Мусахон НУРМАТОВ: «Кечаги гапни кеча айтдик, бугун янги гап керак»
Куй-қўшиқ илоҳий қудратга эга. У йиғлаб турган одамни кулдиради, беморни оёққа турғазади. Маромига етазиб ижро этилган куй-қўшиқнинг сеҳру жозибаси, умрбоқийлиги ҳам шунда.
Фарғона фарзанди, иқтидорли бастакор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мусахон Нурматов ижодий фаолиятида эса бундай қўшиқлар талайгина. Фурсатдан фойдаланиб, ижодкор билан бастакорлик соҳасининг ўзига хос жиҳатлари, ютуқ ва муаммолари хусусида суҳбатлашдик.
Ҳар қандай ишнинг аввали мутолаа бўлиши лозим
— Онам тил ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлгани учун оилада китоб мутолаасига алоҳида эътибор билан қаралган. Қолаверса, ўзлари китоб ўқишда биз, фарзандларга доимо ибрат бўлган. Шу боис ҳам улар ҳар бир сўз ва оҳангни тингловчига ўзига хос тарзда етказиб бера оларди.
Онам ўқиган эртаклар, ҳикоя ва шеърлардан таъсирланиб, тунни тонгга улаган, китобдаги қаҳрамонлар билан ғойибона суҳбатлашган дамларим кўп бўлган. Ана шу оҳанглар сеҳри билан улғайганим сабабли болаликдан мусиқа, қўшиқ яратишга меҳр қўйганман. Демоқчиманки, санъат оламига кириб келишимда оиладаги китобхонликнинг алоҳида ўрни бор. Ҳозир ҳам вақт топдим, дегунча китоб мутолаа қиламан. У менга ижодий куч- қувват бағишлаб, янги ғоялар сари ундайди.
Бастакор учун кўпроқ нима муҳим?
— Куй басталаб, қўшиқ яратаётган ижодкор аруз вазни, яъни шеъриятнинг усули, ритми билан яхши таниш бўлиши керак. Бу бастакорликда муҳим ҳисобланади. Шеърда айтилаётган ғоя ва мақсадларни билиш, уни қидириб топиш, бастакорнинг меҳнати, маҳоратига боғлиқ. Шу боисдан бу касб эгаси кўпқиррали бўлиши зарур. Аввало, у яхши шеър ва унга мос оҳангни илғаб олиши учун шеърият, адабиёт билан яхши таниш бўлиши шарт. Чунки куй яратаётган бастакор ўзидан кўп нарса қўшмайди, аксинча танлаган шеъридаги мавжуд усулларни илғаб, ривожлантиради. Ана шунда умрбоқий қўшиқлар яратилади ва бу ижод маҳсули мухлислар меҳрини қозонади.
Яратилган куй ва қўшиқлар сотиладими?
— Яратилган ҳар бир куй, қўшиққа бастакорнинг ижод маҳсули, мулки сифатида қаралади. Бундай ижодкорларнинг ўзига хос ҳаёт тарзи, оиласи, рўзғори бор. Лекин бир қўшиқнинг баҳоси фалон пул деб нарх белгилаб бўлмайди. Кўп пул берилса, яхши куй, қўшиқ ёзиш ёки оз пулга ёмон куй яратиш деган қарашларга қаршиман. Яратилган ҳар бир асар ижодкор учун жуда қадрли — унинг баҳоси йўқ. Уни пул, бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Лекин ижодкорнинг ижодий изланишларининг маҳсулидан барча баҳраманд бўлиши керак ва шарт. Бунда яхши ижрочиларнинг маҳорати, меҳнати, ҳамжиҳатлиги муҳим роль ўйнайди. Буни ижодий ҳамкорлик, десак тўғри бўлади. Қўшиқлар пулга сотилмайди, унинг асл баҳосини мухлислар беради.
