликда ҳақли савол туғилди: МИБ ходимлари ишсиз қоладими? Уларнинг кейинги тақдири нима бўлади? Ҳужжатда «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг тузилмалари фаолиятига қўшимча жалб қилинадиган ходимлар, биринчи навбатда, қисқартирилаётган Бюро(МИБ) ходимлари ҳисобидан тўлдирилиши белгиланган.
— Худудий электр ва газ таъминоти корхоналарига ишга қабул қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, — дейди Ш.Хўжаев. — Белгиланган талабларга жавоб берган, кўникмаси борлар ишга қабул қилинади. Аслида МИБда 3 йил давомида ходимлар сараланди, у ерда соҳага адашиб келиб қолганлар йўқ. Жавобгарлик кучайтирилгани боис ноқонуний уланишлар, тўловларни тўламайман дегувчилар камайди. Аслида чекка ҳудудларда электр энергияси ёки табиий газ таъминотидаги узилиш одатий бўлиб қолмаслиги шарт. Тўғри, бир кунда барча тармоқларни янгилаб бўлмайди. Баъзи жойларда ҳашар йўли билан одамларнинг ўзи қурган минглаб километрли тармоқлар бор. Маҳаллалар пул йиғиб газ ва электр тармоқларини қуришган. Уларни ҳам босқичма-босқич тартибга келтиришимиз керак. Бизда кўпроқ товар маҳсулотини сотиш эмас, балки тармоқларга хизмат кўрсатиш функцияни бажарувчи ходимларга эҳтиёж бўлади.
Call-center — қисқа рақамлари ишга туширилди. Айрим янги ходимларни шу ерга жалб қиламиз. Баъзида мижозлар муаммони тўғри тушунтириб бера олмайди. Ходим соҳанинг ҳақиқий эгаси бўлса, мижозни қандай муаммо қийнаётганини аниқлайди. Зудлик билан ечимига киришади, бу маҳалла ёки кўп қаватли уйда бундай муаммо бор, дея бригадани хабардор қилади, керак бўлса, ечим бўйича ўз тавсиясини беради. Баъзилар соҳани яхши тушунади, бироқ одамлар билан муомала маданиятига эга эмас. Уйма-уй юриб аҳоли билан мулоқот қилган МИБ ходимларида эса муомала маданияти шаклланиб бўлган.
Иш ҳақи масаласи
– Меҳнатга ҳақ тўлаш маълум кўрсаткичларга қараб белгиланади. Истеъмолчиларнинг розилиги, шикоятнинг камлиги, қарздор истеъмолчилар сонига эътибор қаратилади. Мажбурлаб даромад олишнинг умри қисқа, кўшимча хизматлар, таклифлар бериш, мижозларнинг муаммоларини эшитиб, ечимлари бўйича таклифлар киритиш — замонавий ходимнинг сифатлари. Бундай ходимлар яхши мукофот олишга ҳақли.
Масаланинг яна бир жиҳати бор. МИБ ходимларига чуқур ўйлаган ҳолда иш таклиф қилишимиз керак. Тизим автоматлаштириляпти, бу ҳали яна ходимлар сонини қисқартириш лозимлигини кўрсатади. Автоматлаштириладиган туманга 50 нафар ходимни ишга олиб, икки ёки уч ойдан кейин огоҳлантириш хатини бериб, кечирасиз, штатингиз қисқаряпти, деб ишдан бўшатолмаймиз. Биз уларга тизимдаги бошқа тармоқдан иш таклиф қиламиз. Ҳозир қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Энергия сервис компанияларига бўлган эҳтиёжимиз ортяпти. Ҳеч ким бозордан қуёш панелини ўзи олиб, ўзи ўрнатишни хоҳламайди. Истеъмолчи олиб келиб, ўрнатиб, ишлаш жараёни билан таништириб беришни талаб қилади. Кўп ёшларимиз шу соҳада ўз ўрнини топиши мумкин. Шунингдек барча инвесторларга талаб қўйганмиз: Ўзбекистонда электр станцияси қурсангиз, қурилиш жараёнида камида 80, эксплуатация жараёнига ўтгач 90 фоиз ишчи ўзимизнинг ёшлар бўлиши керак.
«Тўловни тўлаб қўйинг!» — ўзини оқлайдими?
– Электр ва газ таъминотидаги энг яхши тарғибот, бу – истеъмолчиларга ниманидир тушунтириш ёки нимадир талаб қилиш эмас, уларга ўрнак бўлиш: «Мен барча хизматларни кўрсатяпман, электр ва газ таъминотидан рози бўлинглар». Истеъмолчи кўрсатилган хизматдан қанчалик рози бўлса, шунчалик тўловчанлик даражаси юқори бўлади. Кўп йиллар давомида биз ўзимизни-ўзимиз алдаб келдик. Нимага шаҳарларда истеъмолчиларнинг тўлов даражаси яхши, қишлоқларда яхши эмас? Чунки шаҳарда даромади кўпроқ, қишлоқда камроқ, дедик. Йўқ, шаҳар ва қишлоқда кўрсатилган хизматнинг ер билан осмончалик фарқи бор. Кунига 8 соат энергия бергандан кўра, узлуксиз электр энергияси билан таъминланса, одамларнинг ҳам муносабати ўзгаради. Ахир, сиз ҳам рисоладагидек хизмат кўрсатилмаса, тўловни тўлашга оғринасиз. Лекин хизмат сифатли бўлса, албатта, тўловни ўз вақтида амалга оширасиз. Тарғибот тўлаб қўйинг шаклида эмас, қандай қилсак сиз оворагарчиликсиз тўлайсиз, сизни ҳар бир тўлаган пулингиздан шунча фоизи уйингизга қайтиб келаётган электр энергиясини яхшилашга сарфланади, қабилида бўлиши лозим.
Яна бир йўли – соғлом солиштириш муҳитини яратишимиз керак. Тўловчанлик қобилияти яхши бўлгани учун бу туманда хизмат кўрсатиш сифати ошяпти, бу ерда пастроқ, чунки тўловлар вақтида тўланмаган. Ҳар ойнинг бу санасигача тўлаб қўй дейилаверса, одамлар эътиборсиз бўлиб қолади. Далили, исботи ва қулайлиги билан кўрсатиб берсангиз, муаммо бўлмайди. Яна бир қулайлик, бу – 2021 йилда республикамизнинг барча аҳолиси электр ва табиий газ учун тўловларни уйдан туриб тўлаши мумкин бўлади.
Хулоса ўрнида
Аслида янги тузлималарнинг тузилиши ёки тугатилиши, ваколати қисқариши ёхуд бошқасига ўтказилиши унчалик шов-шув қиладиган, хавотирга тушадиган масала эмас. Муҳими аҳоли эҳтиёжи қондирилса, хизмат сифатли кўрсатилса, бас. Бунинг учун сиздан угина биздан бугина, деганларидек таъминотчи ва истеъмолчи ҳуқуқи билан бирга масъулиятини ҳам ҳис қилиши лозим. Шундагина бугунги ислоҳотларнинг эртанги натижаси кафолатланади. Янгидан-янги тузилмаларга эҳтиёж қолмайди.
«Mahalla» мухбири
Садоқат МАХСУМОВА ёзиб олди.