June 16, 2020

Зулфиқор МУСОҚОВ: «Санъат билан бизнес деган тушунча ҳеч қачон бирга бўлмайди»

Фото: protoday

Ҳаёт — катта саҳна, унда кучи, қобилияти ва ўз қараши бўлган кишигина яшаб қолади. Кимдир қилган яхшиликлари билан, яна кимдир ўлмас ижод намуналари билан.

Болалигимизда мароқ билан томоша қилганимиз «Абдуллажон»ни бугун ҳам худди шундай завқ билан кўрамиз. «Кичкина табиб»нинг хатти-ҳаракатларидан ҳайратга тушамиз, қўлидан кўп иш келишига дилдан ишонамиз. «Осмондаги болалар»ни минг марта кўрсак-да, у бошланиши билан ишларни бир четга йиғиштирамиз. «Ватан»да эса кўз ёш, севинч ва қайғусиз мароқни ҳис этмаймиз.

Нега? Чунки уларда халқчиллик, бадиий дид, топилмалар савияси ниҳоятда юқори. Томошабин бир зум бўлсин, ундан кўзию хаёлини узгиси, воқеалар тизгинидан четга чиқиб қолгиси келмайди. Шунинг учун у ижодкорнинг янги фильмлари интиқ кутилади. Топдингиз, гап ўзбек миллий кинемотографиясида ўз дасхатига (уни кимдир минг ўрганмасин, такрорлай олмайди) эга бўлган, ҳақиқатни рўй-рост айта оладиган Зулфиқор Мусоқов ҳақида кетяпти. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» билан кечган суҳбатимиз жуда қизиқарли бўлди.

Хориж киноларимизни тан оляпти

— Ижодий гуруҳимиз доим 34 ярим миллион кишилик халқимизга тушунарли, юрагидан жой оладиган асарлар яратишга ҳаракат қилган. Ҳозир бу ҳақда гапиришга ҳаққимиз бор. Вақт ҳамма нарсани ўз жойига қўйди. Бахтимиз шундаки, хорижда фильмларимиз тан олинди: АҚШ, Япония ва Германияда ҳам томошабинларга манзур бўлди.

Кинонинг вазифаси, бу—...

— Ҳам тарғибот, ҳам тарбия, ҳам эстетик завқ бахш этиш. Даромад келтиришига умуман қаршиман. Қанақасига даромад манбаи бўлади? Шундай катта мамлакатда атиги 61 та кинотеатр бўлса, боз устига, уларнинг ярми яроқсиз. Солиштириш учун айтаман: шу пайтнинг ўзида биргина Тошкентда 143 та ҳашаматли тўйхона бор.

Бу борада энг ўринли фикрни Президентимиз айтган: «Кино соҳасининг аҳамияти Мудофаа вазирлиги билан тенг, баъзида эса ундан ҳам муҳимроқ», «Санъат билан бизнес, деган тушунча ҳеч қачон бирга бўлмайди».

Ўзбекистонда Оскар қўмитаси нима учун тузилган?

— Бир неча йил олдин Жанубий Америкадаги бир кичик давлат раҳбари ватандош режиссёри Оскар номзодлигига, фақатгина «шорт-листи»га киргани учун аэропортда тантанали равишда кутиб олган. Сабаби, шу мамлакатнинг номи оз бўлса-да, дунёга танилди.

Очиғи, бошида Оскар қўмитаси таркибидан норози бўлганман. Бир мажлисда «ҳали вақт бор», шу қўмитада фақат бошлиқ ва бошлиқчалар эмас, халқимиз меҳрини қозонган 35 нафар буюк киночи ва маданият дарғаларини кўшайлик, деб аниқ рўйхатини ўқиб бергандим. Бироқ таклифимни эшитмаганга олишди.

Дунё тажрибасида Оскар қўмитаси аъзолари барча киночиларнинг умумий йиғилишида кино санъатига улкан ҳисса кўшган инсонлардан, фақат ёпиқ овоз бериш йўли билан тайинланади. Бизда ўша қўмитани ким сайлаган? Миллий киномизга қандай улкан ҳисса қўшган ўша еттита одам?

Пандемия даврида кино

— Карантин пайтида киночилар барча телеканалларда янги фильмлар намойишини ўтказиб, аҳолининг уйда қолишига катта ҳисса қўшди. Мингта тарғибот тадбирларидан кўра, шу фильмлар одамларни уйда ушлаб туришга хизмат қилди. Ваҳоланки, дунёда ҳар бир намойиш учун киночиларга пул тўланади. Чунки фильм намойиши пайтида телеканаллар рекламадан қанча даромад олади.

Муаммонинг оддий ечими

— Ўзбекистонда актёрларга тўланадиган ҳақ кам, деган қараш бор. Бу бир кунда ҳал қилинадиган масала. «ЎЗБЕККИНО» СТАВКАЛАРНИ ОШИРИШИ КЕРАК!

Ўзбек киносида кадрлар танқисми?

— Бу муҳим масалага давлат томонидан жуда катта амалий ёрдам кўрсатиляпти. Санъат институтида кино мутахассислари тайёрланяпти, «Ўзбеккино»да лаборатория очилган, грантлар бериляпти. Муаммо бошқа нарсада: ёшлар турлича — камтарин ёки манман, дилетант, бир кунлик шон-шуҳрат ёки бировнинг пулига тезроқ танилишга интиладиганлар. Бу мавҳум йўлда очиқчасига лаганбардорлик, маддоҳлик қиладиган, миясида ҳеч нарса йўқ ёшлардан, очиғини айтсам, ҳазар қиламан. Улар тантанали тадбирлар ўтказиб, ўзига ўзи бош совринларни топшириш билан овора. ОАВлар ҳам уларни «юлдузлар» деб мақтовларга кўмишган.

Назаримда, камтарин, тиришқоқ, билимга ташна, профессионализмга интилганларни доим қўллаб-қувватлаш керак. Улар ўша Каннга бориб, ўзбекларни шарманда қилишмайди, тинч ижод билан банд. Агар ҳозирги раҳбарият айнан шу интилувчан ёшларга камроқ «презентация»лар билан овора бўлмаса, киномиз фақат ютади.

Ижоддаги янгиликлар ҳақида

Айни пайтда янги «Алвидо, сценарист» номли фантастик притча (масал) фильми устида ишлаяпмиз. Кейин минглаб томошабинлар илтимосига кўра, «Осмондаги болалар — 3: ердаги эркаклар» фильми сценарийсини ёзяпман. Иккинчи фильм — «Жексон ва унинг набираси» лойиҳасини эса Бадиий кенгашга топширдик.

— Фильмларни интиқ кутамиз. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!

Садоқат МАХСУМОВА

суҳбатлашди.


Телеграм: @mahalladosh_uz