Ўзи куй басталаб қўшиқ айтаётганлар бор
— Аслида ҳар қандай санъат тақлиддан бошланади. Айримлар буни ижодининг охиригача олиб боради, кимдир эса ўз йўли, услубини топиб, ижод қилади. Лекин улар орасида ҳам истеъдодлилари чиқиб қолаётганини инкор этмаслик керак. Шу боис улар фаолиятини чегаралаб бўлмайди. Лекин бастакорликка шунчаки ҳаваскор сифатида ёндашиб бўлмайди. Бастакор қўшиқчиликнинг барча жанрлари, услубларидан яхши хабардор бўлиши зарур. Хусусан, мақом, катта ашула, замонавий эстрада йўналишларини мукаммал билмай туриб, бу ишга қўл уриб бўлмайди. Чунки тингловчи ҳамиша яхши ва мукаммал асарларни талаб қилади. Уларни зўрма-зўраки, ҳеч қандай маъно-мазмунга эга бўлмаган бир лаҳзалик асарлар билан овунтириб бўлмайди. Ҳар қандай асарни яхши ёки ёмонга ажрата оладиган синчков тингловчилар бор. Шу боис яратилаётган ҳар бир куй-қўшиқнинг ўзига хос талабларини унутмаслик керак. Бу – миллат, туғилиб ўсган она Ватан, ўлмас ва умрбоқий қадриятларни эъзозлай олиш билан баҳоланади. Ана шу жиҳатларни билмаслик, эътибор бермасдан ижод қилишдан ҳеч қандай маъно йўқ.
Бастакорлик ишида созанданинг ўрни қанчалик муҳим?
— Бастакорлик шундай бир ишки, унда шеърдан тортиб, созанда, ижрочи, ҳатто, мухлисларга боғлиқ жиҳатлар бор. Шу боис уларнинг бирини муҳим деб бўлмайди. Ана шу омилларнинг ўзаро ҳамоҳанглигида бир бутун асар юзага келади. Баъзан яратилган куй ва қўшиқларнинг қандай бўлганини бастакорнинг ўзи ҳам дарров англолмайди. Ана шунда мухлисларнинг олқиши, қўллаб- қувватлашлари бу асарни оммалаштириб юборади. Демак, мухлис қадр-қимматини ҳамма вақт жойига қўйиб, ана ундан сўнг иш олиб бориш керак. Агар томошабин бу ишда бепарво бўлса, ҳар қандай зўр асар «ўлади». Шу боис бастакор оддий халқ ҳаёт кечинмалари билан уйғун ҳолда яшаши керак. Хусусан, бугунги коронавирус пандемияси шароитида кенг халқ оммасини қўллаб-қувватлаш, уларни руҳлантириш, кўнглини кўтариш муҳим амаллардан эканлигини унутмаган ҳолда ижод қиляпмиз, изланяпмиз.
Устоз ва бугунги ёшлар ҳақида
— Ижод аҳлининг устозлари кўп бўлади. Баъзиларининг исмини эслай олмасанг-да, уларнинг йўли, оҳанги қалб қўринг, қулоқларинг остида ҳамиша жаранглаб туради, сенга руҳан далда бўлади. Чунки санъатнинг саройи кенг – унга кириб-чиқувчи йўллар, эшиклар кўп.
Ёшлар қай соҳада бўлмасин, ҳар доим илдам ва илғор бўлишга ҳаракат қилиб келган. Лекин бу ҳаракатларнинг пойдевори устоз ўгит ва маслаҳатлари билан мустаҳкамланиб боради. Абдуҳошим Исмоилов, Ғуломжон Ёқубов, Хайрулла Лутфуллаев сингари санъаткорларнинг бастакорлик, қўшиқ яратиш борасидаги билим ва тафаккурлари, талаблари ана шу пойдеворнинг ишончли устунлари бўлиб хизмат қилади.
Жалолиддин Румийнинг бир гапи бор: «Кечаги гапни кеча айтдик, бугун янги гап керак». Демак, ҳаёт бардавомлиги, қувонч- шодликлари ҳар куни янгиланиб, сайқалланиб бораётган экан, бастакорлик санъати ҳам ана шу тараққиёт йўлига ҳамоҳанг тарзда ривожланиб бораверади.
«Маhalla» мухбири
Расул КАМОЛ ёзиб олди.
Телеграм: @mahalladosh_uz