Карантинда ижтимоий ҳимоя қандай таъминланади?
Сўнгги вақтларда таҳририятимизга аҳолидан кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш тартибига оид кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Айниқса, пандемия шароитида ижтимоий ёрдамнинг бундай турига бўлган талаб янада ошди. Таъкидлаш керак, айни шу шароитда соҳага оид қонунчиликка ўзгартиришлар киритилиб, нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш тартиби бирмунча соддалаштирилди.
Хўш, улар нималардан иборат? Янги тартиб аҳолига қандай қулайликлар яратади? Пандемия даврида ижтимоий ҳимоя қанчалик кучайтирилади? Айни саволларга жавоб топиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Элмурод ҚАРШИЕВга мурожаат қилдик.
Нафақа тайинлашда оила таркибига кимлар киритилмайди?
— Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 майдаги қарори билан «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом»га тегишли тузатишлар киритилди, — дейди Э.Қаршиев. — Фармонда оилаларнинг ижтимоий нафақа олишга муҳтожлигини баҳолаш тартиб-таомилларини соддалаштириш, тақдим этиладиган ҳужжатлар турини камайтириш, алоҳида трансфертларни оиланинг жами даромадларидан чиқариб ташлаш вазифалари топширилган эди. Ҳукумат томонидан бу борада қатор чоралар қабул қилинди.
Жумладан, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланадиган оиланинг ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик жами даромади миқдори ўзгартирилди. Энди у ўртача ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори(МҲЭКМ)нинг (ҳозирда бу сумма 679 330 сўмни ташкил этади) 52,7 фоизидан кўп бўлмаслиги керак (мурожаат қилинган ойдан олдинги охирги 3 ой учун). Илгари бу миқдор ЭКИҲнинг 1,5 баробаридан ортиқ бўлмаслиги талаб этиларди.
Ҳужжат билан эндиликда нафақа ва моддий ёрдам олиш учун бир оила таркибига улар билан биргаликда яшайдиган болаларнинг боболари-бувилари ҳамда ота-оналари (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар киритилмаслиги белгилаб қўйилди.
Оила даромади энди қандай ҳисобланади?
Янги ўзгартиришларга кўра, бундан буён ўртача ойлик жами даромад қийматини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромади турлари ҳам соддалаштирилди.
Унга мувофиқ, эндиликда ногиронлиги бўйича нафақа, боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақаси (ҳар бир боқимандага), болаликдан ногирон бўлган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа, 16 ёшгача бўлган ногирон болалар ва 18 ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга нафақа, Пенсия жамғармаси орқали бериладиган бола туғилганлиги ҳамда дафн этиш маросими учун бир йўла тўланадиган нафақалар оила аъзолари томонидан олинган даромадлар сирасига киритилмайди.
Яна бир жиҳат — оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосининг ўртача ойлик даромадлари тўғрисида тақдим этилган маълумотларда даромад суммаси кўрсатилмаган ёки нормативдан паст кўрсатилган ҳолларда қўлланиладиган оиланинг ўртача ойлик жами даромадини ҳисоблаш қоидасига тузатиш киритилди. Энди ушбу норматив МҲЭКМнинг 87,9 фоизига тенг (илгари бу миқдор ЭКИҲнинг 2,5 баробарига тенг эди) ва ҳисоб-китобда айнан шу кўрсаткич қабул қилинади.
Бундан ташқари, ушбу қоида татбиқ этилмайдиган шахслар тоифаси рўйхати ҳам кенгайтирилди. Рўйхатга нафақа олувчилар (пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қариялар ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқаролар, болаликдан ногиронлиги мавжуд шахсларнинг оналари, болаликдан ногиронлиги мавжуд шахслар, ОИВ инфекциясига чалинган шахслар, шунингдек, I ёки II гуруҳ ногиронлиги мавжуд шахслар), ўзганинг парваришига муҳтож бўлган оила аъзосини парвариш қилаётганлар, туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган фуқаролар қўшилди.
Бепул бериладиган товарлар рўйхати янгиланди
Низомга МҲЭКМ жорий этилиши муносабати билан Оиланинг шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалиги юритишдан оладиган норматив даромадини ҳисоблаш методикасига ҳам тузатишлар киритилди. Яъни эндиликда шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинадиган норматив даромад ушбу хўжаликни юритиш учун фойдаланиладиган сотихлар сонини МҲЭКМнинг 0,035 миқдорига кўпайтириш йўли билан аниқланади (илгари МҲЭКМнинг 0,071 миқдорига кўпайтириб аниқланган).
Янада соддароқ тушунтирадиган бўлсак, мисол учун: оилада деҳқон хўжалиги юритиш учун 10 сотих ер участкаси мавжуд. Норматив даромадни аниқлаш ойида МҲЭКМ
679 330 сўмни ташкил этади. Оиланинг шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалиги юритишдан оладиган ўртача ойлик норматив даромади: 10 сотих х 0,035 х 679 330 сўм = 237 766 сўмни ташкил этади.
Шунингдек, қарор билан карантин тадбирлари амал қилиш даврида қўшимча равишда Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг рўйхати бир марта ишлатиладиган стерил ниқоб, стерил қўлқоплар, суюқ ёки гель ҳолидаги антисептик, антибактериал совун каби маҳсулотлар қўшилди.
С.ИСМАТОВ тайёрлади.
Телеграм: @mahalladosh_uz